Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 27.10.2011

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

Кўча-кўйда, жамоат жойларида турлича саломлашишларга гувоҳ бўламиз. Баъзида айрим ёшлар, ҳаттоки, катта ёшдаги кишилар ҳам саломлашиш одобларига риоя қилмай, узуқ-юлуқ сўрашаётганини кўрамиз.

Айрим ҳолларда салом берган кишига алик қайтармаслик ҳам кузатилади. Аллоҳ таоло айтади: "Қачон сизга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи Зотдир" ("Нисо" сураси, 86-оят).

Саломлашиш кишилар ўртасида меҳр-муҳаббат пайдо қиладиган хайрли амал бўлиш билан бирга, маънавиятимиз, исломий қадриятларимиз қирраларидан ҳамдир. Демак, саломлашиш одобига риоя этсак, бир-биримизга эҳтиром билдириш баробарида ёшларга ибрат кўрсатган, Пайғамбаримиз (с.а.в.) кўрсатмаларини адо этган бўламиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. Уни ораларингизда кенг ёйинглар!" Бошқа бир ривоятда айтилганки: "Қачонки бир мусулмон бошқа бир мусулмонга салом берса, ва у алик олса, малоикалар алик олган кишига 70 марта саловат айтадилар. Агар алик олмаса, берилган саломга малоикалар ўзлари алик оладилар ва бу саломга алик олмаганга 70 марта лаънат айтадилар".

Абу Муслим Ҳалавоний тўп бўлиб турган одамлар олдидан ўтиб қолсалар, уларга салом бермасдилар. Сабаби сўралганида: "Мени салом беришдан тўсган нарса: агар улар саломга алик олмай қолсалар, малоикалар уларга лаънат айтиб қолишидан қўрқишимдир", дедилар ("Баҳрул улум").

"Бўстонул орифин" китобида ёзилишича, юриб кетаётган ўтирган кишига, кичкиналар катталарга, отлиқ пиёдага, от минган киши эшак минганга салом беради. Алик олувчи жавобини эшиттириб айтиши лозимдир. Чунки, салом берганга жавоби эшитилмаса, у алик ўрнига ўтмайди. Инсон аҳли байтига (уйига) келганда салом беради. Агар уйида ҳеч ким бўлмаса, "Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин", дейди. Шундай қилинса, уйдаги малои-калар алик оладилар. Натижада бу уйга баракотлар нозил бўлади.

Икки киши бир-бирига дуч келса, шаҳар тарафдан келаётган киши қишлоқ тарафдан келаётган кишига салом беради. Гап бошлашдан олдин салом бериш ва саломга алик олиш вожиб амалдир. Демак, салом бериш суннати кифоя, алик олиш эса фарзи кифоя. Яъни, бир тўп одамларнинг ичидан битталари салом бериб қўйса, қолганларнинг зиммасидан бу суннат амали соқит бўлади. Лекин ҳаммалари салом бериши афзалдир.

Алик олиш ҳам ҳудди шундай, агар жамоатдан бир киши саломга жавоб қайтарса, шу кифоя қилади. Салом беришда "Ассалому алайка" демасдан, "Ассалому алайкум" дейиш афзалроқдур. Боиси, киши ҳеч қачон ёлғиз эмас, унинг ҳамроҳлари - фаришталар ҳам бор. Саломга жавоб беришда "Ва алайкум ассалом" дейиш афзалдир, яъни "ва" сўзини қўшиб айтилгани маъқулдир. Алик ўз вақтида тез олиниши шарт.

Агар берилган саломга жавоб кечиктирилса, унда мусулмон биродарига ҳурматсизлик қилган бўлади. Агар бир кишига бошқа бир кишидан бир элчи ёки хат орқали дуои салом етиб келса, жавоби тезда қайтарилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдиларки: "То имон келтирмагунингларча Жаннатга кирмайсизлар. Ва бир-бирингиз билан дўст-биродар бўлмагунингларча комил, имонли бўла олмайсизлар. Диққат қилинглар, сизларга бир амални айтаманки, ана шу амални бажарсангиз, бир-бирларингиз билан биродар бўласизлар: ўрталарингизда саломни кенг ёйинглар" (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Демак, саломлашиш дину диёнатимизни мустаҳкамлашга, маънавиятимизни, инсоний фазилатларимизни бойитишга хизмат қилувчи, кишини одоб-ахлоққа чорловчи амалдир. Саломлашиш одобларига амал қилишликни эса Аллоҳ барчамизга насиб этсин.

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Олтинкўл туманидаги "Уйшин"

жомеъ масжидининг имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди