Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№51 дан: 15.12.2011

МУҲАММАД НОР

КЎНГИЛНИНГ ОҒИР ИШИ

(ВОҚЕИЙ ҲИКОЯ)

Зоҳиджонга уч кун аввал хат келганди. Бугун яна хат келди. Иккаласи ҳам Зебихондан. Ҳамхона дўстим кечки сменада, ишда эди. Ҳайрон бўлиб ишхонага телефон қилиб, хат келганлигини хабар қилдим. Зоҳиджон хотиржамлик билан "Ҳа, майли, сменадан қайтгач ўқирмиз" деб қўйди.

Зебихон Зоҳиджоннинг ҳолаваччаси. Ўша йили у ўрта мактабни битираётган бўй етган қиз эди. Бир хатида суратини ҳам жўнатган. Кўрганман: дўмбоққина, оппоқ юзли, кўзлари катта-катта қиз. Юзлари кулиб турганлиги суратда ҳам аниқ эди. Мен зимдан яхши кўриб қолган эдим. Хат келса ўқилишига шошилишим ҳам шундан эди. Чунки Зоҳиджон ҳам, мен ҳам бўйдоқ, уйланишни энди-энди кун тартибига қўяётган эдик-да!

Зоҳиджон ишдан қайтиши билан хатни қўлига тутдим. У хатжилдга бир назар ташлади-да, овқатлана бошлади. Сўнгра овқатланиш асносида "Бу хат поччанинг бизнинг ҳузуримизга ташрифи натижаларидан воқиф этса керак", деб қўйди.

Шундай бўлиб чиқди. Хат шундай бошланганди:

- Зоҳиджон ака, мўлжалларим саробга айланди. Охирги совчилар ота-онамдан розилик олиб, хатто тўй кунини ҳам белгилаб кетишди. Энди ҳаёт йўлимиз ростмона айро тушадиган бўлди. Шу важдан, дилимдаги бор гапни айтишга жазм этдим. Мен Сизни яхши кўрардим. Ота-онам ҳам Сизни куёв қилиш орзусида эдилар. Кейинги икки йилда совчилар келавериб, уларни ҳам чарчатганди. Дадам Тошкентга, Сизнинг ҳузурингизга бориб келгач, бирдан аввалги фикрларидан қайтиб, мени тезроқ турмушга чиқариш пайига тушиб қолди. Бувимнинг "Ҳой, нима гап?" деб қайта-қайта сўрашларига аранг "Шаҳар одамни бузади-да", деб жавоб қилдилар, холос. Хуллас, мен ёт бировни ёр тутишга маҳкумман. Сизнинг бизникида турган вақтдаги илтифотларингизни сира унута олмасам керак. Сизга бахт тилаб Зебихон".

Зоҳиджон хатни ўқиб бўлиб, "Ҳайрият!" деб қўйди. Мен ҳайрон бўлиб, кўзларига тикилдим. У анча сукунатдан сўнг "Почча меҳмонга келганида яхши кузатишга ёрдам бераверинг. Қолган гапни кейин айтиб бераман" дегандим-ку, энди ўша сирни очсам бўлаверади, - дея кулиб қўйди.

Ҳамхонамнинг менга айтишича, Зебихоннинг дадаси Тошкентга, Зоҳиджоннинг қандай юрганлиги, ўй-мақсадини билиш учун келган экан. У эса турли баҳоналарни рўкач қилиб, бафуржа суҳбатдан қочди. Айниқса, ишхонадаги таниш Розанинг хонадонимизга келиб палов дамлаши поччанинг барча орзу-умидларини чилпарчин қилган экан.

Роза йигирма ёшлардаги гўзал қиз. Ҳисобчи бўлиб ишлайди. Зоҳиджонга кўнгли бор бўлса керак, гоҳ-гоҳида бирор сабаб топиб хонадонимизга ҳам келиб турарди. Кейинги пайтларда уст-бошларимизни у ювиб, дазмолларди.

Ўша палов пиширган куни ҳам меҳмонга ўз дилрозини озгина очган экан.

- Мен бу "ишлар"ни атай уюштирдим, - деди Зоҳиджон поччани автобусга ўтқазиб қайтгач. - Зебихон ақлли-хушли, яхши қиз. Аммо мен қариндошлигимиз боис, унга уйланишим мумкин эмас. Қолаверса, почча бугунги ҳаётни унчалик хушламайди. Шу сабабдан у кишини кўп ҳам ёқтиравермайман. Шу гапларни Зебига, холамга тушунтиролмаётган эдим. Меҳмоннинг ташрифи муаммони менинг фойдамга ҳал қилди...

Одамдан кўнгил қолса ёмон. Зоҳиджоннинг поччани хушламаслигига бошқа сабаблар ҳам бордир, у буларни дастурхон қилмади. Бироқ Зебихоннинг беғубор қалбига лат етганига хафа бўлиб кетдим. Охири оғзимдан "Қариндошингиз менга ҳам ёқиб қолувди" деган калима чиқиб кетди. Зоҳиджоннинг ғаши келмади, балки кулимсираб "Аттанг, аввалроқ айтмабсиз. Поччага "Зебихонни дўстимга илин-япман" деб айтган бўлардим", деди. Кейин Сиз Зебига уйлансангиз, почча яна пешонамизда бўлиши мени қийнар эди-да, деб қўйди. Бу дўстимнинг тўғри мулоҳазалари эди.

Тўйга бормадик. Аммо оилавий бахт тилаб Зебихоннинг номига телеграмма жўнатдик. Тўйга бориб, келиннинг кўнглини вайрон қилгандан кўра бормаслик маъқул келди бизга.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди