Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 28.04.2011

Бугуннинг гапи

АВТОБУС - ШАҲАР КЎРКИ

Ҳали-ҳали ёдимда. Ўқувчилик пайтимизда шаҳримиз кўчаларида узун-узун сариқ, кўк рангдаги автобуслар юрарди. Олд ойнасига "8", "1", "14" рақами ёзилган автобуслар бекатлар оралиғида юриб, ишга, ўқишга шошаётган йўловчиларнинг узоғини яқин қиларди.

Лекин нима бўлди-ю, улар бора-бора камайиб, охири йўқ бўлиб кетди. Эҳтимол, талабга жавоб бермай қолгандир, эҳтимол, замонавийлиги йўқолгандир. Уларнинг ўрнини "Дамас"лар эгаллади. Тўғри, улар автобусларнинг йўқлигини билинтирмади, шаҳарликларга яхши хизмат қилди, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам хизмат қилади. Бу аҳоли учун катта қулайликдир.

Аммо кейинги пайтда "Дамас"лар шу қадар кўпайиб кетдики, натижада қатор муаммолар юзага келди. "Дамас"ларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликлари, гувоҳномасиз ёки спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рулни бошқариши, тартиббузарликларнинг кўпайиши-ю автоҳалокатларнинг ошиши буларга мисолдир. Айниқса, уларнинг кира ҳақини меъёрдан ошириб юбориши, кўнгилни ранжитади, албатта.

Шу ўринда ҳукуматимиз томонидан давлат ислоҳотларини бажариш бўйича чиқарилаётган қарорларнинг ижроси аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати савиясини кўтаришда муҳим роль ўйнамоқда. Яқинда шаҳарликларга қулайлик яратиш мақсадида бир қатор йўналишларга автобуслар қўйилди. Улар белгиланган режа бўйича ҳаракат қилмоқда.

Йўл ҳақи ҳам меъёрида. Уч юз сўм. Шаҳар аҳолисини автобуслар ўз манзилларига етказмоқда. Ойликчилар қоронғида нархи ошиб кетган "Дамас" ҳайдовчиси билан гап талашмайди, мактаб ўқувчилари ўтган-кетган "Дамас"га мўлтираб, "Олиб кетинг" дегандай майда пулини ҳавода байроқдай хилпиратмайди. Катта шоҳкўчаларда "Дамас"лар пойгаси бўлмайди.

Келинг, яхшиси бу ҳақда ўзимизча хулоса чиқармайлиг-у, бу янгиликдан бохабар бўлган турли ёшдаги, турли касб эгалари - ҳамшаҳарларимизни суҳбатга чорлайлик.

Мухторжон УМАРҚУЛОВ, узоқ йиллик ҳайдовчи:

- Мен салкам ўттиз йилдан бери автобус ҳайдайман. Асосий касбим шу. Сочим шу соҳада оқарди. Лекин узоқ йиллик иш тажрибамдан шуни англаб етдимки, автобус ҳайдайдиган одам энг аввало, ўзини, оиласини, қолаверса, йўловчиларни ўйлаши керак экан. Автобус ўриндиғида ўтириб хаёлга берилиш, телефонда гаплашиш, спиртли ичимлик ичиш нафақат ўз оиласи хотиржамлигини бузади, балки турли юмуш билан йўлга отланган йўловчиларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Мен "Дамас"чиларни ёмон демайман. Улар орасида ҳам ёши улуғ, тажрибали, мулоҳазали ҳайдовчилар бор. Лекин аксарият "Дамас"чиларнинг ёшлиги, қизиққонлиги, бу соҳада ўқимаганлиги йўлларда салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Шаҳримизга автобусларнинг келгани яхши бўлди. Мен бу гапни автобус ҳайдовчиси бўлганим учун эмас, балки одамлар ҳаёти хавфсизлигини ўйлаб гапиряпман. Яна шуни ҳам айтишим мумкинки, ўша автобусларни ёш йигитлар ҳам бошқариши мумкин. Фақатгина уларнинг билими талаб даражасида бўлса... Чунки биз ҳам ҳадемай нафақага чиқамиз. Ўрнимизни эса, албатта, ёшлар эгаллашлари шарт.

Шомурод МАМЕТОВ, йўловчи:

- Бугун мен учун яхши кун бўлди. Чунки ишга "Дамас"да эмас, янги автобусда бордим. Уч юз сўм тўладим. Бу бизга ўхшаган ойликчилар учун айни муддао-ку! Чунки ойликчи одам ҳар бир сўмини ўйлаб сарф қилади. Йўлкирага, тушликка, бозор-ўчарга... Яқингача ҳам ишдан бироз кеч қолсак, "Дамас"лар йўл ҳақини кескин ошириб юборарди. 500, 600, 700... Бу нарх ҳар куни ишга қатновчи одамга оғирлик қилади, албатта.

Айниқса, бозор кунлари "Жаҳон бозори" га саккиз юз сўмдан юраётгани-чи? Ўйлаб кўринг, "Жаҳон бозори" шаҳар ичида бўла туриб, шунча қиммат бўладими? Яқинда "Жаҳон бозори"дан "Да- мас"га ўтирдим. Ичига "500" деб ёзиб қўйибди. Йўловчилардан бири "Ука, янги бозоргача беш юзми?" деб сўради-ю, балога қолди.

Ёш ҳайдовчи орқасига ўгирилиб, аёлни жеркиб берди:

- Эсингиз жойидами? Янгибозоргача саккиз юз. Эски шаҳаргача ўзи беш юз бўляпти-ю...

Аёл халтасини кўтариб, секин тушиб кетди.

Мен Навоий проспектида тушаётиб, беш юз узатдим. Ҳайдовчи эса уялмай "Яна" деди-ю, нақд саккиз юз сўм пул олди. Бу қанақаси? Эшитишимча, баъзан бозор кунлари транспорт камайиб қолса, "Дамас"чилар нархни "Жаҳон бозори"га минг, бир ярим минг сўм ҳам қилиб юришибди. Ўғри бўл, инсофли бўл, дейишади. Барака озида, одамнинг розилигида эмасми?

Ойбек ҚУРБОНОВ, "Дамас" ҳайдовчиси:

- Тўғрисини айтсам, ўзим шаҳарликман. Шаҳарда катта бўлганимгами, йўлларни яхши биламан. Бекор юрмай, деб ижарага "Дамас" олиб минаётгандим. Машина минишни тоғамдан ўрганганман. "Минса бўларкан" дедим-у, "33" йўналиши бўйлаб юра бошладим. Яширмайман, йўл ҳаракати қоидаларини бузган пайтларим кўп бўлган. Бир неча марта автоҳалокатга учрашимга ҳам оз қолди. Лекин бари бир машинани ҳайдайвердим. Чунки тирикчилик қараб турармиди...Ҳужжат олиш учун пул, ўқиш учун вақт керак-ку!

Шаҳримизга автобус келишини эшитиб, тинчим бузилди. Ишонсангиз, уч кунгача ухлолмай чиқдим. Ахир, автобус келса, менинг тирикчилигим нима бўлади? Мен-ку майли, хушини йўқотган "Дамас"чи ҳамкасбларимни ҳам эшитдим. Аслида мен жуда осон йўлни танлаб, хато қилган эканман. Биринчи навбатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишим керак эди.

Энди ўша хатоимни тузатмоқчиман. Шу соҳага мукаммал ўқиб, биринчи навбатда йўловчи хавфсизлигини таъминлашим керак бўлади. Ахир, улар ҳам бегона эмас, бири опам, бири акам, яна бири укам...Илгари пулнинг ортидан қувиб, бу нарсага бефарқ бўлган эканман.

Ҳа, бу автобусларнинг шаҳримизга "ташрифи кимларнидир қувонтирди, яна кимларнидир ўйга толдириб қўйгани, шубҳасиз. Суҳбатдошларимизнинг куюнганларича бор. Инсоннинг ҳаёти, қадри, қиммати пул билан ўлчанмайди. Балки бир-бирларига бўлган меҳр, оқибат, садоқат билан ўлчанади.

Кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳримизнинг кенг, равон кўчаларида автобусларнинг бир меъёрда қатнаб туриши шубҳасиз, шаҳар кўркига-кўрк қўшади.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди