Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 12.01.2012

Бўлажак Ватан ҳимоячилари таҳсил олаётган даргоҳ

Бугун барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз қуролли кучларини ислоҳ қилиш, соҳани малакали ҳарбий хизматчилар билан таъминлаш, умуман, мамлакатимиз ҳарбий салоҳиятини юқори поғонага кўтариш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ёшларни ҳарбий соҳага тайёрлаш, мазкур йўналишдаги мактаб, лицей ва билим юртларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларда таълим сифатини ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шу йўналишдаги ўқув муассасаларидан бири Асака тумани Ниёзботир қишлоғида жойлашган Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 25-ҳарбий касб ва спортга ихтисослаштирилган мактаб-интернатидир.

Айни кунда 350 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мазкур мактаб-интернатда ўқувчи ёшларни ҳарбий соҳадаги билим, кўникма ва маҳоратларини ошириш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур ўқув даргоҳида ўқувчиларни ақлан зийрак, жисмонан бақувват, шу билан бирга, ҳарбий ватанпарварлик, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш ишлари, умуман, таълим-тарбия жараёни Давлат таълим стандартлари талаблари асосида ташкил этилган. Муассасада 22 нафар ўқитувчи, 12 нафар взвод, гуруҳ командирлари ўқувчиларга пухта билим олишлари, ҳарбий касб, спорт соҳасида муайян малака ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда.

Ўқув даргоҳида Исматжон Исмоилов, Нодирбек Аҳмаджонов, Назирахон Давлатова, Маъмиржон Мирзакаримов, Ҳусниддин Ҳожиматов сингари ўқитувчиларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Мактаб-интернатда 13 та фан кабинети, 1 та компьютер хонаси, ахборот-кутубхона маркази ўқувчилар ихтиёрида. Синф хоналар фанларга оид электрон ва турли хил кўргазмалар билан жиҳозланган. Таълим сифатини оширишга қаратилган саъйи-ҳаракатлар, қолаверса, ўқитиш янги педагогик технологиялар, илғор ва ноанъанавий усуллар асосида олиб борилиши самарали натижалар бермоқда. 2010-2011 ўқув йилида мактаб ўқувчиларининг 12 нафари туман, 5 нафари вилоят фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгалладилар.

- Ўтган йиллар давомида мактаб-интернатни 1600 нафардан зиёд ўқувчилар тамомлади, - дейди мактаб-интенат директори Расулжон Зокиров. -Битирувчиларимизнинг аксарияти таълимнинг кейинги босқичларида турли ҳарбий билим юртларида таҳсил олишади. Бунда уларнинг мактабимизда олган билим ва малакалари муҳим аҳамият касб этаётганлиги шубҳасиз.

Дарҳақиқат, мактабни тамомлаган ёшларнинг кўпчилиги бугун мамлакатимиз қуролли кучлари қисмларида Ватанимиз сарҳадларини, мустақиллигимизни ҳимоя қилишдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқда.

- Мактабимизда ўқиш, ҳарбий билимларни эгаллашимиз учун барча шароитлар яратилган, - дейди 3-взвод 1-гуруҳ ўқувчиси Муҳаммаджон Ҳолмирзаев. - Бундан ташқари, ётоқхонамизда ҳам барча қулайликлар мавжуд. 1 та хонада икки киши ётамиз. Қатъий тартиб ўрнатилган. Бу бизнинг чиниқишимизга, ҳарбий кўникмаларни пухта эгаллашимизга ёрдам бермоқда.

Ўқувчиларнинг дарсдан, ҳарбий машғулотлардан сўнг бўш пайтларини мазмунли ўтказиш учун мактабда турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Ўқувчиларга тўрт маҳал иссиқ овқат берилади, барча қулайликларга эга ётоқхона уларнинг ихтиёрида.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили мактаб ошхонаси ва 350 ўринли ётоқхонаси капитал таъмирланди, ётоқхонанинг истиш тизими тўла янгиланди. Бу ишлар учун 119 млн. 300 минг сўм маблағ сарфланди.

- Кенжа ўғлим Адҳамжон болалигидан ҳарбий бўлишга жуда қизиқар эди, - дейди хўжаободлик меҳнат фахрийси Қорақўзи Ҳолқулов. - Ўз билими, ҳаракати билан имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтиб, мазкур мактаб-интернатда таҳсил олмоқда. Мактабдаги шароитлар, ўқитиш, тартиб-интизом, умуман, фарзандларимизга кўрсатилаётган эътибордан беҳад хурсандмиз.

Бир сўз билан айтганда, ушбу билим даргоҳида таҳсил олаётган ёшлар келажакда юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган, она Ватанимизнинг ҳақиқий ҳимоячилари, мард ва фидойи инсонлари бўлиб камолга етишишларига асло шубҳа йўқ.

Зулҳумор АКБАРОВА,

жамоатчи мухбир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди