Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 05.01.2012

ҲИКОЯ

Маҳшаргача хайр, севгилим...

- Опажон, ташқарига чиқинг, ёмғир ёғяпти... Куз ёмғири!

Ҳаёллар оғушида ўтирган Раъно бир зум ўзига келгандай дераза томон яқинлашди. Шодлигу ташвишли кунларига гувоҳ - ёмғир севалаб ёғарди. Раънонинг барча хотиралари кўз ўнгида яна такрорлана бошлади.

***

Ўша йилги куз серёмғир келганди. Қуёш чарақлаб турган пайтда ҳам бир зумда осмон булутлар билан қопланар, ўзининг кўз ёшларини заминга тўкарди. Шундай кунларнинг бирида Раъно китоб олиш учун кутубхонага борди. Ўзи қидирган китобни олиб, ўриндиққа яхшилаб жойлашди-да, ўқишга киришди. Ўқишга қизиқиб кетганидан вақт ўтганини ҳам билмай қолди. Кейин кутубхонага баланд бўйли, кўринишидан анчагина жиддий, ўйчан нигоҳли бир йигит кириб келди ва кутубхона ходимидан сўради:

- Опажон, "Ўтган кунлар" борми?

Унинг бироз дағал овози Раънонинг нигоҳини тортди.

"Вой, "Ўтган кунлар"ни сўрадими, наҳотки, йигитлар ҳам китоб ўқишса? Мен уларни кўпроқ қўрқинчли фильмлар кўришга қизиқишади, деб ўйлар эканман..." ҳаёлидан ўтказди Раъно.

Кутубхона ходими йигитга китобни олиб ўқишаётганини айтиб, Раъно томонга ишора қилганди, у қизга нигоҳини қаратди. Кейин аста унинг ёнига яқинлашиб келди-да:

- Узр... малол келмаса, китобни дарров кўриб олсам майлими?" - деди.

Негадир Раънонинг авзойи бузилди. Қўлидаги китобни унга бераркан: "Мана, олинг. Мен ўзи кетаман деб тургандим", - деди-да, йиғиштирина бошлади.

- Йўғ-е, шошманг, - деди йигит Раънони ранжиди деб ўйлаб. - Фақат бир жойини кўриб олсам бўлгани...

- Бемалол кўраверинг, мен шошиб тургандим, деяпман-ку...

Раъно китобни йигит қўлига тутқазиб қўйиб, кутубхона ходимига яқинлашди. Китобни ана бу йигитга берганини айтди ва ташқарига йўналди.

Қиз бекатда автобус кутиб ўтирганди, бир пайт ёнига кимдир келиб аста ўтирди. Раъно бурилиб қараганди, бояги йигит жилмайиб турибди. Қиз хижолат тортиб, ўрнидан турди-да, сал нарироққа борди. Шу пайт қаттиқ момақалдироқ чалиб, бирданига ёмғир шаррос қуя бошлади. Раъно бироз у ёқ-бу ёққа қараб турди, ҳайрият, автобус ҳам келди.

Манзилга етай деганда, Раъно тушишга шайланиб олдинга қараганди... Кутубхонадаги йигит ҳам шу автобусга чиқиб олибди-да... Энг қизиғи эса кейинроқ содир бўлди. Йигит унинг ортидан соядай эргашиб бораверди. Охири бир кўчага бурилишганда улар кўп қаватли уйларда тўғрима-тўғри қўшни эканликлари аён бўлди.

- Буни қаранг, қўшни эканмиз-ку? - деди йигит қувончини ичига сиғдиролмай.

- Ҳа, куни-кеча кўчиб келган янги қўшни сизлар экансиз-да?! - Раъно ҳам тасодифдан ҳаяжонланиб кетди.

- Унда танишиб олайлик, менинг исмим - Отабек. Сизники-чи?

- Отабек?! Энди тушундим, шунинг учун ҳам "Ўтган кун-лар"ни ўқир экансиз-да? - саволга савол билан жавоб қилди Раъно.

- Йўғ-е, китоб ўқишни яхши кўраман мен... Исмингизни айтақолинг энди?..

- Раъно...

...Баъзида инсон тақдирини тасодифлар туташтиради, дейишади. Рост гап. Отабек билан Раънонинг кутубхонадаги учрашуви уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишларига сабаб бўлди.

Буни қаранг-ки, икки ёшнинг никоҳ тўйи куни ҳам ташқарида севалаб ёмғир ёғди.

Севган инсонинг ёнингда бўлса янги хонадонга ўрганиш осон кечаркан. Раъно югуриб-елиб хизмат қилиб юрар, бахтидан, тахтидан сармаст эди.

Бироқ унинг қувончли кунлари тез хотима топди. Ўша кун Раъно ҳаётида ўчмас из қолдирди.

Отабек ишга отланаётиб:

- Раъно, ойнадан ташқарига қаранг-чи! - деди.

- Вой, яна, ёмғир ёғяпти-ю... - эркаланди Раъно.

- Бугун тўйимиз бўлган кун! Ҳаш-паш дегунча бир йил ҳам ўтиб кетибди. Ёмғирнинг ёғиши бежиз эмасдир, шундай эмасми?

Куёв-қайлиқ ўша тотли, ширин дамларни эслашди. Ёмғирли кунлар бизнинг фақат яхши кунларимиздан хотира бўлиб қолсин, дея яхши ният қилишди.

Ишга кетиш олдидан Отабек хиёл эгилди-да, Раънонинг қулоқлари остида: "Сизни севаман... Сиз-чи?" - деди пичирлаб.

- Эй, қўйинг бунақа гапларни! - Раъно унга қаршилик кўрсатди. Лекин у ҳам ич-ичидан уни ардоқлашини айтгиси келди. Афсуски, ҳар сафаргидек дилидагини тилига кўчиролмади.

Отабек хайрлашар экан, қайлиғига қайта-қайта қараб кулиб қўйди.

...Кечга бориб Раъно дераза ойналарини очиб юборди. Ташқарига термулди. Негадир шу топда юраги ғашланиб кетди. Қўлларини узатиб, бироз ёмғирни эрмак қилиб турди. Бир пайт эшик қўнғироғи жиринглади.

Раъно эринибгина бориб, эшикни очди, нотаниш одамни кўрди-ю юраги энтикиб кетди. У: " - Тинчликми, кимсиз?" - дея олди, холос.

Нотаниш киши Отабекнинг автоҳалокатга учраганини, уни шифохонага олиб кетишганини айтди.

Ёмғирли кунлар... Шундай кунларнинг бирида Отабеги Раънони бир умрга ёлғиз ташлаб кетди.

...Ташқарида ёмғир ёғар, бироқ Раъно учун энди унинг маъниси йўқдай эди. Отабек билан бирга тушган суратларига узоқ тикилиб ўтираркан, ёмғирнинг шитир-шитир овози кўнглини чўктирди. Ўзини йиғидан тийиб туролмади. Юраги эзилиб йиғлар, дам-бадам ташқарига - узоқдаги мовий осмонга қараб қўяр, "Нега бундай бўлди? Нима учун мени ёмғирли кунларга ёлғиз ўзимни ташлаб кетдингиз?.. - дея пичирларди. - Отабек ака, яхши ниятларимизга етолмадик. Ёмғирлардан ҳам кўнглим қолди. Энди у менга далда бўлиш ўрнига, азоб беряпти. Начора, тақдирга тан бермасликнинг чораси йўқ экан. Асосийси, руҳингиз тинч бўлсин... Айрилиққа чидашим осон бўлмаяпти. Чунки Сиз - энг яхши инсон эдингиз!

Қаранг, сизсизликда шоира ҳам бўлиб кетдим. Шу бир парча оппоқ қоғоз, қалам... дардимни олаётгандай, гўё:

Билмайсизки, бу телба кўнгил,

Ишқингизнинг шаробидан маст.

Ё шунчалар ожизликми бу -

Қилаяпман ҳаётимга қасд...

Сизсиз ҳатто сония ўтмас,

Гулбоғимдан унмайди майса.

Юрагимдан зулматни ҳайдаб,

Шодлик дардга найзасин

сайса...

Сиз келибон ўзгарди тақдир,

Ҳаётимда ёруғ кун инди.

Бас, қилмайман ҳаётимга

қасд,

Армонларнинг куйлари

тинди!

...Отабек ака! Энди дилимдан бир сўз жой олган, у ҳам бўлса: "Маҳшаргача хайр, севгилим!"

Уффора ҲАБИБУЛЛАЕВА,

Пахтаобод иқтисодиёт коллежи талабаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди