Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№1 дан: 01.01.2012

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ОИЛА - МУҚАДДАС ҚЎРҒОН

Мамлакатимизда истиқлол йилларида оила институтига, шахс тарбиясига, оиланинг маданий-маиший турмуш шароитларини яхшилаш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Янги 2012 йилнинг "Мустаҳкам оила йили" деб номланиши ҳам ана шу эътиборнинг яна бир намунасидир.

Оиланинг жамиятдаги ўрни ва роли, уни ўрганиш, мустаҳкамлигини таъминлаш масалалари хусусида "Оила" илмий-амалий маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Дилдорахон Саматова билан суҳбатда бўлдик.

- Аввало, оиланинг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталсангиз?

- Ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртнинг оилалари мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва манфатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Қолаверса, ҳар бир инсон учун оила бу умрнинг бошланиши, барча эзгуликларнинг муқаддимасидир. Зеро, инсонлар ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Яъни, ўз уйи, оиласида бахт топган инсонгина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис этади.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг соғлиги ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлаб келгуси авлодларга қолдирадиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади. Ана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, оиланинг жамият тараққиётидаги аҳамияти беқиёс.

Юртбошимиз ташаббуси билан 2012 йил - Мустаҳкам оила йили деб номланганлиги жамиятимиз пойдевори бўлган оилани мустаҳкамлашга, унинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

- "Оила" илмий-амалий марказининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

- Маълумки, юртимизда 1998 йил - "Оила йили" деб номланган. Қабул қилинган Оила йили давлат Дастури доирасида оилаларни мустаҳкамлаш, фаровонлигини таъминлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 2 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси "Оила" илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига асосан оилаларни ўрганиш, оила билан боғлиқ жараёнларни илмий таҳлил этиб бориш мақсадида "Оила" илмий-амалий маркази ва унинг вилоят бўлимлари ташкил этилган. Ана шундан буён марказ самарали фаолият юритиб келмоқда.

Оиланинг мавқеини кўтариш, у билан боғлиқ жараёнларни ўрганиш мақсадида қатор давлат ва жамоат ташкилотларининг фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да, мазкур йўналишда "Оила" илмий-амалий маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади.

- Марказнинг вилоят бўлими томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Марказнинг Андижон вилоят бўлими томонидан оилага тааллуқли тарихий, ўзига хос миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига сингдириш, умуман, оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини юксалтириш, шу билан бирга аҳолининг сиёсий, маънавий, ҳуқуқий, тиббий билимларини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда вилоятимизда 800 мингдан зиёд оилалар мавжуд. Уларнинг деярли 20 фоизини ёш оилалар ташкил этади.

Бўлимимиз томонидан кенг жамоатчилик, айниқса, вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оилаларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилага тааллуқли долзарб муаммоларни илмий тадқиқ этиш борасидаги ишларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий, илмий-услубий йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 100 га яқин турли тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган ана шу тадбирларда 20 мингдан зиёд аҳоли иштирок этган бўлса, уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди.

Бундан ташқари, йил давомида "Оила қурувчи ёшларга", "Оила бюджетида тежамкорликнинг аҳамияти", "Оила ва никоҳ ҳуқуқидан қисқача луғат" "ОИТС - аср вабоси", "Келин бўлгувчи ойим" деб номланган турли мавзулардаги қўлланма ҳамда буклетлар тайёрланиб, чоп этилди ва аҳолига тарқатилди.

Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини, муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида маҳаллаларда, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида ўтказилган социологик тадқиқотлар келгусида мазкур йўналишда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

- Янги йилга қандай режалар белгиланди?

- Фурсатдан фойдаланиб, барча опа-сингилларимизни, юртдошларимизни Янги йил билан табриклайман. Янги йил юртимиз учун ҳайрли ва қутлуғ келсин, ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт ҳамроҳ бўлсин.

"Мустаҳкам оила йили" шубҳасиз, марказимиз зиммасига катта масъулият ва вазифалар юклайди. Шундан келиб чиқиб, келгуси йил учун улкан режалар белгиланди. Бир сўз билан айтганда, асосий эътиборимизни олдимизга қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаришга, оилалар мустаҳамлигини таъминлашга қаратамиз.

Суҳбатдош:

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди