Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№47 дан: 17.11.2011

ЖАҲОНГА ТАНИЛГАН АЁЛ

ЭЛ КОРИГА ЯРАШ - УНИНГ ҲАЁТ МАЗМУНИ

Швейцария Европадаги энг ривожланган, демократик тамо-йиллар асосида бошқариладиган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда давлат бошқаруви ҳам ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.

Швейцария ҳар бири кенг ҳуқуқларга эга бўлган 26 кантон (худди вилоят сингари)дан иборат конфедерация (иттифоқ)дир. Бу мамлакатда Олий ижрочи ҳокимият-Федерал кенгаш деб аталади. Федерал кенгашга етти нафар аъзо уюшган бўлиб, бу аъзолар Кантонлар сенати ва Миллий кенгашдан иборат икки палатали парламент - Федерал мажлис томонидан сайландилар. Федерал кенгаш аъзолари кейин парламент томонидан навбатма-навбат бир йиллик муддатга мамлакат президенти ва вице-президенти лавозимларига тайинланадилар. Президент ижро ҳокимиятининг бошлиғи ҳисобланади.

Швейцарияда демократия кенг ривожланган бўлиб, мамлакат аҳолисининг атиги чорак (0,25) фоизини ташкил этувчи еврейлар вакили Рут Дрейфус ҳам Федерал кенгаш аъзолигига сайланган. Парламент Федерал кенгаш аъзоси Рут Дрейфусни 1999 йилда президент лавозимига тайинлаган. Бу воқеа дунёнинг барча бурчакларигача етиб борган. Рут Дрейфус номи жаҳонга танилган.

Рут Дрейфус 1940 йилнинг 9 январида Швейцариянинг Германияга чегарадош ҳудудидаги Санкт-Галлен шаҳарчасида хизматчи оиласида туғилган. Унинг отаси тирикчилик учун бир амаллаб маблағ топарди. Умрининг охирида пичоқ ишлаб чиқарувчи фабрикада ҳисобчи бўлиб ишлаган. Онаси турмушга чиққунга қадар котиба бўлиб ишлаб, ота-онаси турмушига оз бўлса-да мадад бериб турганди. Рут ота-онаси оиласида туғилган тўнғич ўғил Жан-Жакдан тўрт ёш кичик қиз эди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда Рутлар оиласи "Гитлер Швейцарияни ҳам эгаллармикин?" деган хадикда яшаган эди. Чунки Гитлер еврейларни ер юзидан бутунлай йўқ қилиш тарафдори бўлиб, уларни қувғин қила бошлаган эди. Рутнинг отаси Германия ва Австриядан қочиб ўтган еврейларни миллатчи немислардан қутқариш ҳаракати фаолларидан бири эди. У қочоқларга ҳатто ўз хонадонидан ҳам бошпана берарди. Бироқ Швейцария ҳукумати Гитлерни ғазаблантиришдан қўрқиб, 1938 йилда қочоқлар кириб келишини таъқиқлаб қўйди, ҳатто қочоқларни Германияга қайтариб юбориш чораларини қўллади. Негаки, мамлакат аҳолиси орасида ҳам еврейларни ёқтирмас миллатчилар оз эмасди.

Шундай вазиятда Рутнинг отаси ўз оиласини ҳам чегарадан ичкарига, хавфсизроқ жойга кўчириш чораларини излай бошлади. 1942 йили Рутлар оиласи аввал, Бернга, сўнгра Женева шаҳрига кўчиб кетди. Қизалоқ Рут шу шаҳарда болалар боғчасига, сўнгра мактабга қатнай бошлаган.

Рут ўрта маълумот олгач, савдо билим юртида ўқиган. Оз фурсат шу соҳада ишлагач, Женева университетининг Иқтисодиёт факультетига ўқишга кирган. Талабалик даврида касаба уюшма фаолига айланиб, кейин Социал-демократлар партиясига аъзо бўлган.

У ўн олти ёшга тўлган, ҳаёт мазмунини энди англаб етаётган даврда оилада энг яқин маслакдоши бўлган отасидан жудо бўлди. Шифохонада бемор қон гуруҳига мос бўлмаган қонни қуйиб кечирилмас хатога йўл қўйилган эди. Йигирма бир ёшида эса онаси саратон касалидан вафот қилган.

Шундай оғир руҳий кечинмалар гирдобида университетни битирган Рут аввал БМТнинг тараққиётига кўмаклашувчи қўмитасида ижтимоий хизматчи бўлиб ишлади. Турли мамлакатларни кезиб юриб, ўз фаолиятини давом эттирди. Сўнгра мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида ишлади. Социал-демократик партиянинг етакчиси бўлиб, бу сиёсий уюшманинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини кўтаришга алоҳида эътибор қаратди.

Рут шу йиллар давомида турли лавозимларда ишлаб, ўз тажриба ва маҳоратини ошириб борди. 1993 йили Швейцария парламенти - Бундестратга дастлабки марта еврей аёли ноиб бўлиб сайланди. Бу ҳолат Рут Дрейфуснинг куч-ғайратини ошириб юборди. Энди у ҳукумат аъзолигига сайланиш учун астойдил ҳаракат бошлади. Унинг бу ҳаракатларига иқтисодиёт ва ташқи сиёсат масалаларини пухта билиши, катта-кичикка бир хил самимий муносабати, қолаверса, замондаги тезкор демократик ўзгаришлар мадад бўлди. Рут Дрейфус 1995 йили Федерал кенгаш аъзоси ва ички ишлар вазири этиб сайланди. 1998 йилда Швейцария конференциясининг вице-президенти, 1999 йилда эса Президент бўлди. 2000 йилдан эса Рут ҳукуматда федерал маслаҳатчи бўлиб қолди.

Рут Дрейфус мана олтмиш бир ёшга тўлди, аммо рўзғор қилмади. Ёшлигида жуда кўпчиликдан оила қуриш ҳақида таклифлар бўлган. Аммо Рут бу таклифларни кескин рад этган. У журналистларга берган бир интервьюсида "Мен ҳаётда эрга қарам бўлишни хоҳламаганман. Шундай экан, отасиз бола ўстиришни ҳам истамадим" деган эди.

Аҳдида қатъий турган Рут ўз куч-қуввати ва имкониятларини миллатдошлари ҳаётига оид Халқаро масалаларни ҳал қилишга сарф этмоқда. Турли ҳалокатларда халок бўлганлар ҳисоб рақамидаги маблағларни меросхўрларига қайтариш шундай масалалардан биридир. Рут Жаҳон саломатлик ташкилотининг интеллектуал мол-мулк, инновация ва жамоат тиббиёти ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг раисаси сифатида ҳам сезиларли тадбирларни амалга оширмоқда.

Хуллас, Рут Дрейфус эл корига ярашни ўз ҳаётининг мазмуни деб ҳисоблайди.

Маҳмуджон НОРХЎЖАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди