Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№9 дан: 23.02.2012

ИНСОН ВА ҲАЁТ

Аёл иродаси

ЁХУД РЎЗИХОН ЮНУСАЛИЕВА ҲАЁТИДАГИ МЎЪЖИЗА

Баъзида хорижий нашрларида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар, ғаройиб ҳодисалар, ҳаётнинг нақадар мўъжизаларга бой эканлиги ҳақидаги турли мақолаларни ўқиб, ҳайратланамиз. Ана шундай мўъжизалар биз билан бирга яшаётган, орамиздаги одамлар ҳаётида содир бўлса, ҳайратимиз янада ошиши табиий. Қандай мўъжиза дейсизми? Келинг, яхшиси бу хусусда батафсил тўхталайлик.

Улуғнорлик Рўзихон Юнусалиеванинг касаллик туфайли ҳаётда бошидан ўтказган оғир кунлари, ундаги касалликни енгиб ўтишга бўлган куч ва матонат, шифо топиши билан боғлиқ тафсилотлар ҳар қандай кишини ҳайратлантириши табиий. Қолаверса, бу - кишиларни сир-синоатли дунёнинг мўъжизалари нақадар кўплигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишга ундайди.

***

Рўзихон Юнусалиева Улуғнор туманида туғилган. Наманган давлат университетининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Тумандаги 20-умумтаълим мактабида директор, вилоят ўқувчилар саройида директор ўринбосари, айни пайтда "Баркамол авлод маркази" Улуғнор туман бўлимининг директори бўлиб ишламоқда. Оилали, икки нафар фарзанди, набираси бор.

Аслида 48 ёшли, 25 йил таълим тизимида масъулиятли вазифаларда ишлаган, муайян ҳаёт тажрибасига эга бўлган бу аёл оғир хасталик туфайли кўп қийинчиликларни бошидан кечирди. Шифокорлар унинг тузалиб кетиш имконияти жуда оз эканлигини таъкидлаган эдилар. Лекин мўъжиза туфайли унинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Бирданига кўриниши - қиёфаси, феъл-атворининг ўзгариб кетиши, яъни, кўзлари қисилиб, бутун танаси шишиб кетган, ўзи юролмайдиган босиқ, вазмин бу аёл дарддан тўла қутулиб, ёшариб, қувноқ, хушфеъл бўлиб қолгани, умуман, бошқа бир одамга айлангани - бу мўъжизанинг ўзгинаси эмасми?

ҲАЁТДАН УМИДИМНИ УЗГАНДИМ

Касаллик бирдан бошланмади. Аввалига буйрагим оғриб турди. Кейин қанд касалига учрадим. Беш-олти йил шифокорлар назоратида даволаниб юрдим. Йилдан-йилга семириб, кексайиб бораётганимни ҳис қилдим, деярли ҳаракатсиз бўлиб қолаётгандим. Семизликданми, кўзларим қисилиб, нафасим бўғилиб қоларди.

45 ёшга борганимда бирдан гапиролмай, оёқ-қўлим ишламай қолди. Шифокорлар микроинсульт, деб ташхис қўйишди.

Инсон учун ўзгалар қаровига муҳтож бўлиб қолишдан ёмони йўқ эканлигини шунда англаб етдим. Лекин ҳаётга ташна эдим. Шунданми, бутун иродамни ишга солдим. Турмуш ўртоғимнинг таскини-ю ёрдами менга далда бўлса-да, болаларимнинг маъюс қарашларидан юрагим ўртанарди. Касалликка ён бермаслик учун ўзимда куч топишга ҳаракат қилдим. Бутун вужудим билан тузалиб кетишга интилдим, Яратгандан астойдил сўрадим.

"МЕН ЯНА ҲАЁТГА

ҚАЙТАМАН"

деган юпанч билан ўзимни-ўзим ҳаракатлантира бошладим. Қўл-оёқларим ўзимга бўйсунмади. Шунда ҳам судралиб бўлса-да қандайдир иш билан машғул бўлишга интилдим, ўзимда куч топдим. Шу тарзда беш ой ўтди. Ҳаракатларим зое кетмади. Ўзгариш сезилди. Ўтган йилнинг кузидан бошлаб эса ўзимга кела бошладим. Деворларни ушлаб юришга ҳаракат қилдим. Чала-чулпа қилиб бўлса ҳам фикримни ўғлимга тушунтиришга уриндим.

Бир куни туш кўрдим. Тушумда бир боғда югуриб-югуриб, гуллар териб юрибман. Гўзалликдан, вужудимдаги енгилликдан сармаст эдим. Ана шундай туйғулар оғушида, назаримда, касал бўлганимдан буён биринчи бор осойишта ухладим.

Албатта, тузалиб кетаман, мен касал бўлмаганман, деган ишонч ва ихлос хаёлимни, руҳиятимни банд этган эди.

ИХЛОС - ХАЛОС

Эрталаб турсам, қандайдир енгилман. Танамда оғриқ йўқ. Ихлос қилсанг, чўп (гиёҳ)дан ҳам шифо топасан, дейишади. Инсон бирор нимага қатъий ва бутун вужуди билан ишонсагина мақсадига эришиши мумкинлигига амин бўлдим. Чунки дардни берган Аллоҳ шифосини ҳам беради, дейилгани учун ҳам Яратгандан тунлари йиғлаб сўрардим, кундузлари қаттиқ оғриқ азоб берса-да, оёқ-қўлларимни ишлатишга ҳаракат қилардим. Аллоҳнинг менга раҳми келдими, "мўъжиза" юз бердими, билмадим... Ўша куни эрта тонгда "Бисмиллоҳ..." деб, аста ўрнимдан турмоқчи бўлдим, бироқ руҳим, танам енгил, оғриқ йўқ. Бировнинг ёрдамисиз аста девор ушлаб ўрнимдан турдим. Худди, энди тетапоя бўла бошлаган боладай аста қадам ташладим. Мувозанатимни йўқотиб қўяман, деб қўрқа-қўрқа ўғлим ётган хонага яқинлашдим. Ўғлим Бахтиёр мени кўриб, йиқилиб тушмасин, деб қўрқдими, шошиб ёнимга келиб, тирсагимдан ушлади.

"Яхшиман, қўрқма", демоқчи бўлиб оғиз жуфтладим. Гапиришга ҳаракат қилдим. Бироқ, овозим аввалгидай бўғилиб эмас, балки тиниқ, узилмай, дудуқланмай чиқди. Қўрқиб кетдим. Худди биров гапиргандай у ёқ-бу ёққа алангладим. Ўғлим ҳам ҳайрон.

- Ойижон, ўзингизмисиз? - дея бошдан-оёғимга тикилиб қолди. - Яхши бўлиб қолдингизми?! - ўғлим суюниб кетди, сўнг мени маҳкам қучоқлаб олди.

Дарров опаси Иродага телефон қилди. "Ростданми, қани, ойимга бер телефон гўшагини!", - деган овоз келди.

- Мана, ишонмасангиз... - дея ўғлим телефонни менга тутқазди.

Қизим билан сўрашгандим, "Ойи, сизмисиз? Нега овозингиз бошқача чиқяпти?!", дея ҳол-аҳвол сўраб кетди.

ИРОДАХОННИНГ

ҲИКОЯСИ

Онамни кўриб, тўғриси, таниёлмай қолдим. Юзлари ши-шинқираб, касалликдан кейинги пайтда анча тўлишиб кетганди, ўзи юролмасди. Овозлари ҳам бўғилиб чиқарди. Асабий бўлиб қолганди. Чунки ишлаб, доимо одамлар билан мулоқотда юрган онамнинг узоқ вақт бир жойда ётиб қолиши, уни асабий, тушкун ҳолатга солиб қўйган эди.

Бир куни хабар олгани борсам, терга пишиб кетибди. Судралиб бўлса-да, нимадир қилишга ҳаракат қиляпти. Аҳволини кўриб, йиғлаб юбордим.

Онам ниҳоятда иродаси мустаҳкам бўлганлиги учун ҳам касалликни енгди, деб ўйлайман. Қолаверса, Аллоҳнинг марҳамати, мўъжизаси туфайли шифо топди. Бу каби инсон ақлини шошириб қўядиган ҳодисалар ҳар бир одамни умид ва ишонч билан яшашга, ҳаёт мўъжизаларига ишонишга ундайди.

Онамнинг ҳаётга қайтиши биз фарзандлари учун катта бахт, чексиз қувонч ҳадя этди.

УМИД ВА

ИШОНЧ МАҚСАДГА

ЕТИШТИРАДИ

Гулхумор Тожибоева, психолог.

- Рўзихон Юнусалиеванинг бошидан ўтказган кунлари, касаллик билан курашуви, энг муҳими, ҳаётга қайтиши - ундаги кучли ирода "Албатта, тузалишим керак", деган аниқ мақсад самараси бўлиши мумкин.

Касалликни енгиб ўтиш ва унга қарши курашиш, аввало, беморнинг руҳий ҳолатига боғлиқ. Демак, Рўзихон касалликни енгиб ўтиши учун бутун танани бошқара билган, бутун вужуди касалликни енгиб ўтишга йўналтирилган. Қолаверса, бу аёлда ўз-ўзини бошқариш, назорат қилиш, баҳолаш каби бошқарув функциялари ҳам фаоллашган. Бундай пайтда инсон албатта, мақсадига эришади. Рўзихон билан боғлиқ ҳолат шундан далолат беради.

Бир вақтнинг ўзида бирдан касалликдан фориғ бўлиши-ю, унинг ёшариб, 15 йил аввалги кўринишига қайтиши эса - ҳаётнинг биз англаб етмайдиган мўъжизасидир.

БОШҚА БИР АЁЛГА

АЙЛАНИБ

ҚОЛГАНДАЙМАН

Ҳа, Яратганнинг марҳамати билан ҳаётга қайтдим, дейди Рўзихон. Қайтганда ҳам 30 ёшимга қайтгандайман, назаримда. Аввалги кийимларим тўғри келмай қолди. Бозорга бориб, жуссамга яраша, кўринишимга мос кийимлар сотиб олдим.

Кўчага чиққанимда эса, кўрганлар "Рўзихоннинг синглисимисиз, опангиз тузукми?", деб ҳол-аҳвол сўрашарди. "Йўқ, мен Рўзихонман" десам, бошдан-оёқ бир қараб қўйишарди-да, ишонмаганликлари сезилиб турарди.

Ҳатто, узоқ йиллар мен билан бирга ишлаган ҳамкасбларим орасида "Рўзихоннинг синглисимисиз?", деганлар ҳам бўлди.

Тўғриси, кўринишим, жуссам, ҳатто овозимгача ўзгариб қолганди. Буни ўзим ҳам билардим. Мен бошқа бир аёлга айланиб қолгандайман.

ЭНДИ У ЁШЛАРДАЙ ҒАЙРАТЛИ, ГЎЗАЛ ВА СОҒЛОМ...

Ихлос, ишонч ва умид туфайли ҳар қандай инсон дардига шифо топиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини бошқара олиши мумкин. Зотан, бошга тушган ғам, мусибатни енгишда сабр-бардош, ирода, яхши ният, эртанги кунга ишонч, шубҳасиз, ҳар қандай одамга куч беради. Улуғ француз ёзувчиси Александр Дюма "Инсон ақл-идроки икки оғиз сўзда мужассамлашган: кутмоқ ва умид қилмоқ керак", дея бежиз ёзмаганлигига яна бир бор амин бўламиз.

Шу ўринда улуғнорлик Рўзихон Юнусалиева ўзининг касалликни енгишга бўлган иродаси, матонати, умид ва ишончи, қолаверса, Яратганнинг мўъжизаси туфайли ҳаётга, одамлар орасига қайтганлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.

Айни кунда Рўзихон Юнусалиева фаол аёллар қаторида шижоат билан меҳнат қилмоқда. Энди у ёшлардай ғайратли, гўзал ва соғлом...

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Суратларда: Р.Юнусалиева.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди