Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№11 дан: 10.03.2011

ТАРИХДАГИ МАШҲУР АЁЛЛАР

ЗЕБУННИСО БЕГИМ

Зебуннисо бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодларидан, Абу Зафар Муҳиддин Муҳаммад Аврангзеб (тахтбезаги) Оламгирнинг қизи, таниқли шоира ва маърифатпарвар инсон бўлган.Унинг онаси Дилрасобону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, Бобурнинг Гулбаданбегим исмли қизига бориб туташади. Зебуннисо бегим 1639 йилнинг февраль ойида Деҳлида туғғилган.

Зебуннисо бегим ўз замонасининг фозила аёлларидан бири Ҳафиза Марям Бону қўлида савод чиқарган. Отаси Зебуннисонинг шоирлик истеъдодини пайқаб, унга ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Саид Ашраф Исфахоний ва Мулла Жевонни муаллим қилиб тайинлайди. Зебуннисо устозлари таъсирида нафақат шоира, балки, етук олима, уста танбур чертувчи-созанда ва хаттот бўлиб етишади. У ўзбек, араб, форс тилларининг сарфу наҳв (морфология ва синтаксис)ини, фиқҳ (қонуншунослик), мантиқ, фалсафа, тарих фанларини пухта ўзлаштиради. қуръонни бир неча маротаба ҳуснихатда кўчирган ва ёддан қироат билан ўқиган. Араб ва форс тилларини чуқур ўрганиб, шу тилларда ҳам ижод қилган. Хусрав Деҳлавий, Навоий ва Бобур асарларини синчиклаб ўрганган.

Ҳиндистон олимлари, шоирлари ва санъат аҳлларига кўп ғғамхўрликлар қилиб, уларга ҳомийлик кўрсатган. Ўша замоннинг кўп олимлари Зебуннисодан маош олар эдилар. Шу сабабли, тарихчилар унга юксак баҳо бериб, "Олами Ислом" тазкирасида Зебуннисо бегим отаси ҳукмдорлик билан қозонолмаган шуҳратни илм ва одоб билан қозонган, дея фикр билдирган.

Зебуннисо кўплаб истеъдодли шо- гирдлар тарбиялаган. Шарқнинг машҳур шоири Мирзо Абдуқодир Бедил ўз қизини Зебуннисо бегим тарбиясига топширган. Натижада у шоира даражасига етишган.

Шоира ижодининг шаклланиши ва камолга етишида адабий муҳитнинг таъсири кучли бўлган. Акаси Аъзамшоҳнинг адабиётга қизиқиши, уйида бўлиб турадиган мушоиралар унда шеъриятга ҳавас уйғғотади. Етук шоир ва олимлар билан танишиш, мушоиралар шоира ижодига барҳаётлик бағғишлади.

Зебуннисо мураккаб, зиддиятли бир даврда яшаб, ижод этди. Мамлакатдаги нотинч ҳаёт, салтанат учун курашнинг авж олиши шоира дунёқарашини тубдан ўзгартирди. Зебуннисо ижодида ижтимоий-фалсафий фикрлар чуқурроқ илдиз ота бошлади. У шеърларида табиат тасвири орқали инсоннинг орзу-умидларини, адолат ва ҳақиқатни куйлади. Тўғғриликни, софдилликни тарғғиб қилди, алдамчи, фирибгарлардан нафратланди. Зебуннисо ижодининг кўп қирралари Бедил фалсафасига ҳамоҳанг. Шоира инсоннинг гўзаллиги унинг фойдали ишида, меҳнатида, қадр-қиммати унинг мақсадида деб билади.

Зебуннисонинг асосий машғғулоти шеърият, мусиқа, илм бўлган. У бутун ҳузур-ҳаловатини, тақдир ва бахтни, кишилар орзу қилган жаннатни китобда - илмда деб билган.

1922 йилда чоп этилган "қобул" журналининг 10-сонида Зебуннисо бегим ҳақида шундай маълумот учрайди. "Зебуннисо бегимнинг чиройли бир девони бўлган. Яна тасаввуф фалсафасига оид "Мунис ул-арвоҳ" асари ҳам бор. Тафсир соҳасида 769 варақни "Зеб ат-тафсир" ("Гўзал тафсирлар")ни ёзди. Бундан ташқари, илоҳиётга доир "Зеб ан-нашаот" номли асар ёзиб, уни устози хотирасига бағғишлаган. Ҳиндистон мусулмонлари орасида муҳим дастуриламал бўлиб қолган. "Фатавойи оламгирий" ("Шариат қонунлари мажмуаси") асарини форс тилига таржима ҳам қилдирган. Кўриниб турибдики, Зебуннисо бегим ўз замонасининг оқила ва зукко қизи, ўша муҳитнинг баркамол зиёлиси эди.

Шоиранинг шеърий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган. 8000 мисрали бир девони (ғғазаллари) етти қасидаси, беш таржеъбанд ва бир мухаммасигина сақланиб қолган. Зебуннисо асарлари қўлёзмаси дунёдаги кўпгина кутубхоналарда, шу жумладан, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади.

Зебуннисо бегимнинг ҳаёт йўли қизиқарли воқеаларга бой. Унинг насли ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам Бобур подшоҳга бориб туташади. Демак, у шоҳ қизи, боз устига ақл ва идрокда тенгсиз, юксак шеърий истеъдод соҳибаси, назм мулкининг маликаси, маликалар ичра гўзали...

Зебуннисо бегим ҳусну латофат ва малоҳатда беназир, фазилатда беқиёс бўлиб, 63 йиллик умри давомида ўзига муносиб, ҳамдард ёр топа олмади. У 1702 йилда Деҳлида вафот этди. У Деҳлидаги "Зарзарий" қабристонига амир Ҳусрав Деҳлавий ёнига дафн қилинган.

Гулузро АШУРОВА,

АДУ қошидаги 5-академик лицей ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди