Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№6 дан: 02.02.2012

Берия қароргоҳидаги қатлхона

Ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа тарихдир. Инсоният тарихи неча - неча қирғинбарот урушлару истилоларни бошидан ўтказмади, дейсиз. Олиб борилаётган тадқиқотлар ўлароқ, тарихнинг кемтик жойлари, сир-синоатлари очилиб бораверади. Минг шукрки, Ватанимиз мустақиллиги туфайли бугун озод юртда эмин-эркин яшамоқдамиз. Собиқ Иттифоқ мустабид тузумининг раҳнамоларидан бири билан боғлиқ жумбоқ тарихнинг ҳасратли саҳифаларидан сўзлайди.

Москва шаҳрининг қоқ марказида содир бўлаётган ғайритабиий ҳодисалар нафақат шаҳарликлар, ҳатто саёҳатчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Тунис давлати элчихонасининг шундоққина ёнида Малая Никитская ва Садово-Кудринская кўчалари муюлишида ғалати ҳодисалар рўй беради. Ярим тунда бу ерда автомобиль шовқини эшитилади. Енгил машина товуши шу қадар аниқ эшитиладики, киши ўзини беихтиёр йўл четига олиши тайин. Бироқ атрофда ҳеч қандай транспорт воситаси кўринмайди. Яна ҳам ажабланарлиси, энди автомашина қароргоҳ олдида тормоз бериб тўхтаб, машина эшиги очилади. Эркак кишиларнинг тушуниб бўлмас ғала-ғовури қулоққа чалинади. Кейин яна машина эшиклари ёпилгани, мотори ўт олгани ва ниҳоят олислаб бораётган автомашинанинг элас-элас овози...

КУДРИНСКАЯДАГИ САРОБ

Товушли сароб тез-тез такрорланадиган мазкур эски қароргоҳда иккинчи жаҳон урушидан сўнг собиқ иттифоқ давлат миллий хавфсизлик ҳизмати раҳбари Лаврентий Павлович Берия истиқомат қилган.

Садово-Кудринская, Малая Никитская ва Вспольний чорраҳаларига олиб чиқувчи йўл бўйида жойлашган бу эски иморат айтарли даражада ҳашамдор эмас. Дастлаб 1884 йили шаҳар бошқарувчиси Степан Тарасов учун қурилган. Иккинчи жаҳон урушидан олдин эса "Юрьевец" ип-йигирув корхонасининг асосчиси Иван Бакакин учун янада кенгайтирилган бу иншоот чорбоғи жуда катта майдонни эгаллаган эди. Шунинг учунми, кейинчалик бу жой унинг янги соҳибида қизиқиш уйғотган.

Охирги пайтларда бу жойда бўлаётган ғаройиб ҳодисалар теварак-атрофда яшовчиларнинг оғзидан тушмай қолди. Қарангки, 2-3 киши тўпландими, мавзу эски иншоотга бориб тақаларди.

Орадан анча йиллар ўтиб, Качалов (собиқ Иттифоқ пайтида Малая Никитская деб номланган) кўчасидаги марказий канализация қувурларини таъмирлаш учун қазиш ишлари олиб борилаётганда, ишчилар одам суякларига дуч келдилар. Топилган инсон суяклари текширувга кўра, Сталин репрессияси даврларига тўғри келар эди. Қувур йўли қароргоҳ томон қанча яқинлашган сари шунча кўп склетлар қазиб олинарди. Бу, ўз навбатида, Берия томонидан қиз-жувонларнинг номусига тажовуз ва унинг буйруғи асосида ўлдирилганлиги ҳақидаги миш-мишлар аслида ҳақиқат эканлигининг қисман исботи эди.

Антон Антонов-Овсеенко ўзининг Л.Берия ҳақидаги китобида ёзишича, чорбоғ ертўласидан тош кесиш мосламаси топилган. Ўлдирилган аёлларнинг жасадини канализацияга ташлаш учун шу асбобда майдалашган, эҳтимол. Бошқа манбаларда қайд этилишича, уй ҳовлисида кичкина қатлхона бўлган эмиш. Унда жабрдийдаларнинг танаси ёқиб юбориларкан.

Шунингдек, Л. Берияни ҳибсга олиш пайтида чорбоғда ўтказилган тинтувда у ердан кўйлак, пайпоқ, рўмол ва бошқа анчагина аёллар ички ва ташқи кийимлари чиққани ҳақида баённомада ҳам қайд этилган. Бундан кўриниб турибдики, ишратбоз "коллекциячи" мафтункор асиралари ҳақида эслатувчи ниманидир эсдалик-хотирага олиб қолиш завқидан ўзини қайтармаган. Ашёвий далиллар орасида ўсмирлар ўлчамидаги кийимлар ҳам борлиги нафақат жувонлар, балки бўйига етган ўсмир қизлар ҳам ишқпараст маршалнинг ўлжаси бўлган, деган гап-сўзлар ўз исботини топган, дейиш мумкин.

Бошлиғига аёлларни полковник Рафаэль Саркисов "тақдим" этарди. Одатда, у Лаврентий Павловичга ёқиб қолган аёл билан "музокара"га борар ва хонимлар билан хушмуомалалик билан сўзлашар, лекин гапини ўтказиб, албатта, телефон рақамини оларди ва кечаси меҳмонни қароргоҳга келтирарди. Берия баъзи аёллар билан тўкин дастурхон атрофида мароқли суҳбат билан чекланса, айримларини бадном этарди. Қай усулни танлаш унинг кайфиятига боғлиқ бўлган.

Ҳатто, аёлнинг бошида эри борлиги ҳам бу қабиҳликдан қайтаролмасди уни. Негаки, шундай қудратли рақибидан аёлининг ор-номусини ҳимоя қилишга жазм этадиган мард мамлакатда топилмаслигини у жуда яхши биларди-да.

"ҚИЗИМНИ ҚЎЙИБ ЮБОР, ШАЙТОН!"

Лекин шунақаси ҳам бўлган бир марта. 1944 йили Вспольнўй "ҳарам"и София исмли яна битта соҳибжамол билан тўлдирилди. Бу аёл иккинчи жаҳон уруши пайтида душман самолётларидан 21 тасини уриб туширган ва мураккаб тоғлик ҳудудда, ёмон об-ҳаво шароитига қарамай маршал Иосиф Броз Титони фашист-лар қуршовидан эсон-омон олиб чиққан Совет Иттифоқи қаҳрамони Сергей Шировнинг рафиқаси эди. У билан яхши ниятда бир ёстиққа бош қўйганига ҳали ҳеч қанча бўлмаган, асал ойи чиқиб улгурмаган маъсума келинчак ҳам Бериянинг ҳирсли назаридан четда қолмади. Никоҳ тўйига 10 кун бўлганида хизмат сафаридан қайтган Сергей остонада хотини кутиб олмаганидан ажабланди. Тунги соат иккиларда эса аллақандай машина Софияни уйга ташлаб кетди. Ундан қимматбаҳо вино ҳиди уфуриб турарди. Аёл уйга кирибоқ ўзини йиғидан тўхтатолмади, бўлган воқеани яширмасдан рўйи-рост эрига айтиб беради. Чўрткесар, дангал сўзлайдиган Широв энди Берияга ошкора таҳдид қила бошлайди. Мана шу таҳдидлар ортида учувчи учун машъум кунлар бошига тушиши унинг етти ухлаб тушига кирмаганди. Бу воқеадан ҳеч қанча ўтмай Сергей ҳибсга олинади ва бир қатор асоссиз айбловлар қўйилиб, унга нисбатан жиноий иш очилади. Энди учувчининг умиди фақат одил суддан, бор ҳақиқатни айтиб, асли ким жиноятчи эканини фош қилиш умидида эди. Лекин содда қаҳрамон судда унга охирги сўз берилмасдан ҳам 25 йиллик қаттиқ тартибдаги турли лагерда қамоқ жазосини тайинланишини қайдан билсин. Кейинчалик собиқ СССРнинг НКВД қўриқлаш хизмати бошлиғи, полковник Саркисов бош прокуратурага берган кўрсатмасига кўра, София Широва қароргоҳга келтирилган аёллар орасида № 117 рақами остида рўйхатга олинган. Аслида "асиралар" рўйхати 200 тадан ортган, яна бошқа манбаларда эса 760 тада якун топган. Бериянинг рафиқаси Нина Теймуразовна эса бу аёлларнинг барчаси разведкачи-айғоқчи ёки маълумот ташувчи жосус бўлганлигини таъкидлаган. 1953 йили, Сталин вафотидан сўнг Широв озодликка чиқади. 37 ёшидаёқ қадди дол, тишлари тўкилган, теварак-атрофга ҳадик ила олазарак боқадиган "чол" севикли ёрини излаб топди. Аммо бу пайтда бошқа кишига умр йўлдош бўлиб улгурган София собиқ эрига эшикни қарсиллатиб ёпади.

Чорбоғнинг хўжалик ишлари бўйича бекаси Раиса исмли аёл Бериянинг ишончини қозонган хизматчилардан эди. Шунинг учунми, бир куни ўсмир қизининг тирсагидан ушлаб турган хўжайинига ҳадди сиғиб, "Қани, қизимни қўйиб юбор, шайтон", дея нафрат билан ўшқиришдан ўзини тиймади. Бундай муносабатни кутмаган Лаврентий Павлович дарров вазиятни ҳазилга буриб юборади. Раиса кейинчалик Вспольний торкўчаси остида қароргоҳдан чиқиладиган махсус яширин ер ости йўли ўтганлиги ва нимта-нимта қилинган аёлларнинг жасадларини қўриқлаш хизматидагилар шу жойга чиқариб ташлашганини сўзлаб берган. Ерости йўли кавланганда ўнлаб склетлар топилган.

Эгаллаб турган мавқеидан фойдаланиб, Берия ҳар қандай қабиҳлигу разолатдан тап тортмаган, токи... 1953 йили Никита Хрушчёв билан ҳукумат учун олиб борилган беаёв курашгача омонликда юрди. Лекин ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслиги шубҳасиз. Қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлган жаллод шу йили қилмишига яраша жазоланди. Расмий маълумотларга кўра, Л.Берия Кремлда ҳибсга олиниб, ўлимга маҳкум этилган. Отув ҳукми Москва ҳарбий округи ертўласида ижро этилган.

Ҳа, тарих эртами-кечми ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди. Ҳақиқат қарор топади.

"АиФ" газетасидан

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди