Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 16.06.2011

БУЮК ВА МУҚАДДАССАН, МУСТАҚИЛ ВАТАН

УЗИЛМАС РИШТАЛАР

"Номига муносиб" деган иборани эшитгансиз. Ҳар гал "Дўстлик" қишлоғига борганимда у ердаги одамларнинг бир-бирига бўлган оқибати, дўстона яқинлигини кўриб, қишлоқнинг номи жуда топиб қўйилган экан-да, дея ўйлаб қоламан.

Мустақиллик байрами арафасида қишлоқдаги кекса онахонлар билан суҳбатлашдим. Ўзига хос "жонли тарих" бўлган онахонларнинг умр йўллари гўё ўтмиш билан бугунни боғлаб турган кўприкка ўхшайди. Бу йил 86 ёшни қаршилаётган Қаламқош эна Қурбонова исмининг ҳам бир тарихи бор.

- Акам ўғил бола укаси бўлишини жудаям истаган экан. Аксига олиб мен туғилибман-да, - дейди онахон. - Онам раҳматли аразлаб ўтирган акамни овутиш учун:

- Бу қиз укангга бир қарагин, бунинг қалам қошларини кўргин, - дея эркалаган, шу-шу исмим ҳам Қаламқош бўлиб қолган экан-да, қизим. Мана, ёшим саксондан ошди, бу бош не кунларни кўрмади. Қийинчиликлар, очарчиликларга ҳам чидадик. Канал қурилишида елкамизда қоплаб тупроқ ташиганмиз.Кунлик режани бажармаганларни жазо кутарди. Ҳозир набираларимга айтсам, "эртак айтяпсизми?," дейишади.

Худога шукр, мана мустақиллик даврида яшаяпмиз, нима хоҳласангиз бор, яшаш шароитимиз яхши. Ёшларга бўлган меҳрибонлик, эътиборни айтмайсизми? Набираларимга ҳавасим келади. 12 нафар набирам, 15 нафар чеварам бор, шукр... яқинда эвара кўраман. Худо хоҳласа. Уч нафар қизимнинг куёвлари ўз ўғлимдек. Илоҳим, барчасининг боши омон бўлсин.

- Отам урушда ҳалок бўлган, - дея сўз бошлади 75 ёшли Ҳавохон ая Келдиева. - Онам касалванд бўлганлиги учун дала ишларида қийналаркан. Бир гал зовур чопишга ярамаяпсан, деб бригадир онамни зовурнинг ичига итариб юборибди. Ҳозир далада ишлаш ҳам меҳнат бўптими, дейман. Ўйнаб-кулиб ишлашади. Бу ҳам фарзандларимизнинг бахти-да.

Шукр, омон-омон замонни биз ҳам кўряпмиз. Уч қизим шифокор, ўғилларим деҳқончилик қилишади. Ўндан ортиқ набираларим, икки чеварам бор. Оиламизда ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бор. Лекин бизда миллат тўғрисида гап-сўз бўлмайди. Ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб, ҳамжиҳатликда яшашга, болаларни билимли, меҳнаткаш қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламиз.

- Аҳиллик яхши-да, - дея суҳбатга қўшилди Маликахон ая Ҳусанова. - Менинг отам қирғиз, онам ўзбек эди. Ёшлигимиздан бизни бошқалар билан ўзаро дўстона муносабатда бўлишга ўргатишган. Ҳозир ўзим ҳам фарзандларим, набираларимга одамларни ҳурмат қилишни, гулларни, гўзалликни севишни уқдираман. Дўстликда, иноқликда яшаш қандай яхши!

Қишлоқнинг ўктам аёли, узоқ йиллар собиқ "Дўстлик" ширкат хўжалигининг хотин-қизлар кенгаши раиси, "Дўстлик" МФЙнинг раиси вазифаларида ишлаган Қандолатхон опа Мўйдинова суҳбат мавзусини мухтасар қилди:

- Неча йиллар шу қишлоқ одамлари, уларнинг қувонч-ташвишлари билан бирга яшаб, меҳнат қилдим. Ҳамиша бир нарсадан ғурурланардим, қишлоқ аҳли ўртасида қадр, оқибат жуда кучли. Бири қирғиз, бири ўзбек бўлгани билан уларнинг илдизи битта. Қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб, бир-бирлари билан чамбарчас боғланиб кетишганлигидан, уларни бир-биридан айро тасаввур қилолмайсиз. Улар ўртасидаги ришталар мустаҳкам, узилмас ришталардир. Илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин.

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА,

Жалақудуқ тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди