Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 16.06.2011

ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 20 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

АҲИЛЛИКДАН ГУЛЛАБ ЯШНАЁТГАН МАҲАЛЛА

Ушбу саҳифада Шаҳрихон тумани Тоштепа қишлоқ фуқаролар йиғини, "Қалъача" маҳалла фаолияти ва

маҳаллада амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида фикр юритилади.

ЭЛ ИШОНЧИ

Маҳалла ўзининг мўъжазгина жамоасини ахлоқий қадриятларга асосланган шарқона демократия муҳитида бошқариб келади. Бу ижтимоий макон қадим замонларданоқ ўзини-ўзи бошқариш тизими сифатида таркиб топган. Маҳаллада одамлар фақат қўшничилик муносабатлари билан эмас, балки узоқ йиллар мобайнида шаклланган ўзига хос ички тартиб-қоида. Маънавий-ахлоқий мезонлар, аниқ интизом, урф-одат ва анъаналар билан боғланган.

Шаҳрихон тумани, Тоштепа ҚФЙда бешта маҳалла мавжуд. Шулардан бири "Қалъача" МФЙ туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган маҳаллада. 3 минг 330 нафар аҳоли, 630 та хонадон аҳли ҳамжиҳатликда истиқомат қилади.

Ўзим асли ўқитувчиман. Ишимдан ажралмаган ҳолда маҳаллага посбонлик қилдим. Сўнг туманда посбонлар сардори бўлиб ишладим. Туғилиб ўсган қишлоқ, маҳалла аҳли мен учун азиз. Уларнинг осойишта яшаши, турмуш фаровонлигини яхшилаш учун астойдил ҳаракат қиламан.Яқинда бўлиб ўтган МФЙ раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида маҳалладошларим менга ишонч билдириб, маҳалла йиғини раислигига сайлашди.

Ҳар бир маҳалланинг фаол, етакчи одамлари бўлади. Улар ўз маҳалласини кўкка кўтариб турадилар. Мен ишни мана шундай отахонларимиз, кайвони онахонларимиз, фаол маҳалладошларимизга суянган ҳолда бошладим. Маҳалламизда фермерлар, тадбиркорлар, уста ҳунармандлар бор. Уларнинг ҳиммати билан дастлаб, МФЙ биноси, хоналари таъмирланиб, жиҳозланди.

"Ободлик - кўнгилдан бошланади", - шиорига амал қилиб, маҳалла ҳудудимизни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришга ҳамма бирдек ҳаракат қилди. Иккита йўл бўйига жойлашган катта кўча, саккизта ички кўчаларга кўча бошилар бириктирилди. Кўчалар ўртасида "Ободлик - кўнгилдан бошланади" мавзусида кўрик-танлов эълон қилинди. Мақсад: ўзимиз яшаб турган жойимиз, кўчамиз, маҳалламизни обод гўшага айлантириш. Ушбу танлов июнь ойининг охирига якунланади. Ғолиб бўлган кўча аҳлини республикамизнинг зиёратгоҳ жойларига саёҳатга олиб боришни режалаштирдик.

Буни эшитган маҳалла аҳли ўз уйи ва кўчаларини гулзорга айлантириб, обод қилишга тушди. Айни пайтда бир кафт қаровсиз ернинг ўзи қолмади, десак муболаға эмас. Шунингдек, тадбиркор Иброҳимжон Ғаффоров ҳомийлигида маҳалламиз ҳудудида спорт мажмуаси қуриб, ишга туширилиши Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига, фарзандларимизга, ўсмир ёшларга катта совға бўлди. Энди улар орасидан чемпионлар чиқиб, маҳалламиз шуҳратини оширади, деган умиддамиз. Чунки, ёшлар келажагимиз. Улар Ватан ичра Ватан бўлган маҳалласини равнақ топиб, гуллаб яшнатиш учун биздан ўрнак оладилар. МФЙ туман ҳокимлиги "Маҳалла", "Нуроний", "Камолот", ФҲДЁ ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда мунтазам ўтказиб келинаётган тадбирлар доирасида маҳалла аҳлига, айниқса, ёшларга мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти фуқароларимиз учун йилдан-йилга кенг имкониятлар яратаётганлигини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб борилмоқда.

Маҳалладаги тўй-маърака, маросимларни исрофгарчиликсиз, камхарж ўтказишда маҳалла оқсоқоли Сидиғали Имомалиев, отинойи Моҳинисо Турғунова, дастурхончилар Ҳабибахон Тошматова, Одинахон Ибрагимова, Мавлудахон Эрматова, Зумрадхон Эргашева, фаол аёллардан Ҳамидахон Шокирова, Роҳатой Нишонова, Хурсаной Парпиевалар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз. Тўйларни ўтказиш бўйича комиссиямизнинг назорати остида бугун маърака, маросимлар, ихчамлашди. Ҳар чоршанба куни ушбу фаолларимизни йиғиб, тўй-тўркинларимиз қандай ўтаётгани, ҳаракатларимизнинг фойдаси бўлиб-бўлмаётганини бафуржа гаплашиб оламиз.

Аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида "Дўстлик" ҚВП ходимларидан тузилган махсус жамоатчилик аъзолари билан биргаликда аҳоли ўртасида хонадонма-хонадон юриб, "Она ва бола саломатлиги", "Оиладаги эркакларни оила саломатлигида масъулиятини ошириш" мавзусида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунинг баробарида бугунги кунда бандлик масаласи ҳам жиддий муаммолардан эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ишсизликни камайтириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантиришга аҳамият берилмоқда. Бекор юрган йигит-қизлар ҳунарга ўргатилмоқда. Тан олиш керак, қишлоқ жойларида бирон бир ишни уддалаш осон кечмайди.

Бахт аслида нисбий тушунча. Лекин шукроналикни билганга шу Ватанда, шу тупроқда, қадрдон оиласи бағрида тинч-осойишта яшамоқнинг ўзи олий бахт.

Тўланбой ЙЎЛДОШЕВ,

Тоштепа ҚФЙ "Қалъача" МФЙ

йиғини раиси.

МАІАЛЛА - ЮРТ КЎЗГУСИ

Беш йиллик фаолиятим давомида минг бир хил муаммоли ҳолатларга дуч келганман. Албатта, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, кимгадир тўғри йўл кўрсатамиз. Бунинг учун инсон шундай ҳолатларга ўзи тайёр бўлиши керак. Ҳам оилада, ҳам бекаликда, оналикда, қолаверса, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлиши лозим. Мен бундай ҳолатларда кўпроқ онахонларимиз тажрибасига суянаман. Уларнинг кўмаги билан сал нарсага "лов" этиб ёнувчи ёшларимизни тинчлантиришга ҳаракат қиламан. Чунки, ақл билан иш кўрилса, ҳал бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ.

Маҳалладаги кўпгина ишлар аёлларга боғлиқ экани сир эмас. Бола тарбиясидан тортиб, тўй-ҳашам, расм-русмгача. Ёшларнинг нимага қизиқиши-ю катталарнинг нимага интилаётганидан хабардормиз.

Қишлоғимизда ҳунармандлар кўп. Шу боис, устоз-шогирд йўналишини йўлга қўйдик. Одинахон Ортиқова эркаклар дўпписини тайёрлайди. Ўн нафардан ортиқ шогирдлари бор. Муҳаббатхон Каримова, Моҳидилхон Ҳолиқова эса миллий чопон тикишади. Маҳалламиздаги ёшларни ҳунарга ўргатиб келмоқда.

Сурайё Раҳмонова ҳудудимизга қарашли бўш бинодан фойдаланиб, ўқув маркази ташкил қилди. Учта йўналиш бўйича қизларни касб-ҳунарга йўналтирмоқда.

Жамоат ишида бўлган аёлнинг дунёқараши, ҳаёт тарзи мақсад ва режалари ҳам бўлакча бўлади. Уйдаги майда-чуйда гаплар камаяди. Шунинг учун маҳалладаги хотин-қизларни имконият борича ижтимоий меҳнатга жалб қилмоқдамиз.

Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, маҳалламизда иқтисодий жиҳатдан қийналаётганлар ҳам йўқ эмас. Фаолларимиз билан ана шундай хонадонларни ўрганиб чиқиб, қўлдан келганча ёрдам уюштирмоқдамиз.

Маҳалла - юрт кўзгуси, дейишади. Унинг файзли бир макон бўлиши эса кўпчиликка боғлиқ.

Ойдинхон САЛИМОВА,

маслаҳатчи.

ІАЛОВАТ - ТОТУВЛИКДАДИР

Кўпни кўрган отахонлару онахонларимиз кимгадир баҳо беришмоқчи бўлишса, аввало, унинг маҳалла-кўй, эл-юрт олдидаги хизматларини тилга олади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки юрт корига яраш, ҳар бир инсоннинг Ватанига фидойи бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақиқатни "Қалача" маҳалла аҳли яхши билади. Улар яна ҳаловат тотувликда эканини ҳам англаб етадилар.

Диний ва дунёвий илмдан бохабарлигим боис, маҳаллада отинойилик қиламан. Ҳозирги кунда издиҳомларда нафақат ўқиш балки, маҳалла аҳлига юриш-туришида, ҳатто кийинишида ҳам тушунчалар беришга ҳаракат қиламан. Негаки, хотин-қизларимиз орасида ҳижобда юриш ҳолатлари озми-кўпми учраб туради. Омма орасидаги тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бораётганимиз натижасида бундай либосларда юриш, деярли барҳам топди.

Туманимизда "отинойилар" ўқув мактаби очилганига уч йил бўлди. Унда ҳар бир қишлоқ, маҳаллалардаги отинойилар ўқитилиб, аттестация қилинади, сўнг вилоят аттестациясидан ўтгачгина, расмий отинойи, деб айтилади. Иш бошлайди.

Ҳозирги кунда маҳалла фаоллари қаторида биз отинойи, дастурхончилар зиммасида ҳам масъулият катта. Турли издихомлар, маърака, маросимлардаги ортиқча сарф-ҳаражатларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Исрофгарчиликка йўл қўймаймиз. Ҳатто, аёлларнинг дастурхонга тортилган ноз-неъматларни тугиб, олиб чиқиб кетишларининг ҳам олдини олдик. "Кенгашли тўй тарқамас", деганларидек, маҳалла фаоллари бирлашиб, ҳар биримиз вазифамиз нуқтаи назаридан иш ташкил қилиб, маҳалладошларимиз кўнглига кириб боряпмиз.

Қаердаки, маҳалла, қишлоқ гуллаб яшнаяптими, ўша ерда аҳиллик, тотувлик, бирдамлик бўлиши аниқ.

Дилоромхон МАМАЖОНОВА,

маҳалла отинойиси.

ИНТИЛГАНГА ИМКОН КЕНГ

Ёшлигимдан чеварликка қизиқдим. Қўшнимиз тикувчи бўлганлиги учун шогирд тушиб, бичиш-тикишни ўрганиб бордим. Мактабни тугатгандан кейин Андижон шаҳридаги "Иффатли келин" ўқув марказининг филиалида ўқидим. Элита пардалари тикишни, пишириқлар пиширишни пухта ўргандим.

Ҳозир бемалол буюртмачиларнинг ҳожатини чиқариб, қишлоқда "чевар қиз" деган ном олдим. Иш ўрганаман, деган маҳалла қизларини ёнимга олиб, ҳунар ўргатяпман.

Дастлаб, уйимизда шогирдларим билан иш бошладик. Пишириқлар тайёрлаш бўйича 40 нафар шогирд тайёрлаб чиқардим. Элита парда, либослар тикишни ўрганувчи олти нафар қизлар бугун ёнимда. Тиккан либосларимизга талабгорлар ортгани боис, бизга ёрдам бергувчилар кўпайди.

Ўрта Шаҳрихон қишлоғидаги фойдаланилмай ётган эски магазин биноси таъмирланиб, "Зебунисо" номли ўқув маркази ташкил қилинди. Тадбиркор Маликахон Алижонова раҳбарлигида шу ўқув марказида фаолият олиб боряпман. Қизларга пишириқ тайёрлаш, элита пардалари тикиш бўйича сабоқ беряпман. Албатта, машғулотларимиз амалиёти билан ўтказилмоқда.

Маҳалламизнинг ўзида ҳам мана шундай ўқув маркази очиш ниятидаман...

Озодахон САТТАРОВА.

тикувчи.

Саҳифани Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди