Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№8 дан: 16.02.2012

МУЛОҲАЗА, МУНОСАБАТ, МУНОЗАРА

Хорижий сериаллар бизга нима беряпти?

Жим... сериал бошланди.

Жамоат жойларида билмадим-у, хонадонларда чет эл сериаллари бошланиши билан ҳамма суҳбат тўхтатилади. Чунки, телевизорда сериалнинг навбатдаги қисмлари бошланди. Аёллар, уй бекалари - мухлислар бир зум ҳар қандай юмушини таққа тўхтатади. Худди шундай манзаралардан бири хонадон бекасининг жаҳлини чиқарди. Сабаби, энди сериални кўришга ўтирганди, қўшниси чақириб кириб қолди.

- Ҳа, ўла, санқимай! Нега кирди экан, сериални ҳам кўролмайман, шекилли.

- ... Қўшни, яхши ўтирибсизларми? Тинчмисизлар? Нариги маҳалладаги Мастура момо бор эди-ку, ўша онахон оламдан ўтибди. Аёллар йиғилишиб, фотиҳага ўтиб келайлик, дегандим...

- Ҳозир эмас, мен кейинроқ бораман. Зарур ишларим бор.

Аёл қўшнисини ҳайдагандай хайр-маъзурни насия қилиб кузатди. Кузатди-ю, телевизорга тикилди. "Хонадон" номли турк сериали бошланганди-да...

Ҳа, шунақа, айрим ўзбек аёллари, эркаклар, ёшлар ҳар қандай юмушини бир четга йиғиштириб қўйиб, "зарур ишлари"ни қилишади. Айниқса, аёллар сериал бошланганда ҳамма нарсани унутишади - овқати кечикадими, ё тайёр бўлиб қолган овқат таги куйиб кетадими, дазмоли қизийдими?.. Қўни-қўшниси, қариндошими тўй ёки азага айтса ҳам "уф" тортади. Сериал кўришнинг "белига тепган"ни иложи бўлса ғажиб ташлагиси келади. Энди нима бўларкин, деган пайтда фикрини чалғитганни кўргани кўзи йўқ.

Нега шундай? Нима учун биз хориж сериалларни кўришга бунчалар берилиб кетдик? Наҳотки, ўзбек миллатига мутлақо мос келмайдиган ҳаёт, яшаш тарзи, севги-муҳаббатни, хиёнатни кўриш мароқли бўлса? Гапнинг тўғриси, шунақанги фильмларни кўраман деб, телеэкран қаршисига михланиб ўтирганлар қайнонасидан, эридан дакки еб, хонадонида жанжал бўлганлар ҳам бор. Энг ачинарли томони эса, ўша томошабин кинофильмларни ҳали балоғатга етмаган фарзандлари билан ёнма-ён ўтириб томоша қилаётганидир. Баъзи бир сериалларда тасвирланган воқеликни кўрган боланинг тарбияси бузилмайдими?

Яқинда ҳали мактабга бормаган беш ёшли қизалоқ сериал қаҳрамонларининг бир-бирига бўлган севги изҳорлари, хиёнатлари ҳақида гапираётганининг гувоҳи бўлдим. Ҳатто, у бемалол фильм қаҳрамонларининг исмини айтиб сўзларди. Турли каналларда бирини-бирига улаб сериал кўраётган, онасига танбеҳ бераётган ўн уч ёшли қизни кўриб, тавба, дедим. Онаси фильм қаҳрамонларининг исмларини чалкаштириб юборди. Қизи эса жаҳл билан онасининг хатосини тўғрилади...

Ўзбек миллатига хос ҳаё, ибо, ўзаро ҳурмат, бурч, муомала маданияти қани?!

Дарвоқе, телевидение орқали намойиш этилаётган Мексика, Туркия, Корея, Хитой сериалларидаги воқеалар миллатимизга мос эмас. Бир-бирини алдаш, хиёнат қилиш, хуфёна учрашувлар, ота-онага қарши чиқиш, оилали ёки эрли аёлни севиш машмашалари энсангизни қотиради. Аммо уй бекаларигина эмас, зиёли ёки ишчи, турли ёшдаги айрим шахслар ҳам сериаллар ишқибози. Дастурхонда ош совиса совийдики, кино деса киприк қоқмай томоша қилишади улар.

Ёши улуғ кишилар сериаллардаги қаҳрамонларнинг қилмиши, хатти-ҳаракати, ўзаро муносабати, юриш-туриши, кийинишига қараб: "Ҳа, энди буларнинг миллати бошқа, қолаверса, бу ахир, бир кино-да. Артистлар роль ижро этяпти", деган фикрда бўлишлари мумкин. Бироқ ёшлар-чи, ёш болалар-чи? Ахир, улар: "Шундоқ қилса бўларкан, уларга ўхшасак зўр-да", деган фикр билан тақлид қилишни ўз онгига сингдириб олишади. Яққол кўриниб турибди, айрим ўсмир қизларнинг пардози, кийиниши, соч турмаклаши чет эл сериалидаги қаҳрамонларникидай.

Икки болакайнинг суҳбатини тингладим. Диёра ўртоғига айтяпти: "Мен Райҳонман, сен Амирхон бўласан. Икковимиз бир-биримизни яхши кўрамиз..."

- Диёра, яхши кўриш нима, биласанми ўзи? - савол бердим унга.

- Ҳа... - кулимсираб ерга қарайди қизалоқ. - Улар доим бирга юради, совғалар олиб беради...

Минг афсус, болажонларимиз ўзбек халқ эртакларидан кўра сериаллар ҳақида бийрон сўзлашади. Ҳатто исмларини ёд олганини кўринг?..

Хуллас, қимматли вақтимизни, ҳушимизни олаётган айрим сериаллар жонга тегди. "Эсмеральда", "Камила", "Морена Клара", "Қиш сонатаси", "Зерда", "Келин"... Буларнинг номини эшитсангиз кўнглингиз беҳузур бўлади. Энг асосийси, ёшларимизнинг тарбияси, маънавияти бузиляпти.

Авваллари болалар ота-онасининг олдида оддий спектакль ёки бадиий фильмларни томоша қилиш учун дадил ўтиришолмасди. Чунки орада севги-муҳаббат кўринишлари туйқус чиқиб қолиши мумкин, деган андиша бўларди-да. Энди-чи, унинг акси. Керак бўлса, баъзи ота-оналар кўчада ўйнаётган болаларини ўзлари чақиришади: "Сериал бошланишига оз қолди, уйга кир!", дея...

Гап-гаштакларга борган аёлларнинг оғзидан чиқаётган гапи ҳам фақат сериаллар хусусида бўлиб қолди. Сериал кўраман, деб ўз бурчини ўз вақтида қилмаётганлиги ёки адо этолмаганлиги учун қайнонасидан, эридан дашном эшитиб юрган аёллар ҳам орамизда йўқ эмас.

Қисқаси, хорижда ишлаб чиқарилаётган бу каби сериалларнинг маънавий зарари бисёр. Айниқса, ана шу сериаллар оқибатида ёшларда шаклланаётган салбий жиҳатлар, яъни улардаги одоб-ахлоқ, андиша, жамоат жойларида ўзини тута билмаслик, муомала маданиятининг етишмаслиги, ножўя қадам босишлари кўпчиликни ранжитмоқда.

Демак, ҳамма нарсада меъёр бўлгани каби, бу борада ҳам маълум меъёрга амал қилишимиз зарур. Менталитетимизга тўғри келмайдиган чет эл сериаллари яшаш тарзимизга салбий таъсир кўрсатаётганлигини асло унутмайлик. Шу боис, телеэкран орқали намойиш этилаётган ҳар қандай кўрсатув ёки кинофильмларни томоша қилишда унинг ибратли томонларини ўрганайлик. Фарзандларимизга сўзимиз ўтсин - уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда кўпроқ миллийлигимизга эътибор қаратайлик.

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди