Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 02.06.2011

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

ОТАХОННИНГ СИРИ

Инсон -инсон-да. Баъзан билмай, баъзан билиб туриб ҳам хатога йўл қўяди. Айниқса, ҳаётнинг паст-баландини билмаган, турмуш қийинчиликларини кўрмаган инсон ёшлик чоғида бу каби хатоларга кўпроқ йўл қўяди. Ёшлик-инсоннинг саломатлик ҳақида кам ўйлайдиган даври. Ана шу даврда хушлигимиздан чўчиймизу, соғлиқнинг қадрига етмаймиз.

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бунга анча бўлди. Фарғона аэропортидан Тошкентга учмоқчи эдим. Самолётга чиқиш пайтида новча, икки юзи қип-қизил, оппоқ соқолли бир отахонга кўзим тушди. У кишига дарҳол йўл бўшатдим.

- Марҳамат, отахон, чиқсинлар.

- Йўқ, ўғлим, "тегирмон нав-бати билан" деган гап бор, ўзларидан бўлсин,- ҳазил аралаш илтифот билдирди отахон.

Орқадан келаётган одамлар ҳазил-мутойиба гурунгини давом эттиришга имкон бермади шекилли, отахон:

- Раҳмат, ўғлим, умрингиздан барака топинг,- дея трапга шахдам кўтарилиб, самолёт салонига қадам босди.

Мен ҳам кириб борганимда отахон ўриндиқда шериги билан гаплашиб ўтирган эди. Мен отахоннинг тетиклигига, барваста қадди-қоматига муносиб оппоқ соқоли-ю кексаларга хос кийинишига, нур ёғилиб турган чеҳраси, инсонларга бўлган ёқимли муомаласига таҳсинлар айтиб "Қани энди, биз ҳам шу отахон сингари кексайсак" дея чин кўнгилдан ҳавас қилдим.

Самолёт бир соатга етиб-етмай Тошкент аэропортига қўнди. Отахон биздан олдинроқ илдамлаб, вокзал томон кетди. Мен эса киракаш ҳайдовчилар турадиган ерга бордим. Вақтим зиқлигидан йўлак томонга ўтдим-да, келаётган машинага қўл кўтардим.

Бир иккита машина тўхтамай ўтди. Орқасидаги секинлаб тўхтади:

- Қаёққа борасиз, амаки?- сўраб қолди ҳайдовчи машина ойнасидан бошини чиқариб.

- Халқ таълими вазирлигига,- дедим охиста.

- Ўтиринг,йўлимиз бир экан,- деди ҳайдовчи орқа эшикни очиб, - обориб қўяман.

Мен салом бериб, автомашинанинг орқа ўриндиғига жойлашдим. Не кўз билан кўрайки, ҳайдовчининг ёнида бояги оппоқ соқолли отахон ўтирарди.

- Ие ўғлим, йўлимиз бир экан-ку,- деди отахон орқа тарафга бироз бурилиб. - Мен ҳам Қорақамишга тўйга кетяпман. Биродаримнинг тўйи. Бормасам уят.

Дўстликни шунчалик қадрлаб, кекса бўлишига ҳам қарамай Фарғонадан Тошкенти азимга келаётган бу ажойиб отахонга бўлган меҳрим яна бир карра ортди. Серқатнов, гавжум Тошкент кўчаларини томоша қила туриб, қисқа фурсат ичида мамлакат пойтахти осмонўпар бинолар, турли иншоотлар қурилиб, гўзал бўлиб кетганига маҳлиё бўлиб борар эдим.

Ҳайдовчининг ногоҳ "Ота, газетани кўзойнаксиз ўқийсизми?" деган саволи мени сергак торттирди. Нигоҳимни шаҳар кўчаларидан олиб, олд тарафда савлат тўкиб ўтирган отахонга қаратдим. У қўлидаги араб алифбосида битилган кафтдеккина келадиган китобни мутолаа қилиб борарди.

- Ҳа. -Отахон ўнг қўли билан оппоқ соқолини силаркан, шукрона келтиргандай бўлди. - Худога шукр, кўзойнаксиз ҳам ўқийвераман, ўғлим.

Мен эса ҳайратдан лол қолдим. Борар манзилим ҳам ёдимдан кўтарилиб, худди нодир бир мўъжизани томоша қилаётгандек отахон томонга бироз энгашиб, унга маҳлиё бўлиб борардим.

- Ота, беодобликка санамайсиз,- дедим бир оз ўнғайсиз бўлса-да, ҳайратимни яширолмай. - Сизга жуда ҳавасим кел-япти. Неча ёшга чиқдингиз?

Отахон қўлидаги китобчани бир четга қўйиб, ўриндиқнинг ўзида гавдасини ғоз тутган бўлди:

- Бу йил роппа-роса саксон бир ёшга кирдим, ўғлим. Иншооллоҳ сизлар ҳам менинг ёшимга етинглар.

У ажин тушган юзларига фотиха тортди-ю, мен томонга ўгирилиб, сўраб қолди.

- Ўғлим, ўзлари Тошкентданмилар? Фарғонага хизмат юзасидан борувдиларми ёки қариндош-уруғлар борми?

- Йўқ, ота, мен ҳам фарғоналикман. Тошкентга хизмат юзасидан келяпман. Ўзлари Фарғонанинг қаеридан бўладилар?

- Мен марғилонликман. Ҳакимқори деса, катта-кичик танийди.

- Агар сир бўлмаса айтинг-чи, шу ёшингизда кўзларингиз равшан бўлишининг боиси нима?- дедим суҳбат қизиганидан фойдаланиб.

Ҳалитдан бери кўзини йўлга тикиб индамай кетаётган ҳайдовчи йигит ҳам тилга кириб қолди:

- Акамиз тўғри айтяптилар. Ростдан ҳам сизга қойил қолиш керак. Бундай бардам юришингизнинг бирор сири бордир ахир.

- Ҳа, ўғилларим,- деди отахон бошини баланд кўтариб. -Бунинг сабаби шуки, менинг ота-онам болалигимдан бошлаб яхши тарбия берган. Қаттиқ тартиб ўрнатишган. Кун ёйилиб кетгунча ухлаб ётишимга йўл қўйишмаган. Шу нарса менга ҳозиргача одат бўлиб қолган. Ҳар куни сахар туриб, бирон бир фойдали юмуш билан машғул бўламан. Ҳар қандай ишни қўлнинг учида бажармай, тўла-тўкис адо этишга ҳаракат қилдим. Бутун ҳаётимни иш, меҳнат ва ўқиш билан ўтказдим. Бу меҳнат менинг танамни чиниқтирди, узоқ умр, сиҳат-саломатлик бахшида этди. Доимий қизиқиб мутолаа қилишим эса мени илмли бўлишимга сабабчи бўлди. Энг асосийси, умрим бино бўлиб бирор марта ҳам сигарета тутатмадим, ичимлик ичмадим, носнию гапирмаса ҳам бўлади. Тоат-ибодатимни қилиб юравердим. Мана, худога шукр, танам соғ, кўзларим равшан.

...Ҳар сафар Тошкент ҳақида эсласам, шу нуроний отахоннинг нур ёғилиб турган сиймоси гавдаланаверади. Майин ва ёқимли сўзлари, инсониятга хос одоб-икроми кўз олдимда намоён бўлаверади. Шуларни эслаб ўйга толаман. Ахир ҳар бир инсон шу отахон сингари узоқ умр кўриб, соғлом яшаса бўлади-ку. Лекин отахон айтган ишларни ҳамма ҳам қилавермайди-да. Агар бажаришганида эди...

Лекин нима бўлганида ҳам ҳар бир одам ўша нуроний суҳбатдошим каби саксон ёшда ҳам бақувват бўлиб юришларини истар эдим.

Турсунали ҚУРБОНОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди