Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 26.01.2012

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР

Тилидан шукроналик тушмаган момо

Шу нуроний онахон ҳам бир замонлар ўн саккиз ёшда бўлган. Унинг қийғоч қоши, жарангли кулгулари кимларнингдир юрагига ларзалар солган. Тик, адл қоматини кўришга интиқ йигитлар қанча бўлгандир...

Шаҳрихон тумани "Оқ олтин" маҳалласида истиқомат қилувчи пиру-бадавлат онахон Шарофатхон момо Саидаҳмедова билан суҳбатлашар эканман, шу хаёллар кўнглимдан ўтди.

Онахоннинг ёшлиги, навқиронлиги оғир йилларга тўғри келган. Момо ҳам тенгдошлари билан меҳрга, парваришга зор илиққина тупроқда яланг-оёқ кетмон чопди, қўш қўшди. Шарофатхон онахоннинг қўлларида ҳали ҳам ўша қадоқларнинг излари бор.

Момо у кунларнинг оғирлиги, ташвиши ҳақида кўпам сўйлайвермайди. Лекин онахон- ни гапиртиришга ҳаракат қиламан...

- Мукофот олиб ишлаган пайтларингизни сўзлаб берсангиз-чи, - дейман кулиб.

- Нимани айтай, қизим?.. Янаям ғайрат билан ишлашга ундаган. Чексиз-чегарасиз оғир меҳнат, гоҳ қувончли, гоҳ ғамгин ҳаётни бошдан кечириб яшадик. Юракларимизда ўчмас армон бўлиб қолган машъум уруш бошланди. Фронт ортида меҳнат қилдик. Оғир кунлар ортда қолди. Зокиржон отангиз (Худо раҳмат қилсин) билан уч ўғил, бир қизни вояга етказдик, қаторга қўшдик.

- Янглишмасам, турмуш ўртоғингиз Зокиржон ота ҳам юз ёшдан зиёд умр кўрган экан?

- Ҳа, чолим билан бир умр бир-биримизга суянчиқ бўлиб яшадик. Ўртамиздаги ўзаро ҳурмат бўлганлиги учун, бир-биримизнинг кўнглимизни авайлаб келдик.

- Қиз, келинларингиз, набира, чевараларингизнинг атрофингизда парвоналиги учун ҳам умрингиз зиёда бўлаётгандир?

- Шундай, болам. Уларнинг бир дунё қувончларини кўриб, яйраб кетаман. Невара, чевара, эвараларимнинг саноғига етолмайман. Етказганига шукр.

Бугун ҳар бир дамни ғанимат билиб, шукрона билан яшаётган пиру бадавлат Шарофатхон онага қараб, ҳавас қиласан, киши. Кексалик ҳам улуғ бир неъмат. Бунинг устига, фарзандлар эъзозида бўлиш кўнгилни тоғ қадар кўтаради, вужудинг фахрга тўлади. Фарзандлар ота-онаси билан эмас, ота-она фарзанди билан фахрланса, ич-ичидан қувонса, билинг-ки, бу тақдирнинг марҳамати. Уларни улғайтириш, эл қаторида кўриш учун тортган барча оғир-у енгилликларнинг мукофоти - роҳати экан. Отадан ўғилга, онадан қизга, улардан боласига ўтиб, узвий бир занжир - маънавий боғлиқлик, бутунликка ҳавас қилмай илож йўқ. Бундай оилалардан баҳра оласан, ҳаётга бўлган иштиёқ ортади.

- Ўғиллардан қай бирини кўпроқ яхши кўрасиз, соғинасиз? - Шарофатхон момони яна гапга солгим келди.

- Ҳаммаси жон-у таним. Бирини биридан кам кўрмайман. Ўғилларим, қизим, набираларимгача ўзидан тинган. Шунисига шукр.

...Кенжа ўғил Мусажон, келини Гулбаҳорхон, невара келини Зулайҳо ҳамиша онахоннинг хизматида. Қизи Адолатхон, ўғиллари Эргашали, Шокиржонлар момони тез-тез йўқлаб, дуоларини олиб туришади. Ҳаммалари тўпланса борми, катта ҳовли нақ тўйхонага айланиб кетади.

Кексаларимиз бекорга: "Ўзингдан кўпайгин, пиру бадавлат бўлиб юргин", деб айтмас экан. Бугун Шарофатхон момони йўқлаб бориб, шунга амин бўлдик.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди