Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№1 дан: 01.01.2012

Эркин КОМИЛОВ:

ОНАЛАРДА ҒОЙИБОНА СЕІР БОР

Халқимизнинг севимли санъаткорларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг ўзбек театри ва киноси ривожидаги хизматлари катта. Қолаверса, Эркин акани тарихимизни чуқур биладиган, миллий қадрият, ўзбекона урф-одат ва анъаналаримизни улуғловчи инсон сифатида ҳам яхши биламиз. Оналар ва бугунги кун аёллари мавзусида суҳбатлашиш асносида у кишидаги инсонийлик фазилатларини чуқурроқ англагандай бўлдик. Суҳбатлашиш ҳақидаги ниятимизни билгач, Эркин ака "Андижон учун жон деб вақт ажратаман. Андижон, андижонлик аёллар ҳақида жоним билан гапираман", дея хурсандчилигини яширмадилар. Келинг, яхшиси у киши билан бўлган суҳбатни Сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Эркин ака, раҳматли онангиз, у кишининг бугунги ҳаётингиз учун қўшган ҳиссалари ҳақида гапириб берсангиз?

- "Она" деган сўз юраклар тубида денгиз остидаги марвариддек ҳамиша пок сақланиб туради. Дунёга келамиз-у энг аввало, "Она" тафтини ҳис этамиз, тилимиз чиқиб, илк айтган калимамиз ҳам ана шу муборак зотнинг номи бўлади.

Ҳаётда буюк инсонларнинг буюклиги ҳам оналар меҳнати биландир. Оналар фарзанд учун жон беришга-да тайёр, боласи касал бўлса - шифокор, йиқилса - мададкор бўладиган ягона инсон.

Албатта, бу кунларга етишим, пойтахтга келиб эъзоз топишим, халқ артисти деган шарафли унвонга муносиб топилишим… буларнинг ҳамма-ҳаммасига онам сабабли эришганман.

Мен асли Хўжаобод туманининг Кўфа, ҳозирги Кўрпа қишлоғида туғилганман. Бизнинг қишлоқ Ўш шаҳри билан чегарадош бўлиб, "Қоронғу" деган бир ариқдан хатлаб Ўшга ўтардик. Андижонга қараганда Ўшга яқин яшаганлигимиз учун ҳам байрамлар, ҳайит ва муборак кунларимиз, асосан, ўша ёқда нишонланарди. У пайтлар чегара бўлмаган. Баъзан пиёда, баъзан от, баъзан велосипед миниб ўтиб кетаверардик.

Ўшанда кичкина бола эдим. Бир куни онам мени қариндошлар билан бирга Ўшдаги қандайдир жойга олиб борди. У ерда одамлар от миниб, қилич-қалқонлар билан, эски кийимлар кийиб, ҳар хил томошалар кўрсатишган. Оғзим очилиб ўтирганман. Бу томоша менга жудаям ёққан. Лекин у ернинг қанақа жойлиги, мен нима кўрганимни билмайман. Уйга қайтиб келаётганимда онамдан: "Ҳозир биз борган жой қандай жой?", деб сўраганман. Шунда онам: "Болам, бу театр", деганлар. Мен "театр" деган сўзни илк бора онамдан эшитганман. Шундан кейин онамга тез-тез "театрга оборинг", деб хархаша қилардим. Улар ҳам менинг кўнглимга қараб олиб борардилар. Демак, онам менинг юрагимга илк учқун ташлаган. Бу учқун секин-аста оловга айланган. Мана шу олов сабаб Тошкентдаги театр ва рассомчилик институтида ўқиб, театрга ишга келганман. Мана 45 йилдан буён шу ерда халқимга хизмат қилиб келмоқдаман. Демак, буларнинг ҳаммаси онам туфайли.

- Ота-она инсоннинг улкан хазинаси дейишади…

- Дарҳақиқат, Ота ва Она дунёдаги энг муқаддас зот, инсонга фақатгина бир бора бериладиган буюк неъматдир. Уларни йўқотгач, ҳеч ким қайта тополмайди. Қишлоққа борсам, ота-онамнинг қабрини зиёрат қиламан. Шу билан ўзимни бир оз овутгандай бўламан. Лекин, барибир, юракдаги соғинч, меҳрга ташналик, уларнинг қадрдон бўйларини топа олмайман. Шунинг учун ота-онани борида қадрига етиш, дуоларини олиш керак. Ўзим ҳам беш қиз узатдим, Худога шукр, ҳамма нарсам бор. Болаларим тиниб-тинчиб кетишган. Ҳамма нарса бисёр. Лекин ёнимда отамнинг, онамнинг йўқлиги боис улар татимайди.

... Мен ўз ҳаётимдан миннатдорман. Ўтган ва ўтаётган умрим учун розиман. Демак, бахтлиман. Буларнинг ҳаммасини онам менда "театр"га муҳаббат уйғотгани учун деб биламан. Ҳаётда ота-онанинг дуосини олганлар азиз ва мукаррам бўлиб юрганини кўряпмиз. Уларни норизо қилганлар эса хору-зор бўлганига ҳам гувоҳмиз.

- Болаликда сиз ҳам онангизни кўп ранжитган бўлсангиз керак?

- Бўлган. Ҳар бир бола сингари мен ҳам онамни кўп ранжитардим. Баъзан бирор шўхлик қилсам дадам мени эмас, онамни уришиб берардилар. Кейин онам мени уришсалар хафа бўлардим. Ҳозир эсласам, уялиб кетаман.

... 1998 йил 5 декабрь куни онамга: "Она мен "Халқ артисти", деган унвон олибман. Мени Президент ўз ҳузурларига чақирибди. Уларнинг ўзлари бу унвонни топширар эканлар. Эртага ўша ёққа бораман", дедим. Онам эса: "Эркинжон, болам, юртбошимиз сизни чақирган бўлса, бирдан сизга сўз бериб қолиши мумкин. Бундоқ хаёлларингизни жамлаб, кўнглингизга бирор фикрларни тугиб олинг, довдираб қолманг", дедилар. "Онажон, у ерда олиму-фузалолар ўтирса, уларнинг ичида менга сўз берадими. Қизиқ гапларни гапирасиз-а", дедим-у, кириб ётдим. Кейин "Агар сўз бериб қолса, нима қиламан?", деб ўйладим-да, миямнинг бир четига айрим фикрларни жойлаб қўйдим.

Эртаси куни барча йиғилди. Президентимиз сўзга чиққанларнинг барчасини эшитиб бўлгач, ўрнидан турди-да: "Ҳозир сўз Эркинбой Комиловга. Бу ёққа келинг", дедилар. Мен яна бирорта Эркин Комилов бор шекилли, деб ўйлаб ўтирсам, рўпарамда ўтирган Пиримқул Қодиров "Сизга сўз берди, туринг", деб қолди. Саҳнага чиқдим. Президентимиз: "Қани Сиз ҳам бирор сўз айтинг", дедилар. Шунда онамнинг кечаги айтган гапи эсимга тушди. Шундай пайтда ҳам онам мени хижолатликдан қутқариб қолган. Уйга келиб воқеани уларга айтсам: "Менга аён бўлганда, болажоним", дедилар. Оналарда ғойибона сеҳр бор. Улар фарзандига келадиган хавф-хатарни ҳам, қувончни ҳам олдиндан сеза оладилар. Бу фақат ва фақат оналарга хос хислат бўлса керак.

- Айрим эркаклар аёлининг қадрига етмайди ёки қандай аёл эрининг ҳурматига лойиқ бўла олмайди, деб ўйлайсиз?

- Отам мен уйланганимда: "Ҳеч қачон аёл кишига қўл кўтармагин. Аёл кишига фақат номард ва жоҳил одам қўл кўтаради", дея насиҳат қилганлар.

Бизнинг ҳаётимизни аёллар гўзал ва мунаввар қилиб туради. Эркак киши уйга кириб келганида олдига югуриб чиққан фарзандидан "Онанг қани?" деб сўрайди. Аёли қаршисига келиб: "Келдингизми дадаси", деса, уни кўриб кўнгли тоғдай кўтарилади, хотиржам бўлади.

Лекин ҳаётда ёмон хотинлар ҳам йўқ эмас. Бунақалардан Худо асрасин. "Аёл кишининг макри қирқ эшакка юк бўлади" деб бежиз айтилмаган. Қолаверса, эрининг дилини оғритиб, борига қанаот қилмаган аёллар ҳақида Аллоҳнинг каломию ҳадиси шарифларда ҳам кўп гапирилган. Бу катта гуноҳ. Эрининг қариндош-уруғларини яхши кутиб олмайдиган, яхши муомалада бўлмайдиган, уларни ҳар доим ёмонлаб юрадиганлар бор. Ака-укаларни бир-биридан айириб ташлайдиган аёллар ҳам талайгина.

Тарихдан уруш ва қаҳатчилик йиллари ҳақида кўп нарсаларни биламиз. Лекин ўша шароитда ҳам ҳеч қайси аёл оч, юпун қолгани учун эри билан жанжаллашмаган. Борига шукр қилиб яшаган. Орияти ва сабри кучли бўлган, ибосини йўқотмаган. Ҳозир ҳамма нарса мўл-кўл, лекин одамларнинг кўзи оч. Нафси ҳакалак отиб туради. Аёлларимиз ҳамиша шукр билан яшашлари керак. Сабрли аёлларимизга оиласи, фарзандлар камолини кўриш бахти албатта насиб этади.

- Беш қизнинг отаси, катта ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида бугунги кун қизларига қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

- Қизларимиз ғарбдан келаётган интернет маълумотларини эмас, ўзимизнинг мумтоз адабиётимизни ўқисалар ёмон бўлмасди. Бизга четдан келган мусиқалар, руҳиятимизни сустлаштирадиган ғоялар керак эмас. Ўзимизнинг чиройли, ибо-хаёга бой кийимларимиз бор. Мода деб ҳар нарсани кийиш, отанинг олдида ярим- ялонғоч юриш… астағфирулло, яхши эмас.

Баъзи қизларни кўриб эса "неварамни шуларга уйлантираманми?" дейман. Қизларимиздан ўзбекона иффат, ўзбекона лутфни йўқотмаслигини сўрардим. Дунёдаги бирорта миллатда ўзбекона лутф, иффат ва ибо каби чирой кўрмадим. Бу ўзбекларга Аллоҳнинг берган инъомидир. Яна қизларимизни каттани ҳурмат, кичикни иззат, қайнона-қайнотани, эрни эъзозлашларини, сабр-қаноатли бўлишларини жуда-жуда истайман.

- Андижонлик аёллар, қизларга ният ва янги йил тилакларингиз..?

- Андижонлик аёллар бошқача. Уларда бир дунё ва ҳеч кимда йўқ латофат, назокат, меҳмондўстлик, уят, андиша бор. Илоҳим, бу хислатлари йўқолмасин. Уйда бола-чақаси бўла туриб "Зерикяпман", деган аёл ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди. Аёлларимиз фарзандларини эл корига ярайдиган комил инсонлар қилиб тарбияласин, уларга оналик, аёллик бахти насиб этсин!

Андижонлик оналаримизга, муҳтарама аёл ва қизларимизга янги йилда омад, бахт-саодат ва назокат тилаб қоламан.

- Дилдан суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди