Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 26.01.2012

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

Қаноатда бетимсол она...

(ёки марҳаматлик Ибодатхон опа Йўлдошева суратига чизгилар)

Ҳаётда овуниб яшашга одатланганмиз. Бошимизга тушган кулфатга сабр тилаб овунамиз, бахтимизнинг кемтиклигидан ўкинамиз-у, яна "бу ҳам бизга бир синов" деймиз-да, овуниб яшайверамиз.

Агар бирор дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолгудай бўлсак, атрофимиздагилардан шу таскин сўзларини эшитамиз: "Дунёнинг бир қавати шунақа, айланай. Бу ҳам Худонинг иши, дардни суйган бандасига беради. Энди сизга сабрдан бошқа чора йўқ..." ва ҳоказо.

Дунёнинг қаватлари ана шунақа - тақсимланиб кетган экан. Бировлар бахтдан масрур яшайдилар. Кимлардир кам-харжроқ, яна кимдир бой-бадавлат.

Ҳа, қандай бўлмасин, яшаш яхши. Зеро, умр инсон учун бежиз берилмаган. "Бошга тушганни кўз кўради", дейдилар. Модомики, Аллоҳ бизга умр берибдими, демак, унинг шукронаси учун ҳам чидам, матонат, сабр билан яшамоғимиз керак...

Орамизда ана шундай чидам-бардошли одамлар жуда кўп. Шундайлар борлиги учун ҳам ҳаёт гўзал-да. Аслида гўзалликни шу тоифа одамлар кўнглидан қидирмоқ керак.

Марҳамат туманининг Кўтарма қишлоқ фуқаролар йиғини, Увайсий маҳалласида бир аёл яшайди. У ўша, биз таърифлаган тоифа кишиси. Сабрли, матонатли ва жуда саранжом аёл. Уйига кирсангиз, аввало, тозалик, озодаликка дуч келасиз. Томорқанинг чиройли ишлови, узум, мева дарахтларининг бир текис шаклда парваришланаётгани диққатингизни тортса, чиннидай тоза, озода уйи тўрисида тўшакка михланиб ётган хаста қизининг ораста парвариши янада, меҳрингизни оширади. Негаки, аксарият ётиб қолган бемор ҳолатида ўзгача манзарани кўрасиз. На ҳид, на ғубор кўрасиз. Қиз оппоқ чойшаблар тўшалган жойда ётади. Ёнига бориб, янги ювилгандай силлиқ сочлар ва оппоқ кийим-бошни кўришингиз мумкин.

Алҳол, бу ҳолатда ётишга ўша хаста дил, бемор қизнинг ўзи қодир эмас. Мажолсиз у. Лекин унинг онаси, меҳрибони борки, у бугун чиройли, ҳид-хушсиз, озода ҳолатда ётибди.

Ибодатхон опани таниганимга 3-4 йил бўлди. Ўшанда муҳим юмуш билан маҳалла айланиб юргандик.

- Шу хонадонда бир қиз бор, анча йиллардан бери хаста ётади. Кириб кўрайлик, - деб қолди маслаҳатчи опа.

Хонадонга кирдик. Ибодат опа очиқ юз, самимият билан кутиб олди. Тўғри қизи ётган уйга етаклади.

- Ассалому алайкум, - деди Ёқутхон севинчдан порлаб, - келинглар.

Саломлашиб, сўрашгандан сўнг ёнига ўтирдик. Ҳол-аҳвол сўраб келганимизни, вилоят хотин-қизлар қўмитасидан вакил эканлигимизни билгач, қиз янада кўпроқ қувонди.

... Орадан бир ҳафта ўтиб, биз у хонадонга яна ташриф буюрдик. Бу сафар вилоят хотин-қизлари сардори номидан махсус совғалар топширгани бордик. Ўша куни Марҳамат тумани ҳокими, Кўтарма ҚФЙ раиси, Увайсий МФЙ раҳбарлари иштирокида Ёқутхонга рангли телевизор совға қилинди. 29-мактаб маъмурияти томонидан эса китоб стеллажи берилди ва у бадиий адабиётлар билан тўлдирилди...

Бу ҳолатдан уй бекаси Ибодатхон опа ғоят таъсирланди.

- Қизимнинг бу дардга чалинганига яқин 20 йил вақт бўлди, - деди у кўзлари ёшланиб. - Ўшанда у педагогика коллежида ўқирди. Нима бўлди-ю, битириш арафасида оёқ-қўлида оғриқ пайдо бўлиб, охири, тузалмас дардга айланди. Мана, уззу-кун шу аҳволда ётади...

- Маҳалла аҳлига, яхши одамларга раҳмат, - сўзида давом этади опа. - Ёқутхон неча йилдан бери тўшакда ётса-да, одамлардан ажраб қолмади. Доимо уни йўқлашади, ёрдамларини аяшмайди.

- Аввало, сизга раҳмат, - дедик унга ташаккуримизни изҳор этиб. - Сиздайин сабрли, қаноатли онаси борлиги учун ҳам Ёқутхон шу даражада эъзоз кўрмоқда. Қаранг, ундан хушбўй ифор таралади-я! Бу сизнинг меҳнатингиз, сизнинг болажон, меҳрибон ва катта қалб эгаси эканлигингиз меваси. Сиз ҳазрати аёлсиз...

Ҳа, орамизда шундайлар яшашади. Улар бугун кўпларга ибрат. Гарчи, бозор кўришмайди, кўча-кўйда юришмайди, байрамлар, тўй-тантаналарга боришмайди. Кеча-кундуз бир хаста дилга парвона улар. Мен Ибодат опа Йўлдошевани садоқатда бетимсол аёл сифатида тасаввур этаман.

Маҳфуза НОРБОЕВА.

МУЛОҲАЗА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди