Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№33 дан: 11.08.2011

(ҲИКОЯ)

ЎТКИНЧИ

(Давоми. Боши ўтган сонларда.)

Қаердандир "Кетсангиз йиғлайман..." деган унсиз садо келгандай бўлди. Чўчиб атрофга қаради. Кимсасиз боғ кўзига ваҳимали кўринди. Қиз бекат томонга югургилаб кетди...

У тизза бўйи қор кечиб борар, ортидан кимдир қаҳ-қаҳа отиб кулаётгандай, ёв қувлаётгандай қочарди. Ана, олдинда йигит билан қиз бир-бирининг пинжига тиқилиб борарди. Қиз уларга аҳамият бермай шиддат билан елиб кетаверди. Ортидан яна ўша таниш, майин кулгу, жуда таниш овоз таъқиб қилиб келаверди. Қиз қиш изғиринида жиққа терга ботиб уйга кириб келди.

Нилуфар икки ҳафтача иситмалаб ётди. Онаси бошида парвона бўларди. "У мени ҳар куни қўнғироқ қилиб қидираётгандир, балки ҳар оқшом "севги дарахти" остида мени кутар..." Ишхонасидан қизлар хабар олгани келишди... Йўқ, ҳеч кимга қўнғироқ қилмабди. Шундан сўнг унинг кўнглида ғалати ҳис пайдо бўлди. "Севиб қолдим! Жамшид, сенсиз яшай олмайман... Майли, нима десанг де, ўзим сени қидириб топаман... Ҳа, сени ўзим топаман, лекин энди сени ҳеч йўқотмайман. Майли, мен ғурурсиз бўлай, орамиздаги ўша ярамас мағрурлик кўпригидан ўзим аввал сен томонга ўтаман! Азизим, сени эртагаёқ излаб топаман..." Қиз шундай ўйлар гирдобида тонг оттирди.

Нилуфар тузала-тузалмас, яна ишга отланиб қолди. Она қизига "Ҳали тузалмагансан" дея ҳай-ҳайласа-да, сезгир қалби ниманидир ҳис қилиб, шошарди. У ишда тезроқ шом бўлишини сабрсизлик билан кутди. Бугун директорнинг юбилейи, ҳамма ўша ёққа кетишди. У бир соат шўппайиб ўтириб зерикди, беихтиёр бармоқлари ўша таниш рақамларни тера бошлади. "Алло, марҳамат қилиб телефон рақамингизни қолдиринг, сафардан қайтгач, ўзим сизга қўнғироқ қиламан... Алло сообҳите..." қиз таниш овозни эшитиб, гарчи у "ёзув лентаси" бўлсаям, юраги дук-дук ура бошлади. Сўнг ўзини бироз босиб олиб яна рақамни терди.

"Алло, Жамшид ака, бу менман. Сизни ҳар куни "севги дарахти" олдида кутаман. Сизсиз... Нилуфар..." У чуқур тин олиб гўшакни илиб, сўнг унинг суратига лабини босди. Гўё қаршисида йигит тургандай юзлари лов-лов ёнар, кўзлари севинчдан порлар, "ҳайрият" дерди энтикиб, "Ҳайрият, сизни топдим, билардим... Сизни топишимни билардим!". Қиз йигитнинг суратига термулар, у билан хаёлан гаплашар, сўнг яна кулиб турган кўзларига лаб қўярди.

Қизни энди ширин хотиралар яна ўша хиёбонга етакларди. Бари ўшандай. Энди анча қишнинг забти кетган, қорлар эриб кетганди. Фақат таниш, ўша "севги дарахти" ўша-ўша... Ҳаво анча илиқлигиданми хиёбон гавжум, кўпроқ жуфт-жуфт севишганлар. Ана, йигит билан қиз уларнинг "дарахти" остида энтикиб ўпишар, қиз дарахтга суяниб турар, йигит эса уни "асира" этиб қочишга йўл бермасди. Нилуфарга ҳатто, ўша дарахт ҳам йигитни эслатар, ҳозир бориб уни қучишга тайёрдайин ошиқар, тезроқ уларнинг кетишини истарди. Ғира-ширада унга орқа ўгиргани учун йигитнинг юзи кўринмас, лекин калта оқ пўстинли қизнинг лобарлиги, сарви қомати яққол кўриниб турарди. Ана, қиз бир чаққон ҳаракат билан йигитнинг "қуршовини ёриб" чиқди, йигитга тутқич бермай қаҳ-қаҳ отиб югуриб кетди... Йигит эса: "Кетсангиз йиғлайман..." Нилуфар бир чўчиб тушди, беихтиёр улардан нари кетди...

У ўзининг "дарахти"га бориб суяниб, узоқ хаёл сурди. Бегоналардан дарахтниям қизғонди. "Севгисига сирдош" хиёбонни, анҳор бўйини кезар, ниманидир излагандай атрофга жавдираб термуларди. "Эртага... Эртагача... ўҳ-ў, 24 соат бор, қачон эрта бўларкин?" Негадир юраги сиқиларди.

Нилуфар ёлғиз боғ айлана-айлана, Ўрдага чиқди. Бекатда одам кўп эди. Унинг баттар юраги сиқилди, икки автобусни ўтказиб юборди. Қўл соатига қаради. "Бунча вақт имилламаса, қачон эртага бўлади. Оҳ, тезроқ..." Қиз беихтиёр яна ўша таниш йўлкага интиқ бўлиб қаради. Нилуфар устидан биров бир челак совуқ сув қуйиб юборгандай жунжикиб кетди.

Жамшид оқ пўстинли қиз билан қўлтиқлашиб ҳиёбондан чиқиб келарди...

Бекатга автобус келиб тўхтади. Нилуфар ўзини оломон ичига урди. Изтиробли ўйлар қуршовида ўз бекатига етиб келганиниям сезмай қолди. Онаси уни кўча муюлишида кутиб турар, қизнинг бемаҳалда ёлғиз келаётганидан сал ажабланди.

- Ҳа, Нилу... Нега ёлғиз келяпсан? - деб сўради. Қиз хаёллари чувалашиб, онасидан кўзини яшириб ерга қараб индамай кетаверди.

- Қизим, тинчликми? Қани у? - хавотирланиб яна сўради онаси.

- Ким?- қиз талмовсираб боқди.

- Ким бўларди? Ўша йигит-да, қизим, онанг барини билади. Сен айтмасанг ҳам... Қани ? Анув..."шаҳзода"нг-чи, ҳув... анавинда кузатиб келган-чи?

- Ҳеч ким кузатиб келгани йўқ, ойи. Ҳеч ким!

Онанинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, бўшашиб кетди.

- Вой, ўлсин, ўткинчи, ўткинчи йигитга кўзим тушган экан-да, вой, эсизгина, ўткинчи экан-да... Эсизгина.

Нилуфар уйқудан чўчиб уйғонган кимсадай атрофга олазарак боқди. Онасининг йўлини тўсиб тўхтатди. Қандайдир қоғозни сумкасидан чиқарди. Сурат. Уни бурда-бурдалаб муюлишга сочиб юборди-да:

- Ҳа, ҳа, ойи, ўткинчи эди. Ўткинчи!- деди. Кейин қорда сирпана-сирпана олдинга мункиб, яна қаддини аранг ростлаб олдинга, уйга қараб югуриб кетди. Ортидан онаси ўпкаси оғзига тиқилиб югурар, ҳансираб изма-из келарди...

- Ойи, - деди ортидан хонасига кириб келган онасининг елкаларидан тутиб. - Ойи, эшитяпсизми, ҳалиги бодомзорлик йигит-чи, ўша уйландими?

Онаси ҳеч нарсани тушунмаса-да:

- Йўқ, қаёқда, ўша ландавурга, айтганингдай ким қизини берарди. Кечагинда яна...

- Ойи... Ойижон, ўша йигитга "хўп" денг...

- Нима? - онаси бир қалқиб тушди. Сўнг қизининг юз-кўзларини икки кафтлари орасига олиб узоқ тикилди. - Ҳа-я, улар тагли-тугли одамлар. Бир ҳисобда, эрнинг бўш-баёвроқ бўлгани яхши, ҳа, ҳа...

Нилуфар онасининг гапини эшитмади. Ўзини диванга ташлаб, бошларини ёстиқ тагига тиқди.

Қизнинг елкалари тинмай силкинар, қалби эса унсиз йиғларди...

Саида САЙХУН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди