Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 27.10.2011

СУНБУЛА

ҲИКОЯ

Ниҳоят Сунбула талаба бўлди. У сингари барча талабаларнинг қувончи чексиз. Ҳозир дунёда улардан бахтли одам йўқ. Сунбула курсдошларини ҳали яхши танимайди. Шунинг учун дарсдан сўнг ётоқхонага ёлғиз ўзи кетди.

Сунбула ётоқхонада иккинчи курс қизлари билан каттагина хонага жойлашди. Бу хона аввал кутубхона бўлган экан. Ўн икки нафар талаба қиз бирга туришади.

Бу қиз хонада ҳам деярли ҳеч ким билан ортиқча гаплашмайди. Фақат ўзи билан ёнма-ён ётган иккинчи курс талабаси - Маликахон опа билангина гаплашиб туради. Улар бир-бирига ўргана бошлашди. Эрталаб институтга бирга боришади, дарсдан сўнг бирга қайтишади. Кўча айланишга ҳам бирга чиқишади. Ҳамма уларни опа-сингил деб ўйлашарди.

Малика Сирдарёдан, Сунбула эса Фарғонанинг Қўқон шаҳридан. Уларнинг тотувлиги шу даражага етдики, Маликахон опа севган йигити Анвар билан учрашувга ҳам Сунбуласиз чиқмайдиган бўлди.

...Бир куни дарсдан келиб тамадди қилиб ўтиришганида хона эшиги тақиллаб қолди. Қизлардан Кумушхон эшикни очди ва қайтиб кириб: " - Малика, сизни Анвар ака чақиряпти", - деди.

Бироз вақтдан кейин эса Малика қайтиб кирди-да Сунбулага:

- Сунбула, ташқарига қараб қўйинг, сизни сўрашяпти, - деди.

Қиз ташқарига чиққан эди Анварга рўбарў бўлди. Салом-аликдан кейин йигит уни бирга айлангани таклиф қилди.

Сунбула ҳайрон бўлди: "-Анвар ака, мен сизларга халақит берсам керак. Айтишади-ку, учинчиси ортиқча, деб".

Йигит астойдил илтимос қилди:

- Ҳеч ҳам ортиқча бўлмайсиз-да. Сиз бўлмасангиз Маликахон ҳам умуман таклифимга рози бўлмаяпти. Мени кўп ялинтирманглар...

Сунбула Анварни жуда ҳурмат қиларди. Шунинг учун бу охиргиси деган шарт билан йигитнинг таклифига рози бўлди. Лекин бу ҳол кейинроқ ҳам такрор-такрор бўлиб ўтди.

Ўшандай сайрларнинг бирида Анвар гап очиб қолди:

- Сунбула, бир гапим бор эди, айтсам сизга оғир ботмайдимикин?

- Вой, қанақа гап экан у, менга оғир ботадиган?! - ҳайратланиб сўради қиз.

Анвар бироз ҳижолат бўлди. Гапни нимадан бошлашни билмай, бироз каловланиб турди-да, бор журъатини ишга солди:

- Бир сафар ҳаммамиз бирга тушган сурат бор эди-ку?.. Уйга борганимда ўшани укам Бахтиёржон кўриб қолиб... Сизни... тўғриси ёқтириб қолипти.

- Ҳа-а... нима деяпти экан, депман-а! Одамни чўчитиб юборасиз-а, Анвар ака... Ёқтириб қолган бўлса бордир. Бу ёмон гап эмас-ку?.. - Сунбула йигитга кулиб боқди.

Анвар эса ҳижолатчиликдан қутилиб қолди. Сўнг дадил гапира кетди:

- Укам ўқишини Тошкентдан Фарғонага кўчирмоқчи бўляпти. Сизни деб...

- Қизиқ, - деди бироз ўйга толиб Сунбула. - Суратни кўриб туриб ҳам дарров ёқтириб қоладими, одам?

- Мен сиз ҳақингизда яхши гапларни айтиб берганим учун...

...Келаси ўқув йили Бахтиёржон ростдан ҳам ўқишини Фар-ғонага кўчириб келди. У ҳам акаси Анвар каби келишган, маданиятли, аммо камсуқум йигит экан. Қиз билан тездагина тил топишиб олишди. Улар фурсати бўлганда бир неча бор учрашган бўлишига қарамай Сунбулага ортиқча гап айтмади.

Тўртинчи курсда Анвар ва Маликаларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Ўша куни Бахтиёржон ҳам Сунбулага севги изҳор этди.

Лекин қиз қисқача қилиб умр савдоси жиддий эканини ва бу масалани ота-онаси ҳал қилишини айтди. Бахтиёржон ҳам унинг қарорини қувватлади.

Анвар ва Малика бир-бирига жуда мос эдилар. Улар бахтли ҳаёт кечиришди. Келаси йили эса қиз фарзандли бўлишди.

Сунбула ҳам ўқишни тугаллаб давлат имтиҳонига тайёргарлик кўриб турганда, хонага синглиси Назира ҳовлиқиб кириб келди. Қизнинг бошида катта сават.

- Опажон, дугоналарингизни чақиринг, бир меҳмон қилайлик! - деди Назира.

Сунбула ҳайрон бўлди.

...Кейин билса қизи билан маслаҳатлашмай туриб, ота-онаси Сунбуланинг холасига розичилик бериб юборишибди...

"Энди Бахтиёр ака нима бўлади? Ахир, у мендан умидвор эди..." - дея кўзига ёш келди Сунбуланинг.

Бир зумда хонага қизлар йиғилишди. Тўкин дастурхонни кўришиб, ҳамма қийқириб юборишди: "Тўй барибир яхши-да!"

Хушхабар тез тарқайди, дейишади. Сунбуланинг тўйи ҳақида эшитиб Бахтиёржон карахт бўлиб қолди. Дарров акасига хабар берганди, Анвар билан Малика биргаликда Сунбуланинг қишлоғига боришиб, ота-онаси билан гаплашиб кўришди. Афсуски ,фойдаси бўлмади.

...Сунбула ўқишни тугаллаб, қишлоғига қайтиб кетди. Тўйга тайёргарлик авжида экан, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қизни холасининг ўғли Тоҳирга узатишди...

...Тўйдан кейин Сунбула ўзининг қишлоғидаги мактаблардан бирига ишга жойлашди. Хушахлоқ бўлгани учун тез орада ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонди. Беш йилдан кейин ўз фани бўйича малака оширишга пойтахтга борди. Тошкент кўчаларидан юриб борар экан, негадир Бахтиёржонни эслади. Ҳаммаси ўтмишда қолди. Ўшанда Бахтиёржон не кўйга тушган экан-а?..

Малака ошириш чоғида тарихчи олим Сайдулло Машарипов Сунбуланинг иқтидорини кўриб, илмий иш қилишга таклиф қилди.

- Сунбула Алимова, ёзган рефератингизни ўқидим, - деди олим. - Яхши! Сизда қизиқиш кучли, иқтидорингиз ҳам чакки эмас. Маслаҳатим, темурийлар даври ҳақида илмий иш қилинг. Мен ўзим сизга кўмаклашаман, илмий раҳбарингиз бўламан!

Сунбула Сайдулло Машариповнинг самимият билан билдирган ишончидан руҳланиб кетди. Кейин илмий ишга сидқидилдан ёндошди.

(Давоми бор)

Соҳиба ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди