Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 12.05.2011

МАЪНАВИЯТ САБОҒИ

КУЁВ БЎЛИШ ИЛМИ

Турсуной СОДИҚОВА.

Сен куёв бўлдинг. Чимилдиқлар насиб этгани муборак бўлсин, ўғлим! Ёдда тутки, жуфтлик қоғозига сен заминда имзо чекяпсан-у, никоҳинг аслида осмонда ўқилади.

Никоҳ муқаддасдир, никоҳ илоҳий! Шунинг учун бу иккиликни "жуфти ҳалол" дейдилар.

Энди қанотинг қўш бўлди, ота-онангнинг бағридан учиб чиқдинг. Гўшанг, томинг алоҳида энди. Оила деган мамлакатнинг султонидирсан, амрингни таъзим билан эшитаётган анови ойим эса вазирингдир.

Уйландингми, тамом, сўзингда, ўзингда, тутумларингда кунда бир етуклик, улуғлик аломатларини кўрсинлар. Қанотинг қўш бўлиб, ойдан узилган бир сулув сенга маҳрами жон сайланиб, ўнгу сўлинг шойи адрасларга бурканганда гуркираб ўсмасанг, шиғил гулламасанг, сени қуршаб турган жаннатий имконларинг уволи тутгай!

* * *

Ишинг зўр бўлиб, мартабанг чандон кўтарилиб, ташқарида ҳамма сенга таъзимда бўлса-ю, уйингда тинчлик, тотувлик бўлмаса, бари бекор! Ер куррасида қимирлаб юрганки одам уйим, болам-чақам деб юради. Кўчадаги ишларини жадаллик билан бажариб, хонадонига югургани югурган. Қизиғи шуки, инсон яхши уйига ҳам, ёмон уйига ҳам талпинаверади. Шунисига қараб бу уйдан ё бахтли, ё бахтсиз, ё бутун, ё ярим одамлар чиқадилар."Оила" деб аталган пано¬ҳис¬тонда яхши иқлим яратиш учун эса аёлга аёллик, эркакка эркаклик илми сув, ҳаво қадар зарур!

Ўғлоним, ҳозирги сенга етказадиганим - дастлабки жуда нозик илм, ёдингда тут: эркак кишини асосан, қулоғи етаклайди ва уни кўп балоларга гирифтор қилади. Келинчакка чимилдиқда айтадиган биринчи гапинг шу бўлсин:

-"Илоҳим, сиз билан бирга ҳаммамизга саодатли кунлар келаётган бўлсин. Аммо айтиб қўяй, мен оила аъзоларимсиз бир бўлакман, бутунлигим улар билан. Мени дунёга келтирган муаллифларим, тумшуғида сув, дон бериб вояга етказган халоскорим - шу оиламдагилар. Уларнинг пасту-баланд феъллари ўзимга аён. Балки биридан севиниб, биридан куйиб юрарман. Аммо қандайлигидан қатъи назар, улар менинг мулким, меҳримга тушган, ёқмай қолса, кечиб юборолмайман!

Ўртага қўядиган биринчи шартим шу: ҳеч қачон жигар-бағирларимни менга ёмонламанг. Сиз туфайли ҳеч биридан кўнглим қолмасин! Қўлингиздан келса, уларни менга иссиқ кўрсатинг, ёмонларимни яхши қилиб беринг! Агар бу илтимосимни бажармасангиз, сиздан икки дунё рози эмасман!"

Мана шу гапни айтиш қўлингдан келсин, ўғлоним!

* * *

Ҳали улғайгунингча ўзинг гувоҳ бўласан, аёл зоти ҳақида "фалончи турмушга чиққандан кейин яқинларидан кечиб кетибди" деган гапни ҳеч ким эшитган эмас. Аммо уйлангандан кейин ака-укаси, амма-холаси, ҳатто, ота-онасидан нари бўлиб кетган эркакларни қадамда учратаверасан! Буни УЯТ деб билгин, эр учун қаро ер бўлиш шу, ўғ-

лоним!

Яратган сенга бошинг тўла тафаккур берди, қулоғингга тушган гапни аввал унга узат, таҳлил қил! Атрофингдаги сенга тааллуқли бўлган жами мавжудлик сендан бирдай баҳра олсин ва баҳра олиши шарт! Чунки улар доим сенга ниманидир ўтказиб, узлуксиз нима биландир таъминлаб туради ёки бир пайтлар таъминлаган! Уларнинг баридан қарздорсан. Аллоҳга берган неъматлари учун тинмай шукрона айтиш вожиб экан, бандаларининг - у отанг бўладими, онанг бўладими, жигаргўшангми, барибир ҳамма яхшилиги - қарз! Уларга орқа ўгириб кетиб бўлмас, кетсанг-да йўлинг унмас, ниятинг ушалмас!

* * *

Ўғлоним, ота-онангдан кўрган меҳр-муҳаббатингга гап йўқ. Аммо ҳаётингда энг юксак иззат-ҳурматни куёв бўлганингда қайнона-қайнотангдан кўрасан. Миллатимизнинг тамойили шундай, боласига, ҳатто, ўзига илинмаган ҳурматни, мукофотни куёвига тутади. Сочларининг оқи билан куёви қошида таъзимда туради. Хулласи, уни боласидан аъло кўради.

(Давоми бор).


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди