Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 02.06.2011

ФОЙДАНИНГ ЗИЁНИ

ҳикоя

Икки уч кунки Маъсуджоннинг шашти паст, камгап, тунд. Доим кулиб, очилиб юрадиган одам, ўзгарди, қолди. Унинг ҳолати ҳаммага, айниқса, Холида бувига қаттиқроқ сезилди. Аввало келин билан ораларида ўзларига тегишли бирор гаплари бордир-да, ўтиб кетар, деб юрди. Лекин келинининг оёқ олишига қараганда, ундаймасга ўхшади.

Эрталаб невара ишга отлангандан кейин секингина сўз очди: "Нима гап, Маъсуджоннинг соғлиги яхшими?"

- Яхши, бувижон. Ўзим айтолмай турган эдим. Сўраганингиз яхши бўлди. Ишхоналарида қўшимча ишини қисқартиришибди. Шунга бироз сиқиляптилар, - деди невара келин.

- Ойлиги қанчага камайибди?

- Ўн минг сўмга - катта бир талофатга учрагандек маъюсланди келин.

- Худога шукр, хўп яхши иш бўпти-да.

Келин "нега?" дегандек бувижонга ҳайрон қараб қолди. "Нимасига хурсанд бўладилар. Оила шунча зарар кўриб, болаларнинг ризқи қирқилиб турган бўлса?"

- Гапингиз тўғри, - деди Ҳолида буви келинининг фикрини эшитиб турган каби кўзларига синчков қараб, - болаларнинг ризқи камайгандек кўриняпти. Аслида эса, бу ишда икки ҳисса яхшилик, барака бор.

- Барака? - тушунолмай сўради келин.

- Ҳа, барака бор, ўзим айтолмай юрган эдим. Маъсуджон, болагина эрталаб соат еттида чиқиб кетиб, кечки ўн, ўн бирларда чарчаб, сулайиб келарди. Апил-тапил овқатланиб, ётиб қоларди. Оила аъзолари билан ўтиришга вақти ҳам бўлмасди. Худди оиланинг ижарачи аъзосига ўхшаб қолаётган эди-да. Шу ўн минг сўм оилага қанчалик маънавий, қолаверса, яна моддий зарарни олиб кириши мумкин эди. Ҳайрият, тилагим Аллоҳга етиб, ўша қўшимча ишдан қутилибди. Агар бирор касалга чалиниб қолганида борми, қўшимча ойлиги даволанишга етмасди. Бунинг устига болаларидан узоқлашиб бораётган эди. Бу болаларни яхши едириб, кийдиришгина кифоя қилмайди. Уларнинг тарбияси билан шуғулланиш керак. Болага қорин отаси бўлиб қолиш билан иш битганда бошқа гап эди... Тўғрисини айтсам, шу Маъсуджонимни сурункали иш эзиб қўяётганидан, болаларига имон-эътиқод, қадрият ҳақида гапириб, оталик бурчини бажара олмаётганидан куйиниб юргандим. Ахир, бола учун овқат ва она тарбиясининг ўзигина кифоя эмас, айниқса, ўғил фарзандга ота тарбияси жуда ҳам муҳим, болам. Яна бир томони, шу қўшимча иш икковингизни ҳам бир-бирингиздан узоқлаштириб қўяётгандек эди-да. Шуларнинг барчасини пулга чақсангиз, ҳисоблаб кўринг-чи, неча ўн минг келиб чиқар экан. Барака пулни кўп топишда эмас, қаноатда, аҳилликда, бир-бировни тушуниш, англашда, болажоним. Ё гапим нотўғрими?

- Жуда тўғри айтяпсиз, бувижон. Ўзлари кейинги пайтда жуда чарчаб, диққатлари ошадиган бўлиб қолган эди. Менинг эсам, ҳеч хаёлимга келмабди шу гаплар. Ўзларига ҳеч нарса демасам ҳам ойликларининг камайишидан ичимда қийналиб юрган эдим, - хижолат бўлди келин.

Рўзғорим деб, хотиним хурсанд бўлсин деб ўзини ортиқча ўтга-чўққа уриб юрган эрини ўйлаб бир меҳри товланса, шу нарсаларни нега мен ўйламадим дегандек, ўзидан ранжиди. Кекса бир буви шунча оғирликни юрагидан ўтказиб, сарҳисоб қилиб ўтирса-ю, булар фақат беш-ўн сўм пулнигина кўришса? Қандай ажойиб бувижонлари бор-а? Мана, бир пасда кўнгли ёришди қўйди. Хурсандлигидан бир яхши таомга уннагиси келиб кетди.

- Бугун нима овқат қилай, бувижон? - сўради жилмайганича.

- Бугунми, Маъсуджонга ёқадиган бир нарса қилақолинг, хўпми, болам? - Эътирозга ўрин қолдирмай деди Ҳолида буви.

Бувижони айни муддао жавобни берди. Кечқурунга бир ажойиб овқат қилсинки, Маъсуджонга ҳам, бувижонига ҳам, бошқаларга ҳам бирдек ёқсин. Қари билганини пари билмас, деганлари шу экан-да. Ҳамманинг кўнглини, тилини билиб турадилар-а, кечди келиннинг кўнглидан. Қўлдан кетган "фойда" юкидан халос бўлганича, бир яхши кайфият оғушида ишига уннади.

Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди