Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№35 дан: 25.08.2011

ЯХШИЛИКНИНГ ҚАЙТИШИ

(ҲИКОЯ)

Куннинг нақ тиккага келиб атрофни бирдек қиздираётган палласида адирликнинг ёнбағридаги ёлғизоёқ йўлда кўйлагини ҳилпиллатганича югуриб келаётган аёл кўринди. Унинг рўмоли шамолда силкиниб, худди қуш қанотидай учарди.

Пастликдаги дўконда ўтирган Насибилло ака қўлини пешонасига қўйиб, у томонга ҳайрон боқди:

- Тавба,тинчликмикан... Қодир аканинг кампирига ўхшаяпти.

Аёл унинг бу туришини тепадан кўрди чоғи, тўғри шу ёққа югурди.

- Ҳай,ҳай, Зайнаб эже, секинроқ, шу ёшда одам бунақа югурмайди-я, юрагингизга куч келади.. - Насибилло ака унга пешвоз чиқди.

- Уфф... -аёл ҳансираб келиб, дўкон ёнидаги ўриндиққа "таппа" ўзини ташлади.

- Ука.... уфф... тезроқ бўлинг... - Зайнаб хола азбаройи гапиролмаганидан қўлини ҳавода силкитди. - мошин топиш керак, келинимни... тўлғоқ тутди!

- Ия, шунақами?

Насибилло ака шошиб қолди, дарров дўконини ёпди-да, катта кўчага қараб чопди. Зум ўтмай "Тико"да етиб келди.

- Чиқинг, эже. Уйга борамиз! -Насибилло ака уни ўрнидан турғазди.

- Раҳмат ука, мендан қайтмаса худодан қайтсин... Қарагин, ҳали ой куни бор эди, бирданига додлаб қолса бўладими? Аксига олиб Хатчахон йўқ экан, маҳалладаги анча - мунча келинларга ўзи доялик қилаверарди.. - Зайнаб хола йўл-йўлакай жавраб кетди. -Менга қолганда... Шуни айтади-да, шўр пешона деб. Ишқилиб эсон-омончилик бўлсин, болам шўрлик неччи йилдан бери кутади-я, бу болани! Кўрмайсизми, у дадаси билан ҳам тоққа пода ҳайдаб кетганди. Ишқилиб,соғ - саломат туғилсин невара..

- Яхши ният қилинг, эже, ҳаммаси зўр бўлади! -Насибилло уни тинчлантирди. - келинингиз баевой, тоғ қизи!

- Шуни айтинг ука, шуни айтинг...

Улар адирликни айланиб ўтиб, асосан, қирғизлар яшайдиган маҳаллага кириб келганларида Қодир аканинг уйи олдида бир гуруҳ аёллар жовур - жувур қилиб туришарди.

- Ана, ана кеп қолишди, -чуғурлашди уларни кўрибоқ.

Зайнаб холанинг аҳволини кўриб ёрдамга шошилган Насибилло ака хижолат бўлиб қолди.

- Мен пастда қолсам ҳам бўлар экан, -деди эшитилар-эшитилмас.

- Ака, сиз келмаганингизда мен ҳам келмасдим! - таниш ҳайдовчи унга дангал гапирди.

- Унақа деманг, ука. Савоб ишга келдик, илойим эсонликда кўз ёрисин келиннинг! - Насибилло ака дарров гапини тузатди.

Оз фурсат ўтиб дарддан "оҳ-воҳ" қилаётган жувонни етаклаб чиқиб келишди.

- Бўла қолинглар! -Зайнаб хола уларни шоширди.

Машина яна йўлга тушди.

Туман марказига етиб келгунларича икки эркакнинг бўлари бўлди. Чунки бечора жувон тўлғоқнинг зўридан нола чекавериб, юракларни эзиб ташлади. Бунинг устига кун шунақа қиздирдики, нафас олишнинг иложи йўқ, ҳаммалари жиққа терга ботишди. Лекин "миқ" этиб оғиз очишга уялишди. Ахир ёнларида икки дунё оралиғидаги она тўлғониб ётибди-ку?!

Яхши дўхтирлар унинг аҳволини кўриб, дарров ичкарига опкириб кетишди.

- Хайрият, хайрият... - деди Зайнаб хола. - мендан қайтмаса худодан қайтсин, ўргилайлар, энди сизлар бораверинглар, мен шу ерда қоламан!

- Ўзингизни ташлаб кетсак бўлмас, бироз туриб турайлик, яна... - Насибилло ака иккиланди.

- Хижолат бўлманг... -Зайнаб хола унга миннатдор бўлиб қаради. - бораверинглар!

Ҳайдовчи иккиси шифохона дарвозасидан чиқаётган маҳал тилларини осилтирганича хурпайган каттакон ит рўпараларида пайдо бўлди. Улар чўчиб ортга чекинишди.

- Кет-эй, кет.. - дарвозани очиб ёпиб турган қоровул итни ҳайдамоқчи бўлувди, жонивор унга бир ҳурпайди.

- Ўҳҳ, овчи итга ўхшайдия... йўлини тўсманг, яна ташланиб қолмасин! - ҳайдовчи уни огоҳлантирди.

Эркаклар бир четга ўтгач, ит югурган кўйи Зайнаб хола томонга кетди.

- Ҳа-я... бу Қодир ака раҳматлининг ити-ку, оти нимайдия...

- Ҳаҳ.. Бўйра, Бойрами, хулласи пода қўриқлайдиган ит. -Насибилло ака ҳамроҳларига тушунтирди. - вой тавба, қаранг, ортимиздан етиб келибди йўлни топиб!

- Ҳа, бунақа итлар жуда ақлли бўлади, ҳид билиш қобилияти кучли бўлармиш, холанинг исини қидириб кепти-да, - ҳайдовчи ҳам тан бергандай калласини ликиллатди.

- Бир ҳисобда яхши бўлди, Зайнаб хола ишончли қўриқчи билан энди, -Насибилло ака шундай дея машина томонга юрди.

- Ака, бу аёл қариндошингизми? - ҳайдовчи йўлда сўради.

(Давоми келгуси сонда)


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди