Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№35 дан: 25.08.2011

СПОРТ ЮЛДУЗЛАРИ ҲАЁТИДАН

Дилдора УБАЙДУЛЛАЕВА:

БОЛАЛИК, САМБО, МУВАФФАҚИЯТЛАР ВА УСТОЗЛАР ІАҚИДА

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ: Дилдора Убайдуллаева - 1990 йили Фарғона шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлаб, Андижон олимпия заҳиралари спорт коллежининг самбо бўлимига ўқишга кирди. Отаси Валижон Ҳайитов - тадбиркор, онаси Гулбаҳор опа уй бекаси. Оилада етти фарзанд.

Д.Убайдуллаева дзюдо бўйича спорт устаси, самбо бўйича эса халқаро тоифадаги спорт устаси. У айни пайтда ўзи ўқиган спорт коллежида мураббий бўлиб фаолият кўрсатмоқда.

БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИ

Гарчи Фарғона шаҳрида дунёга келсам-да, тақдир тақозоси деймизми, билмадим, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида ўқидим. Бир сўз билан айтганда, инсоннинг энг ширин дамлари ҳисобланмиш-болалик пайтларим ўша ерда ўтган. Мактабдош дўстларим, ажралмас дугоналарим ҳам ўша юртда. Шунинг учун бўлса керак, мен Учқўрғонни яхши кўраман. Тез-тез бориб тураман. Бу қишлоқ мен учун яна бир нарсаси билан қадрли. Яъни, ҳаётимга самбо деб аталмиш спорт турининг кириб келиши билан. Болалигим - чамаси ўн ёшлигимда спортнинг шу турига қизиққанман. Адашмасам, бу қизиқишим ўткинчи эмас экан, мана, бора-бора ҳаётимнинг мазмунига айланиб боряпти. Мен ҳаётимни бу спорт турисиз тасаввур қилолмайман.

САМБО НАЗАРИЯСИ ВА

ТАЛАБАЛИК

Самбога бўлган мендаги қизиқиш кундан-кунга ортиб борарди. Гарчи қиз бола бўлсам-да, менинг шаддодлигим, чўрткесарлигим эҳтимол шунга сал мойилдир. Мени бошқа дугоналарим қатори мусиқа, чеварлик, ҳамширалик каби касблар қизиқтирмади. Буни сезишган ота-онам Андижон олимпия заҳиралари спорт коллежига ўқишга беришди. Бу ерда менинг ҳақиқий машқим ва ижодий кунларим, тинимсиз меҳнатларим бошланди. Ўзим севган машғулотим билан шуғулланганим боис, ҳеч ҳам зерикмадим. Тобора юксакликка интилишга ҳаракат қилдим. Лекин бир нарсани билардимки, ҳамма муваффақиятлар гарови - бу меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат эди. Мен эса шу меҳнатларга ўзимда куч-қувват топа олдим. Устоз ва мураббийлар гапларига қулоқ солиб, дарсларни ўз вақтида ўзлаштириб, кўпчиликнинг меҳрини қозондим, десам хато қилмаган бўламан.

ОЛТИН ВА КУМУШ МЕДАЛЛАР ЖАРАНГИ

Мен болалик пайтларимда телеэкранларда катта спортчиларни кўрганимда, улар сингари машҳур бўлишни орзу қилардим. Айниқса, уларнинг бўйнидаги олтин ва кумуш медалларни кўрганимда юрагим хапқириб кетарди. "Шунақа бўлиши мумкинми?" деб ўйлардим ичимда. Назаримда, болалик орзулари пок бўларкан. Сабаби, бугун мен шу орзулар оғушидаман. Кўксимни қатор медаллар безаб турибди. Олтин, кумуш медаллар. Буларнинг бари пок орзулар ва тинимсиз меҳнат натижасидир.

Масалан, 2009 йили Болгарияда самбо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда мен ҳам 52 кг. вазн бўйича иштирок этдим. Тўғриси, чемпионатда жуда кучли рақибларга дуч келдим. Уларга бас келиш, енгиш осон кечмади. Аммо мендаги ирода, шижоат ғолиб бўлишга, Андижонга ғалаба билан қайтишга мажбур этди. Ҳали-ҳали ёдимда. Мусобақанинг финал қисмида кучли рақиб билан майдонга тушдим. Уни жанг сўнггида "оғритиш усули" билан йиқитиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдим. Биринчи ўринни олиб, олтин медаль соҳибига айландим. Шунингдек, ана шу йили Тожикистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионатида олтин медал , 2010 йилда Грузия пойтахти Тибилиси шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медаль олишга муваффақ бўлдим. Уч карра Осиё чемпиониман.

Бундан ташқари, 2010 йили дзюдо бўйича Республика чемпионатида 2-ўрин, 2010 йилда 1-ўрин, Бу йилги "Ўзбекистон кубоги"да эса 1-ўринни олишга муваффақ бўлдим.

УСТОЗЛАР ЎГИТИ ВА

ЯНГИ ОРЗУЛАР

Мен 11 йилдан бери самбо ҳамда дзюдо билан шуғулланиб шуни англадимки, ҳар бир соҳада ҳам устоз бўлиши керак экан. Устозсиз шогирд эса узоққа боролмаслиги аниқ экан. Менинг озми-кўпми муваффақиятга эришишимда албатта устоз-мураббийларнинг ҳиссасси катта. Шунинг учун устозларим - Баҳром Расулов, Дилмурод Исроилов, Дониёр ака Ёқубовларга ўзимнинг чексиз минатдорчилигимни билдираман.

Орзуларга келсак...Орзуларим кўп. Аввало таниқли спортчилар опа-сингил Дилноза ва Дилором Қамбаровалар сингари кучли спортчи бўлиб етишиш. Бу йил дзюдо бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги ҳамда самбо бўйича Вильнюс шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиб, муваффақиятга эришишдир. Яна бир орзум - олийгоҳда ўқиш, олий маълумотли мутахассис бўлиш. Мен бир неча бор мамлакат, уч карра Осиё, Жаҳон чемпиони бўлсам-да, ҳозирча олий ўқув юртига кира олганим йўқ. Насиб этса келгусида эришган муваффақиятларим салмоғини янада ошираман ва албатта олий ўқув юртига ўқишга кираман. Бу - менинг энг олий орзумдир.

Мана, юртимизнинг мустақил бўлганига ҳам йигирма йил тўлди. Менинг шундайин улкан натижаларга эришишимга мустақиллигимиз, қолаверса Президентимизнинг ёшларга, спортга бўлган эътибори бош омил бўлди, деб ўйлайман.

Тенгдошларимга эса ҳамиша олдинга интилинг, спорт умрингиз ҳамроҳига айлансин, деб тилак билдириб қоламан.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди