Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 28.04.2011

ИСЛОМ ДИНИДА АТРОФ-МУҲИТ

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, руҳ билан бирга ақл-идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади.

Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофазаси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга катта эътибор берилган. Наботот олами Аллоҳ таолонинг инсонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Қуръони Каримда шундай баён қилинган: "Инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин-чи! Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон-дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-чева-ю, ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!" (Абаса, 24-32).

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтаради. Қуръони Каримда: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!" - дейилган (Бақара сураси, 205-оят).

Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлик учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар", - деганлар. (Абу Довуд ривояти).

Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган моддий бойликларни яратиб қўйган. Она-табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизнинг озода бўлишига, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: "Аллоҳ таоло барча нуқсонлардан муназзаҳ ва бенуқсон нарсаларни дўст тутади. Унинг ўзи пок ва покизаликни хуш кўради. Унинг карами кенг, саховати чексиз, саховатли бандаларни дўст тутар. Шунинг учун ҳам, эй умматларим, хонадонингиз ва унинг атрофларини озода ва саришта тутинглар!"

Ёки: "Покизалик ва поклик имоннинг ярмига тенг келади", - десалар, яна бошқасида эса: "Назофат - чин имон аломатларидандур" дейдилар.

Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни, диёримиздаги ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор.

Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони Каримда "тирилиш" деб ифодаланган. Инсонлар ҳам ушбу жараёнга ўз хиссаларини қўшишлари керак. Чунки оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Баҳор уйғониш фаслидир. Бу дамларда атроф-муҳит тозалигига яна бир карра эътибор бериш, хусусан, қабристонларда тозалаш ишларини амалга ошириш айни муддаодир. Шунингдек, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳалла ва гузарларимизни янада кўкаламзор қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис, савоби ҳам мислсиздир.

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган қуйидаги Ҳадисда шундай дейилган: "Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёхуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади" (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла-кўйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Унга ерни бешик қилиб, таомлантириб, ювиб-тараб турган зот Аллоҳ таолодир. Бунга эса биз, инсонларнинг эътибори ва меҳри керак. Атроф-муҳитга, тозалик ва ободончиликка эътиборли бўлиб, дов-дарахтларга меҳр кўрсатсак, она-табиат биздан миннатдор бўлади.

Шу маънода, жорий йилда юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган хайрли ташаббус хусусида сўзламоқ жоиз. Юртимиз кишилари "Мустақилликнинг 20 йиллигига 20 туп кўчат - менинг туҳфам" шиори билан меҳнат қилиб, кўплаб боғ-роғлар яратилишига ҳисса қўшдилар. Бу эса мамлакатимизнинг келажаги, айниқса, ёш авлодларимиз тақдири йўлидаги хайрли ишлардандир. Бинобарин, келажак авлод эгалари яхшилардан қолган боғ-роғлар, дов-дарахтлар неъматидан баҳраманд яшайдилар. Демак, эртанги соғлом ҳаётга бугундан замин яратилмоқда.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳар "Ҳазрати Билол" жомеъ масжидининг имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди