Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 27.10.2011

Тheatre.uz-2011

Театр санъати фестивалига ҳам оз фурсат қолди

(Ўтмиш, бугун, келажак туташ "дунё"лар)

Рус театр режиссёрларидан бири Георгий Товстоноговнинг шундай сўзлари бор: "Саҳна узунасига 30, энига 20 қадам, баландлиги пардаси баробар катта бўлмаган бир макон... Унга кичикроқ уй ё боғни жойлаштирса бўлади. Бироқ бу маконнинг пардалари очилгач, унга ўтмиш ҳам, бугун ҳам, келажак ҳам сиғиши мумкин. Бу ерда дунё яратиш мумкин". Дарҳақиқат, театр—дунё, дунё эса томошахона бўлганидек, саҳна айлангани каби дунё ҳам айлана ҳаракатда бўлади. Қизиқ, ана шу "дунё"ни яратиш учун қанча вақт керак? Саҳна пардалари очилмасдан туриб, унинг ортида ўша дунёни қанча муҳлатда яратиш мумкин?

Бу саволларнинг жавоби ягона бўлмаслиги тайин. Лекин ягона мақсад атрофида бирлашиб, ўз ижод маҳсуллари билан бўлишишга, бир-бирлари билан дийдорлашишга бел боғлаган театр ижодкорлари учун ўша ўтмиш, бугун ва келажакни мужассам этган "дунё"лари—спектаклларни намойиш этишга 10 кун керак бўлди…

Демоқчи бўлганимиз шуки, 2010 йил сўлим куз фаслининг дастлабки ўн кунлигида мамлакат маданий ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлган "Тheatre.uz-2010" биринчи Халқаро театр санъати фестивали мухлислар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлган эди. Халқимизда "Юракда ўти бўлса, олови кўринади", деган гап бор. Фестиваль ташаббускори, Ўзбекистон Ёшлар театрининг бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Наби Абдураҳмонов, бир сўз билан айтганда, юракдаги ана шу ўт билан театр санъатига бўлган эътиборни янада кучайтириш, театр фестивалларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш масалаларини дадил кўтариб чиқди. Бу билан ўзбек диёрида яна бир Театр фестивальи дунёга келди ва Товстоногов таърифлаган саҳнада 10 кун давомида ўша "дунё"лар намойиш этилди.

Табиий савол туғилади—фестивални ташкил этишдан мақсад нима эди? Аввало, пойтахтимиз Тошкентни халқаро миқёсдаги йирик театр марказига айлантириш, пойтахт театрлари саҳнасида жаҳон тажрибаларини ўрганиш ҳамда турли халқларнинг саҳна маданияти ва анъаналарини бойитиш учун ўзбек, хориж театрларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш фестивальнинг бош мақсадларидандир. Қолаверса, замонавий Ўзбекистон театрларининг ютуқларини кенг оммага кўрсатиш, шунингдек, театр ижодкорларининг ижодий ташаббуслари билан ўртоқлашиш ҳам кўзда тутилган. Бу борада ўтган йили фестивальнинг ёпилиш маросимида тўлқинланиб сўзга чиққан Наби Абдураҳмонов : "Бундай қизғин ижодий ҳамкорлик ва ўзбек-хориж театрларининг ўзаро ижодий мулоқотда бўлиши, ўйлайманки,келгуси фаолиятимизда ўзининг ижобий натижасини кўрсатмай қолмайди.Бундан янада янги лойиҳалар, янги саҳна асарлари дунёга келишига ишончим комил", деган эди.

Хўш, бу йил мазкур фестивальнинг миқёси ва даражаси қандай бўлади-ю, қайси хориж театр жамоалари юртимизга ташриф буюришади? Юқоридаги мақсадларнинг амалга ошиши ҳамда фестиваль дастурининг кўлами ва унда иштирок этувчи театрлар сафини янада кенгайтириш борасида янгиликлар борми? Мана шу саволларга жавоб топиш илинжида "Тheatre.uz" фестивали арт-директори Васса Васильевага мурожаат этдик.

Васса Васильева, иккинчи Халқаро Театр санъати фестивалига тайёргарлик жараёнлари қандай кечмоқда ва унинг дастури ҳақида нималар дея оласиз?

─ Бу йилги фестивальнинг дастурини уч қисмга бўлиш мумкин: биринчиси намойиш этиладиган спектакллар, иккинчиси маҳорат дарслари ва учинчиси Халқаро форум. Ҳар бирига махсус таклиф этилган хорижий мутахассислар бор.Улар иштирокида ўтказиладиган ҳар бир тадбир, ўйлайманки, фестиваль нуфузи, даражасини янада оширишга хизмат қилади. Жумладан, Буюк Британиянинг Sherman Cymru театри режиссёри Филипп Маккензи билан Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма спектаклини яратиш мақсадида Шекспирнинг "Ромео ва Жульетта" асари асосида маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилган. Лондондаги Стратфорт Ист Қироллик театри бадиий раҳбари Керри Майкл эса ушбу театр ишлаб чиққан методика бўйича бизнинг ёш актёрлар учун махсус машғулотларни ўтиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Германия, Исроил давлатларидан ҳам мутахассислар таклиф этилган.

Халқаро форум хусусида сўз очдингиз. Унда қайси масалалар кўриб чиқилади ва иштирокчилар кимлар?

─ Халқаро форум иштирокчилари ҳам махсус таклиф этилган мехмонлар бўлиб, улар Буюк Британиядан Керри Майкл( Стратфорт Ист Қироллик театри бадиий раҳбари), Нельсон Фернандез( Ғestival&Events International Халқаро фондининг бошқарувчиси) , Исроилдан Шмуэль Ифрах( Беер-Шеведаги Муниципиал театри бадиий раҳбари) ҳамда Россиядан Халқаро театрлар уюшмаси Конфедерацияси вакиллари Нора Копп, Ирина Козак, Катерина Черёминалардир. Улар иштирокида Ўрта Осиёнинг дунё театрлари фаолиятида тутган ўрни ва роли, эркин театр фаолиятининг 20 йиллик сарҳисоби мавзуларида давра суҳбатлари ўтказиб, ютуқ ҳамда муаммолар борасида фикр алмашиш назарда тутилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, халқаро доирадаги мазкур фестивальда Германия, Исроил, Молдавия, Озарбайжон, Грузия, Тожикистон,Украина сингари давлатларнинг театр жамоалари билан бир қаторда, ўзимизнинг пойтахт ва вилоят театрларининг спектакллари намойиш этилади. Бу ўтган йилга нисбатан фестиваль нуфузининг ортганидан далолат беради.

"Театр ─ ҳаёт кўзгуси" дея таъриф берилади. Албатта, бу санъатга таъриф беришда беихтиёр ишлатиладиган ушбу иборанинг замирида қанчалик масъулиятли, шу билан бирга шарафли вазифа яширинлиги сир эмас.Ҳадемай, 17-23 октябрь кунлари Art Week Style.uz-2011 ҳафталиги доирасида иккинчи халқаро "Theatre.uz" фестивали бўлиб ўтади. Театрнинг "маҳсулоти"-спектакль, "харидори" эса томошабин эканлиги маълум. Фестивальда намойиш этиладиган спектакллар аллақачон ўз томошабинига эга. Асосийси, бу жараёнда яраладиган янги-янги ижодий режалардир. Театр санъати фестивалига бўлган эътибор ҳам шундан!

Муниса АЛИЕВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди