Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№28 дан: 07.07.2011

БУГУННИНГ ГАПИ

КЕЛИНЧАК КАСАЛ ЭКАН...

(ЁКИ ШОШМА-ШОШАРЛИК БИЛАН ЎТКАЗИЛГАН ТЎЙДАН КЕЙИНГИ ПУШАЙМОН)

Халқимизда онасини кўриб, қизини ол, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Одатда совчилар борган хонадоннинг таг-тугини, қудаларнинг қандай одам эканлигини, қизнинг одоби, тарбияси, юриш-туришини обдон сўраб-суриштиради. Бизда ўзбекчилик, юз-хотирчилик кучли. Маҳалла аҳли қўни-қўшни ҳақида ёмон гап айтиш, қийин. Баъзида қўшнилар мақтови билан тузалмас дарди бор қиз ҳам узатилиб кетаверади. Оқибати эса...

Яқинда бир воқеани эшитиб, ҳайратда қолдим. Ота-оналарга нима бўлган ўзи? Наҳотки, орзу-ҳавас илинжида тўй қилса-ю, фарзандининг соғлиги уни қизиқтирмаса? Тўғри, қиз бола балоғатга етгач, уни куёвга узатиш, элга маълум қилиб, тўй қилиш ота-онанинг фарзи. Лекин носоғлом бўлса, уни даволатиш, соғлом ҳаётга қайтариш ундан ҳам муҳимроқ-ку! Тўй қилиш қочиб кетмас...

...Бахтихон опа ўғлига узоқ вақт қиз қидирди. Ўғлидан ҳам кўра кўпроқ ўзи қиз танлади. Унисини у, бунисини бу деди. Нима эмиш, қуданг борми деса, бор дегулик, келининг борми деса, кўрсатгулик ойпарчадай қиз бўлишини хоҳлади. Шундай келин топди ҳам. Тўй ҳам икки томонда овоза бўлди. Данғиллама тўйнинг "олди-берди"сигача оғизга тушди.

Тўй маросимлари тугагач, Бахтихон опа сўрида ястаниб ўтириб, қайноналикни ўрнига қўйди. Маъзарнинг кети узилмади. Бироқ уч-тўрт кун бўлса ҳам келинчак ҳовлига чиқай демади. Шунда она ўғлини ёнига чақирди. - Бўлар энди, келиним ташқарига чиқсин. У ёқ-бу ёқни йиғиштириб, дегандек... Ял-ял ёниб, ҳовлимда юрсин. Келинлик кўрки шу-да, болам, - деди.

Бахтихон келинининг саломига алик олар экан, минг айланиб-ўргилди. Ялтир-юлтир кийимларда келинчакнинг бетоблиги қайнонага сезилмади ҳам. Бироқ кўп ўтмай яна келинчак уйига кириб, қайтиб қорасини кўрсатмади.

Қайнона эса дарров "қайноналик" қилгиси келмай, келинчакни ўз ҳолига қўйиб турди. Эрта тонгда эса ўғлининг сув сепиб юрганини, ҳовлининг ўртасидаги ахлат уюми, супургининг бежо ўртада қолиб кетиши, Бахтихоннинг ғазабини қайнатиб юборди.

- Келин қани?! - деди ўғлининг хатти-ҳаракатини кўриб.

- Онажон, келинингиз оғрияпти... Шунинг учун ҳовлини ҳам супуролмади.

- Нимага оғрийди, янги келинчак?.. Ҳали чарчайдиган даражада иш қилгани йўқ-ку?

Куёв елка қисди...

Шунда қайнона жаҳл билан ясатилган уйга кирди-ю, келинчакнинг беҳол ўрнидан туриб, берган саломига совуққина алик олди. Кейин бироз шаштидан тушиб: " - Нима гап, қизим? Қаерингиз оғрияпти ўзи?" - дея пешонасига қўлини қўйиб, ҳол-аҳвол сўради.

- Билмайман, ҳолим йўқ.

- Илгари ҳам оғриб турармидингиз?

- Йўқ... - мум тишлади келинчак.

- Ундай бўлса, бироз дам олинг-чи, ўтиб кетар, - дея ортиқча сўроққа тутмай уйдан чиқиб кетди.

Шу тахлит орадан 10-15 кун вақт ўтди. Келинда яхши томонга ўзгариш бўлмади. Озгина иш қилса, чарчаб, тер босиб кетаверди.

Шундан кейин Бахтихон қудасини чақиртиришга мажбур бўлди. Бор гапдан уни бохабар қилди: " - Энди, қудажон, қизимизни биргалашиб дўхтирга олиб борсак. Гап-сўз бўлмасин, деб уйда сақлаганимиз билан ҳеч бир ўзгариш бўлмаяпти. Сиз нима дейсиз?"

Қуда эса қизининг ранг-рўйига қараб, ичи ачишди. Илгари ҳам қорним, биқиним оғрияпти деса, ҳеч дўхтирга кўрсатмаган экан. Энди эса бепарволиги учун ўзини- ўзи койиди.

Келинчакни дўхтирга олиб бориб кўрсатишганди, УЗИга йўлланма берди. Кейин эса унинг натижасини ўқиган шифокор келинчакнинг онасига юзланди: " - Шунчалик ҳам бепарво бўласизларми? - дея хавотирли оҳангда сўзлади. - Ахир, қизингизнинг жигари ва буйраги касалланган. Сизлар уни турмушга беришга эмас, даволатишга шошилишингиз керак эди. Шунда янги келинчак бировнинг эшигида ўйнаб-кулиб хизмат қилиш ўрнига, хасталигидан мулзам бўлмас эди."

Шифокор бироз ўйланиб туриб, келинчакка юзланди: " - Қизим, турмушга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтганмидингиз?"

- Йўқ... Тўйимиз бир ҳафтанинг ичида бўлиб кетди. Улгуролмадик...

...Шундагина Бахтихон келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказмай, "йўлини қилганлигидан" пушаймон бўлди. Шошма-шошарлик билан ўтказилган тўй маш-машасидан бугун қайнона бошини қаерга уришини билмайди...

Ҳа, тўй яхши нарса. Дунёда бизнинг ўзбек халқидек саховатли, бағрикенг, болажон халқ бўлмаса керак. Бундай қараганда у ўзи учун яшамайди, бола-чақам, невара-чеварам деб яшайди. Бир умр мисқоллаб йиғади-ю, топганини бир кунда совуради. Шунинг ўрнига ота-она фарзандлари соғлиғига эътибор беришгандами, қизларимиз юқоридагидай ҳолатга тушмаган бўларди.

...Аввало, ота-она қизларини бўлажак она сифатида билиб, уларга доимо ғам-хўрлик қилишлари керак. Чунки соғлом онадан, соғлом фарзанд туғилади. Буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳам "келин олишда унинг насл-насабини, соғломлигини суриштириб оламан, чунки авлодимизнинг давомчилари соғлом, бақувват бўлишлари керак", - деганида, минг бора ҳақ эди.

Кўча-кўйда таниш-билишлар билан гаплашсак, аввало, фарзандларимизни сўраб-суриштирамиз. Баъзида шундай бўладики, "тўйга ҳамма нарса тахт, фақат, келин (ёки куёв) топиш қолди, холос, дейишади. Бир ойнинг ичида, баъзиларни эса ҳатто, ўн беш куннинг ичида унаштирилиб, тўй қилиш одатдаги ҳол бўлиб қолди.

Ҳаётимизда тез-тез учраётган оилавий кўнгилсизликлар, қўйди-чиқдилар, ажралишларнинг бир сабаби ана шу пала-партишлик, шошма-шошарлик оқибати эмасмикин? Тиббий кўрикнинг ҳам нечоғли аҳамиятли эканлигини катталар ва ёшлар ҳали ҳам англаб етмадилар, чоғи. Агар ёшлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтганларида эди, келин бўлмиш қизнинг соғлиғи ҳақида ота-оналар эртароқ ўйлаган бўларди.

Энг муҳими, фарзандларимиз соғлиғи биз - ота-оналар учун, қолаверса, биздан қоладиган авлодларимиз учун ниҳоятда зарур. Зеро, соғлом фарзанд - оиланинг ҳам, юртнинг ҳам кўрки.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди