Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 26.01.2012

Шукроналик

Узоқ йўл босиб келаётган мусофир ўзининг пойаб-зали эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига "шунақа ҳам ночор одам бўламанми?" дея ўз ҳолининг забунлигидан афсусланди.

Шаҳар кўриниб, дарвозага яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: "Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукрлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да", деб шукроналик йўлини тутди.

Бу воқеа гарчи аввалги замонларда бўлиб ўтган бўлса-да, ҳозирги пайтда ҳам ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Зеро, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солмоғи, борига шукр қилмоғи лозим. "Неъматнинг қадри кетганда билинади", деган сўзни кўп бора эшитганмиз. Ушбу сўз ҳақида бироз мулоҳаза қилсак, олам-олам маъноларни топган бўлар эдик. Неъмат деб, Аллоҳ таоло томонидан берилиб, эвазига шукр талаб қилинган қадри юксак нарсага айтилади.

Неъмат албатта, моддий бойликнинг ўзидангина иборат, деб ҳисоблайдиган инсон адашган бўлади. Чунки, унга берилган ҳаёт неъмати, жисмидаги ички ва ташқи аъзоларининг бир маромда ишлаши, яъни, кўзининг кўриши, қулоғининг эшитиши, тилининг таъм билиши, юрагининг уриб туриши, буларнинг барчаси аслида бебаҳо неъматдир. Инсон ушбу неъматлар кўз ўнгида такрорланавергани туфайли уларни оддий ҳол санайди. Ҳолбуки, ушбу неъматлар содда қилиб айтганда, бирор жойдан сотиб олинган ёки ижарага берилган эмас, балки, бизларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳадядир.

Қачонки, Аллоҳ сақласин, кўзимизга шикаст етсагина, кўзимиз борлигини, бирор жойимиз оғриб қолса, оғриган ўша аъзо танамизнинг қайси жойида жойлашганлиги ҳақида "билиб қоламиз". Ана ўшанда дунёда кўзи ожизлар, оёқ ёки қўллари ишламай қолган одамлар, узоқ йиллардан буён Аллоҳ берган дард туфайли тўшакка михланиб қолган одамлар ҳам борлигини ҳис қиламиз. Бу ҳиссиёт бизларни шукр қилишга ундайди.

"Соғлик - инсонлар бошидаги тож бўлиб, уни фақат ва фақат соғлигини йўқотган инсонлар кўра оладилар". Яна, баъзида ишларимиз юришмаётганлиги, қилаётган ишларимизда зафар ёр бўлмаётгани ҳақида нолиймиз. Шундай пайтларда биздан кўра ҳам ҳоли ночор, аммо, шукроналик билан ҳаёт кечираётган, тўкин дастурхон олдида ўтириб, сархил неъматлар ичида яна нималарнидир бўлишини хоҳлаган пайтимизда соддагина ҳаёт кечириб, тани соғ, хотиржамлигини барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар ҳам борлигини эслашимиз лозим.

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб: "...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейди ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди.

Жонажон Ватанимизда, хусусан, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободончилик, улкан бунёдкорлик ишларига ҳавас ва ифтихор билан қарайлик. Ушбу ишлар замирида юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётибди. Барчамиз юрт равнақи йўлидаги ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шукроналик, эртанги кунга умид ва ишонч ҳаётимизнинг шиорига айлансин.

Аллоҳ таоло, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топишини, гуллаб-яшнашини, халқимиз ҳаёти фаровон, осмонимиз мусаффо бўлишини насиб этсин.

И.ШАМСИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Шаҳидтепа"

жомеъ масжидининг имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди