Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№12 дан: 08.03.2012

ЯНГИ КИТОБ

ШОИРАНИНГ БАЙРАМ СОВҒАСИ

Ҳамюртимиз, нозиктаъб ва хассос шоира Хуршида (Қўчқорова)нинг ижоди бугунги кун шеърият мухлисларига яхши таниш. Унинг турли йилларда ёзилган юзлаб шеърлари она, Ватан, ишқ, муҳаббат, садоқат каби мавзулар орқали "Сиғмагай жисмим жаҳонга", "Алдамчи тонглар", "Изҳор" ҳамда "Тажалли" каби тўпларидан ўрин олган.

Яқинда эса шоиранинг "Самойинур" деб номланган бир жилдлик сайланмаси "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида нашр этилиб, кенг китобхонлар оммасига ҳавола этилди.

Сайланма мавзуси, руҳияти, жанри бўйича бир неча бўлимларга ажратилган. "Ишқи шуурий"да лирик шеърлар, "Мурод-ул шамс"-да "Самойинур" номли достони, "Дури азалий"да аруз вазнидаги битиклару "Қатраи уммон" бўлимида кичик ҳажмдаги шеърлар, тўртликлар ўрин олган. Шунингдек, "Туҳфаи ризвон", "Наҳри синоат", "Дашти фано", "Дафтари заъфарон", "Нури ҳилол" каби бўлимларда ҳам турфа хил мавзулардаги шеърларни, туркумларни ўқиш мумкин.

Шоира ўзининг "Баҳор" номли шеърида фасллар келинчагини ўзига хос услубда, нафислик ила ифодалайди:

Баҳор!

Қалбим сенингдек

софдир, ишон!

Шаббодангдек ҳисларим

бедор,беозор,

Осмонингдан юксакда

ишқим яшар,

Тупроғингнинг остида

юрагим бор...

Ёки "Ватанга" деб номланган шеърини олайлик. У ўзининг юртига, Ватанига бўлган муҳаббатини бор-йўғи саккиз қатор шеърга жо этади:

Тунга қамар даркор,

кундузга қуёш,

Гулга нур, об, ҳаво,

шабнамий кўзёш.

Кимга бол, кимга ёр,

кимга мол орзу,

Дилга ишқ-муҳаббат

керак ҳис-туйғу.

Ким неъмат истайди,

ким роҳат истар,

Кимнинг кўнгли висол

ўйида музтар.

Ким шодон, ким нолон,

Ким лол, ким ҳайрон,

Мен Сенинг ҳажрингда

бериб қўйгум жон!

Шунингдек, муаллифнинг буюк зот - она ҳақидаги шеърлари ҳам китоб саҳифаларини безаган. Жумладан, "Она истаги", "Она", "Онажон", "Она, сиздан сўрайман, узр..." Гарчи уларнинг бари битта мавзуда бўлса-да, турли йилларда қоғозга тушган... Бирида она қувончи, яна бирида фарзанд соғинчи, кечиккан узр изҳорлари шеърий мисралар қатига яширинади.

...Кўнглим кишварида умид

юлдузин,

Порлатиб, роҳларим

рахшон айласанг.

Юракнинг қонига уйқаш

армоннинг

Бағрига тилларанг пайкон

жойласанг...

Бу ўғли Бисёрбекка аталган шеърдан бир парча. Энди онага атаб ёзилган шеърга эътибор қилинг:

Наҳри Норин юзимнинг

Шўрин ювар, Онажон.

Нигоҳингиз ғамимни

Дилдан қувар, Онажон.

Бажармас юрак фарзин,

Уқмас кўникмоқ дарсин.

Йўлимга сочар арзин -

Йиқилгайман, Онажон!..

Пойингизга хазондек

Тўкилгайман, Онажон!..

Ҳуршиданинг шеърияти ҳақида самимий, илиқ фикрларни жуда кўп айтиш мумкин. Аммо китоб сўнггида - Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубов, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов, филология фанлари доктори, профессор Исмоил Тўлак, Ўзбекистон Миллий университети доценти Адҳамбек Алимбековларнинг фикрлари янада аниқроқ ва теранроқдир, десак хато қилмаган бўламиз.

Мисол тариқасида Абдулла Ориповнинг "Руҳиятнинг нозик чизгилари" номли мақоласидан бир парча келтирсак кифоя.

"Хуршида - ажойиб мумтоз шоиралар нашъу намо сурган Фарғона водийсининг бугунги навниҳолларидан. Менинг назаримда, бу қизимизнинг шеърларида ҳосиятли водий заминида униб-ўсган шоираларнинг ўлмас анъаналари, гўзал ғазалиётнинг сеҳрли анъаналари бордек...

Шоиранинг аксарият шеърларида, ғазалларида-ю мухаммасларида инсон қалбининг, руҳиятининг нозик чизгиларини учратамиз. Хуршида тинмай изланади. Ҳар бир сатрида янги ташбеҳлар қўллашга уринади...".

Ҳа, бу - ҳамюртимизга устоз ижодкорнинг берган самимий баҳоси. Демак, унинг назмий сатрлари, ташбеҳлари устоз ижодкорларга, адабиётшуносларга маъқул келган экан, китобхонлар эътиборидан ҳам четда қолмайди, деб умид билдирамиз.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди