Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 07.04.2011

МУҲАББАТ ҚАРИМАЙДИ

БАЛЬЗАК МУҲАББАТИНИ БОЙЛАГАН БИР ТОЛА СОЧ

"Сизни соғғинаман, ҳар кун, ҳар соатда. Шу сабаб сизни учратганимдан, суратингизни қалбимга муҳрлаганимдан буён портретингизни сўраб олмоқчи бўлиб юрар эдим. Аммо бунга журъат қилмадим. Ўзингизни ҳақоратланган сезиб, мендан ранжиб қолишингиздан қўрқдим".

Буюк француз адиби, юзлаб ишқий асарлар муаллифи Онорэ де Бальзак суюклисига ушбу мактубни қирқ ёшларга бориб қолганда битганди. У адабиёт осмонидаги порлоқ юлдузлардан бири эди.

Ўртаҳол оилада туғғилган Бальзакнинг ҳаёти машаққатли меҳнат ва муҳтожликда ўтди. Шоирликни ҳавас қилган Онорэнинг илк шеърий драмасини ўқиган ота-онаси ундан шоир чиқмаслигини ва бу ишни йиғғиштиришини айтишади. Сўнг у матбаа соҳасига ўзини уради. Бу гал ҳам иши юришмайди. Ноилож қолган Онорэ ёзувчиликда бахтини синайди. 1829 йилда дастлабки романи босилгач, у ҳаётини адабиётга бахшида этди.

Адиб ўттиз тўрт ёшида польяк аслзодаларидан бўлган Ева Ганская хоним билан хат орқали танишиб қолади. Улар узоқ йиллар бир-бирларига мактуб ёзиб юришади. Ниҳоят, кутилган висол дамлари орадан етти йил ўтгач, Петербургда содир бўлди. Нева дарёси соҳилларида соатлаб ўтказилган суҳбатлар, ойдин тунлардаги дил изҳорлари пировардида улар бир-бирларисиз яшай олмасликларини англаб етишларига сабаб бўлади. Бироқ уларнинг бирга бўлишлари учун маълум тўсиқлар бор эди. Шу боис, икки қалб бир-бирига талпинган ҳолда бошқа-бошқа шаҳарларда ҳижронда яшайди. Улар фақат мактублар орқалигина дийдорлашар эдилар.

Орадан ўн йил ўтади. Ўн йил! Бу узун ҳижрон йиллари улар муҳаббатининг қаддини эгмайди, эскиртирмайди. Аксинча, у яна-да мустаҳкамланади, чиниқади.

1850 йилда адиб эллик ёшга тўлган вақтда Ганская хонимнинг эри вафот этади. Шундан сўнг улар Бердичев шаҳрида қонуний никоҳдан ўтадилар. Ниҳоят, севишганлар ўз бахтлари оғғушида яшай бошлайди. Лекин севги қудратининг бу тантанаси узоққа бормайди. Эртадан кечгача қилинган тинимсиз меҳнат, оғғир ҳаёт адибнинг бақувват қаддини эгиб қўйган эди. Бальзак ва Ганская хоним турмуш қурганларидан сўнг бир неча ой ўтгач, адиб ҳаётдан кўз юмади.

Онорэ де Бальзак буюк адиб, эҳтиросли қалб соҳиби эди. У бутун умр Ганскаяни худди ёш йигитлардек севди. Унинг висолига талпинди.

Буни адибнинг Ганская хонимга ёзган хатлари ҳам исботлайди:

"Кеча оқшом хатларингизни қайта-қайта ўқир эканман, фақат Сизгина мени тушунасиз, ҳаётимни англай оласиз, деган фикрга келдим.

Сиз сочимнинг толасини жўнатишимни сўрабсиз. Ҳозир уни ўстиряпман. Баъзилар "нега ундай қиляпсан?" деб мендан кулишмоқда. Соч ўссин, сўнг жўнатаман. Ундан Сиз билакузук ёки занжир ясаб олишингизни хоҳлайман.

...Эсингиздами, Сизга агар мени йигирма етти ёшли аёл севиб қолса, ўзимни энг бахтиёр инсон, деб ҳисоблардим, дегандим. Уни ёшимиздаги тафовутлар оқибатида юз бериши мумкин бўлган ҳижронлардан, машаққатлардан қўрқмай худди ёш болалардай севган бўлардим. Сиз фариштагинам, бу орзуларимни рўёбга чиқаргайсиз...

Париж. 1833 йил,

9 сентябрь".

* * *

"Уйга келсам, сендан хат келибди. О, қалбим, мен бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Сен қаҳрлигимсан! Сен менинг ҳақимда ёмон фикрларга борасан. Портретингни бўйнимга осиб юриш мақсадида сочинг толасидан занжир тўқиб олиш учун сўраган эдим, холос.

Суратингни ишлатмоқчи бўлсанг, кичикроқ қилиб тайёрлатгин. Назаримда, Женевада яхши рассомлар бор. Улар уни юпқа медальонга жойлаштириб беришсин...

Азизим, севимли Момо Ҳавойим, сен туфайли ҳаётимда янги саҳифа очилди. Ниҳоят, қалбларимиз ҳам бирлашди...

Сен ўтган якшанба куни тил билан эмас, балки фақат нигоҳим билан айта олишим мумкин бўлган сўзларни айтишимни хоҳладинг. Мен эса фикрларимни қалбимдан қалбингга етказишни истардим, холос...

Париж. 1833 йил,

6 октябрь".

"Муҳаббат шароби"

китоби асосида

У.АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди