Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№6 дан: 02.02.2012

ИБРАТЛИ МАҲАЛЛАЛАР ҲАЁТИДАН

"Маҳалламиз янада обод гўшага айланади",

ДЕЙДИ АНДИЖОН ШАҲРИДАГИ "БИРЛАШГАН" МФЙ РАИСИ

СОЙИБЖОН МУСАОХУНОВ.

Ҳар бир шахснинг яхши тарбия топиши, комил инсон бўлиб шаклланиши, оиласининг метиндай мустаҳкам бўлиши, аввало, оиланинг катталарига, қолаверса, у яшайдиган маҳалладаги муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ. Чунки, ана шу муҳит инсонни жамиятдаги ўрнини белгилашда, қай даражада ҳурмат-эътибор топишида муҳим аҳамият касб этади.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир инсонга ҳақиқий баҳо берадиган, ҳар бир масала юзасидан энг адолатли ва рўй-рост фикр билдирадиган маскан бу - маҳалла эканлигини эътироф этмаслик мумкин эмас.

Бирор қизни келин қилмоқчи бўлган одам биринчи навбатда унинг яшаш жойини - маҳалласини суриштиради. Ўша маҳалладаги нуроний, кўпни кўрган қарияларнинг бор-йўқлиги билан қизиқади. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик ҳукм сурган маҳаллада яшаб, яхши инсонларнинг панду насиҳатини олган қиз ҳеч қачон ёмон бўлмайди. Ўз уйини, ўз маҳалладошини қадрлаган, яхши тарбия олган одам, албатта, ўзга хонадон эгаларини ҳам ҳурмат қилиши табиий. Ёки бирор йигитга қиз бермоқчи бўлган оила вакиллари ҳам йигитнинг қайси маҳаллада истиқомат қилиши билан қизиқади. Маҳалланинг ободончилиги, аҳиллиги, бирдамлигини ва оқибатлилигини суриштириши турган гап.

Юртимизда маҳалланинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли жуда баланд. Қолаверса, миллий қадрият ва урф-одатларимизни улуғлаб келаётган, ҳамжиҳатлик, ибратли ишлар масканига айланган маҳаллаларга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Маҳаллага нисбатан ана шундай эътироф ва эътибор ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ, албатта. Бунда маҳалладаги ибратли ишларга бош-қош бўлаётган маҳалла фуқаролар йиғинининг хизмати ниҳоятда катта. Ана шу кичкина жамоанинг саъй-ҳаракати, меҳнати, маҳалла аҳлини бир мақсад йўлида жипслаштира олганлиги, изланишлари натижасида маҳалла кўркига кўрк қўшилади, намунали, ибратли маҳалла, деган ном олади. Айниқса, маҳалла ҳудудидаги оилаларнинг тинчлиги, осойишталиги, дастурхонининг тўкинлигида ҳам уларнинг катта ҳиссаси бор.

- Маҳалламиз Андижон шаҳридаги узоқ тарихга эга бўлган маҳаллалардан бири, - деб гап бошлайди "Бирлашган" МФЙ раиси Сойибжон Мусаохунов биз билан бўлган суҳбатда. - Айни пайтда маҳалламиздаги олтита кўчада 3200 нафар аҳоли, яъни 760 та оила, 410 та хонадон мавжуд.

Маҳалламизда ҳунармандлар, ишчилар, тадбиркорлар, қўйингки, турли касб эгалари аҳил, иноқ яшаб келмоқда. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша ташвиши, рўзғор тебратиш услуби бор, маънавият бўйича маълум бир дунёқарашга эга. Шундай бўлса-да, ҳар бир оила билан алоҳида иш олиб борамиз, маҳалланинг ҳар бир кишиси кўз ўнгимизда туради. Уларнинг қувончу ташвишларига шерикмиз.

Маҳалладошларимизнинг, айниқса, ёшларнинг билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолмаслиги, шу билан бирга, ҳар бир оиланинг тинчлиги, барқарорлиги учун жамоамиз масъул, албатта. Бу борада маслаҳатчи Нафисахон Сотқинова, котиб Маҳфуза Ёқубова, хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Одинахон Ҳайитова маҳалла фаоллари, кўпни кўрган кексалар билан бамаслаҳат иш олиб бормоқда. Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса маҳалламизда тинчлик, ҳамжиҳатликни, маҳалладошларимизнинг тинч -тотув яшашларини, дастурхонилари тўкинлигини таъминлаш, биз учун қадрли бўлган масканни обод қилиш, шаҳримиздаги намунали маҳаллалар қаторига олиб чиқишдир.

Ҳа, МФЙ раиси таъкидлаганидай, маҳаллада қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Энг аввало, аҳолининг тинч-фаровон яшашига, оилаларнинг моддий аҳволини яхшилашга, ишсизликни бартараф этишга эътибор қаратилмоқда.

Маҳалла аҳлини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи устувор вазифа қилиб белгиланган. Айни пайт-да маҳаллада бекорчи одамнинг ўзи йўқ. Кимдир кичкинагина томорқасида деҳқончилик, яна кимдир чорвачилик билан шуғулланиб, рўзғорини бутлашга, оила даромадини оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини томонидан аҳолига зарур барча ёрдам кўрсатилмоқда.

Маҳалла ҳудудида ҳунар-мандлар ҳам талайгина. Айниқса, мебель ва уй жиҳозлари тайёрловчи уста Шуҳратбек Нурматов, тўн тикувчи чевар Ўғилхон Маматоваларнинг ишларига кўплар ҳавас қилса арзийди. Кўплаб ҳунармандлар "устоз-шогирд" анъанаси асосида маҳалла ёшларига ўз ҳунарларини ўргатиб келмоқда.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида жойлашган "Текстиль плюс" ишлаб чиқариш корхонасида бугунги кунда 40 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

- "Уз Донг Жу пеинт Ко" қўшма корхонаси ҳомий сифатида маҳалладан ўз ёрдамини аямаяпти, - дейди С. Мусаохунов. - Корхона томонидан қишки мавсумга маҳалладаги ночор оилаларга, ногирон инсонларга 30 тонна кўмир,10 тонна картошка ва пиёз етказиб берилди.

Бундан ташқари, ҳудудимиздаги 22-умумтаълим мактаби синф хоналарига иситиш тизими ўрнатилди. Шунингдек, 13 нафар фуқароимиз Жалақудуқ туманидаги сиҳатгоҳда дам олиб, ўз саломатликларини тиклаб олдилар. Яқинда ўтказилган Янги йил байрамида эса кам таъминланган оила фар-зандларига байрам дастурхони ёзилиб, совға-саломлар улашилди.

Шу ўринда маҳалламизга яқиндан ёрдам кўрсатаётган корхона раҳбариятига ўзимизнинг самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.

Маҳаллада ободончилик ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир хонадон эгаси ҳовлиси ва кўчаларни саранжам-саришта, покиза тутади. Ўтган йили кўчалар четига арча кўчатлари экилди. Баҳорда эса манзарали кўчатлар экишни режалаштирганмиз.

Абдусаттор Мирзаев хонадонида иссиқхона барпо этилган бўлиб, унда турли хил гул кўчатлари етиштирилмоқда. Баҳорда ана шу гул кўчатларидан кўчаларимизга, ариқчалар бўйларига, хонадонларга ўтқазилади. Кунлар исиши билан маҳалламиз ҳудудидан оқиб ўтувчи Хўтанариқ тозаланади. Ҳозирда бунга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

- Ушбу йилнинг "Мустаҳкам оила йили" деб аталгани айни муддао бўлди,- суҳбатимизга қўшилди маҳалла маслаҳатчиси Нафисахон Сотқинова. - Чунки, оила Ватан ичра кичик Ватан ҳисобланади. Бу Ватаннинг мустаҳкамлиги жуда муҳим. Шу маънода, оилаларнинг бузилиб кетишига йўл қўймаслик, янги оилаларнинг тотувлигини таъминлаш, қолаверса, айрим сабабларга кўра бузилган оилаларни тиклаш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

МФЙ жорий йилда маҳалла идораси учун янги бино қуриш, озиқ-овқат дўкони, новвойхона, қассобхона, сартарошхонани ўз ичига олган маҳалла гузарини барпо этиш, ичимлик суви қувурларини янгилаш сингари ишларни амалга оширишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Айни кунда уларни бажариш учун ҳаракатлар бошлаб юборилган.

"Бирлашган" маҳалласида ким билан суҳбатлашмайлик, уларнинг шижоат, эртанги кунга умид ва ишонч туйғулари билан яшаётганликларини кўриш мумкин. Ҳа, маҳалла аҳли ана шундай эзгу ва хайрли мақсадлар сари интилаётган экан, ушбу маҳалла янада обод гўшага айланишига асло шубҳа йўқ.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди