Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 26.01.2012

ДИЛДАН СУҲБАТ

Фарзандлар камолини кўриш - улкан бахт!

Кино ва спектакллардаги кўплаб образлари ор-қали ўз мухлисларига эга бўлиб улгурган маҳоратли актриса Вазира ЮНУСОВА билан дилдан суҳбатлашдик. Унинг аёл, она ва санъаткор сифатидаги фикру мулоҳазалари билан ўртоқлашдик. Экранлардаги ролларини кўравериб, улар билан ғойибона бўлса-да, дийдорлашишни соғиниб юрган мухлислар учун ушбу суҳбатни илиндик.

- Аёл сифатида бугунги кун аёллари қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?

- Бугунги кун аёллари биринчи навбатда мустақил, тадбиркор, кўп ўқиган ва уққан бўлиши керак. Ана шундагина оиласини мустаҳкам олиб кетади, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олади.

- Сизнингча, оилада бахт топмаган аёл жамиятда бахт топиши ёки бунинг акси бўлиши мумкинми?

- Бўлиши мумкин. Шундай аёлларни кўрганманки, касбига, ишига меҳр бериб, оиласидан топмаган бахтини ишидан топади. Баъзилар эса жамиятдан тополмаган меҳрни оиласидан топа олади. Бунақа аёлларнинг кўпи билан учрашиб, суҳбат қурганим учун уларнинг ички туйғғулари билан яқиндан танишман. Баъзан шунақа аёллар борки, жуда ҳам билимли, илмли, гўзал. Уларни уйда ўтиради, деб ўйламайсиз. Лекин улар илмини ҳам, билимини ҳам, кашфиёт-у, илмий ишларини ҳам оиласи учун, фар- зандлари учун қурбон қилган.

Мен ўзимни ишда ҳам, оилада ҳам бахт топган аёлман, деб айта оламан. Турмушимдан, ишимдан ҳеч қачон нолимайман. Ишимда ҳам бахтим - яхши кўрган ролларим, яхши кўрган инсонларим, устозларим, уйда эса оилам - турмуш ўртоғим ва фарзандларим бор.

- Аёлни нималар севимли ва ёқимли қила олади, деб ўйлайсиз?

- Ҳар бир қиз ёшлигида орзуларга берилиб, осмонларда учиб юради. Кейинчалик турмуш қурганидан сўнг, албатта, турмуш ўртоғига ёқишга, унинг кўнглига қарашга, унинг учун севимли бўлишга ҳаракат қилади. Фарзандли бўлганидан кейин эса хоҳласа-хоҳламаса, ҳар бир она боласи учун яшай бошлайди. Боласини яхши кўргани учун ҳам оиласининг тинчлигини сақлайди. Турмуш ўртоғини рози қилиб, кўнглини олади. Шунинг баробарида ўзи ҳам севимли ва ёқимли бўлиб бораверади.

- "Фарзанднинг юзига шамол тегса, онанинг қалбига бўрон тегади", деган гапни она сифатида қандай изоҳлайсиз?

- Албатта, ҳар бир инсон бу дунёда болам деб яшайди. Болам деб, меҳнат қилиб, болам деб ўзини ўтга-чўққа уради. Фарзандларнинг саломатлиги, ширин кулгуси, қувончдан порлаб турган беғубор кўзларининг ўзи ота-она учун энг олий бахт. Ҳар ким ҳам фарзанди камолини кўришни истайди. Шунинг учун унинг соғлом ва беками кўст улғайишига ҳаракат қилади. Агар фарзанд касал бўлса, она ундан кўра икки-уч баробар кўпроқ азобланади. У билан биргаликда дард чекади. Худодан кеча-кундуз боласига соғлик сўрайди. Шунинг учун ҳам "Болам ортимдан қолсин", дейишади. Уларнинг доғини ҳеч кимга кўрсатмасин.

Менимча, фарзанд билан боғлиқ оғир вазиятлар ҳар бир аёл, ҳар бир онанинг ҳаётида содир бўлса керак. Менда ҳам шундай воқеа рўй берган. Унда катта қизим эндигина бир ёшда эди. Ёш ва тажрибасиз ҳамширанинг хатоси билан боламдан ажралиб қолишимга бир баҳя қолган. У балки ёшлик қилиб, балки тажрибасизлиги оқибатида нотўғри ташхис қўйган ва қизимга иситмаси бор пайтида мумкин бўлмаган уколни қилиб юборган. Агар Худойим ўз мўъжизасини кўрсатиб, боламни менга қайтариб бермаганида, у шол бўлиб қолиши мумкин эди. Яхши мутахассис, ўқиган, билимдон шифокорнинг ёрдами билан қизим яна қайта юриб кетган. Унгача мендан ўтганини ўзим билдим, Худо билди, тўкилиб, адо бўлдим. Мана, Худога шукр, ҳозир қизим ўн олти ёшга кирди, югуриб юрибди.

- Образларингизнинг халққа яқин бўлишининг сабаби нимада, деб биласиз?

- Ҳар бир актёр ёки актриса ўзига берилган образнинг яхшилаб мағзини чақиб олиши керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам актриса бозорга борадими, шифохонага ёки вокзалга борадими, у ҳаммани кузатиши ва ўрганиши лозим. Одамларнинг гап-сўзлари, ўзини тутиши, умуман, ҳамма-ҳаммасини эшитиб, кўриб, ҳис этиб, ўрганиши шарт. Актриса саҳнадаги шарт-шароитга сингиб кетиши керак. Ўйнайдиган ролини ўзидан ўтказиб талқин этса, у табиий ва ҳаётий кўринишда намоён бўлади. Мен ижодда ана шундай бўлишга интиламан. Қаҳрамон ҳолатига кириб, Вазира Юнусова эмас, ўша асар қаҳрамонига айланаман. Бунинг учун фақатгина изланиш, кузатиш, ўрганиш ва устозларнинг ўгитларига амал қилиш муҳимдир.

- Ўзингизни қандай оналар қаторига қўшасиз?

- Мен ўзимни яхши оналар қаторига қўшаман. Чунки фарзандларимнинг тарбияси билан мунтазам шуғулланиб тураман. Бўш вақтимнинг ҳаммасини болаларимга бағишлашга ҳаракат қиламан. Ҳозир икки нафар қизим бор. Шунинг учун уларнинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратаман. Айни кунларда туғруқ таътилидаман, янги меҳмон кутяпмиз. Шу боис, ҳозир уйдаман. Бу вақтдан эса унумли фойдаланган ҳолда қизларимга овқат пишириш, бичиш-тикиш каби ҳар бир аёлга керакли ишларни ўргатиб боришга ҳаракат қиляпман. 18 йиллик оилавий ҳаётимиз давомида ҳали турмуш ўртоғимнинг кўнглини ранжитадиган бирор иш қилмадим.

- Мухлисларингизга тилакларингиз.

- Мухлисларимнинг барчасига, аввало, оилавий тинчлик, соғлик-омонлик тилайман. Шунинг баробарида турмуш қурганларга тотув ҳаёт, яхши фарзандлар ва уларнинг камолини, ёшларга эса порлоқ келажак, мустаҳкам бахт тилаб қоламан. Барчамиз саломатлик ва тинчлик-омонликда дийдорлашайлик!

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди