Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№12 дан: 08.03.2012

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР

110 ЁШЛИ ТАББАРУК МОМО

Бугун юртимизда юз ёш билан юзлашган табаррук инсонлар ҳаётимизга кўрк бўлиб умргузаронлик қилмоқдалар. Орамизда аср билан тенгдош дуогўй отахону онахонларимиз борлигидан қувонамиз. Чунки ана шу табаррук инсонларнинг ҳаёт йўллари биз учун ибрат, панду насиҳатлари билан эса ҳаётимиз янада файзли, йўлларимиз равон бўлиши шубҳасиз.

Айни кунда вилоятимизда 169 нафар ана шундай нуроний кексаларимиз бор. Уларнинг 145 нафари эса табарук момоларимиздир.

Андижон туманидаги Найман қишлоғи Бегобод маҳалласида истиқомат қилаётган Майизхон момо Қорабоева ҳам яқинда ўзининг муборак 110 ёшини қарши олади.

- Онахон нафақат фарзандлари, оиласи, балки маҳалланинг ҳам кўрки, - дейди Бегобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Эргашев. - Каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади.

Дарҳақиқат, сўзлари ҳикмат, юзларидан нур ёғилиб турган содда ва самимий онахон билан суҳбатлашиб, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари - ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни муродга, эъзозу эҳтиромга етказишини англагандай бўласиз.

- Умрим меҳнатда ўтди, - дейди онахон. - Узоқ умр кўришлик аввало, Яратганнинг марҳамати, қолаверса, ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади. Мен ўтаётган умримга шукр қиламан. Шунча йил яшадим, ризқ-насибам кам бўлмади. Фарзандларим кунимга яраяпти, невара, чевараларим атрофимда парвона, давлатимиз мен каби кексаларга ҳурмат, эъзоз кўрсатмоқда. Бундан ортиқ бахт йўқ, болам.

Ҳа, Майизхон момонинг тилидан шукроналик тушмайди. Ўтган ҳаётини, бошидан ўтказган қийинчиликларни, фарзандларини оёққа тургазгунча чеккан азобларини, навқирон пайтларида тонг сахардан кеч оқшомгача далада тупроқ кечиб, ғўза чопганию шоли ўтаганларини эртакдай сўзлайди.

- Болам, не кунларни кўрмадик, - дейди онахон. - Колхоз ташкил этилган йилларда тонг сахардан то кун ботгунча тинка мадоримиз қуриб далада ишлардик. Шундай кунлар бўлганки, ўша пайтдаги раҳбарлар қуёш чиқса ғўза чопишга, ёмғир ёғса шоли ўташга мажбур этардилар. Инсон, аёл сифатида қадримиз бўлмаган. Меҳнатимиз эвазига бир кунда битта нон олардик. Агар ишга кеч борсак, "прогуль" ёзиларди, шу куни фақат қорнимизни тўйғазиш учун текинга ишлардик.

Ўттизинчи йиллардаги очарчилик, қаҳатчиликда не-не қаро кунларни кўрмадик..

...Бир бурда нонга зор бўлиб тинка мадоримиз қуриса ҳам чидадик, сабр қилдик. Энг муҳими, ҳеч қачон нопок йўл билан топилган луқма еганимиз йўқ, неки топган бўлсак, меҳнатимиз орқасидан топдик.

- Бувимнинг хотираси яхши, - дейди набираси Маҳмудахон опа Қодирова. - Ўтмишдаги бирор воқеани эслатиб, шу ҳақда сўрасак, воқеа тафсилотларни айтиб берадилар.

Шу гап сабаб Майизхон момони "Уруш даврлари қандай кечган эди?" - дея сўроққа тутдик.

- Уруш туфайли халқимиз бошига тушган балою мусибатларни эслашнинг ўзи қўрқинчли, дея онахоннинг кўзларига ёш инди. - Турмуш ўртоғим Иброҳимжон Қорабоев ҳам уч йил фронтда бўлган. 1944 йилда қўлидан яраланиб, ногирон бўлиб уйга қайтган.

Онахоннинг хотираларини тинглаб, ана шундай қийинчиликларни, оғир кунларни бошидан ўтказган Майизхон момо каби минглаб ўзбек аёларининг иродасига, сабр-бардошига ҳар қанча таҳсинлар айтса арзийди. Қандай кунларни бошидан ўтказмасин, муҳтарама аёлларимиз меҳр-оқибатни, халқимизга хос андиша, оилага садоқатни асло унутган эмаслар.

Майизхон она турмуш ўртоғи билан бир қиз, бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар. Узоқ йиллар сидқидилдан меҳнат қилиб, эл-юрт орасида қадр, ҳурмат топдилар.

- Раҳматли чолим нафақага чиққунга қадар пахта заводида ишлади. 90 ёшга кириб оламдан ўтганлар. У кишининг хизматларини қилиб, хўп дуоларини олганман, - дейди Майизхон момо. - Боримизни ошириб, йўғимизни яшириб рўзғоримизни тўкис қилганмиз. Ҳаётда бир-биримизни ардоқлаб яшадик, яхши-ёмон кунларда бир-биримизга суянч бўлдик. Фарзанду набираларимга, ёшларга доимо ҳаётда ана шу тарзда яшаш лозимлигини уқтираман.

Байрамларда момонинг фарзандлари жам бўлса, ҳовлиси гўё тўйхонага айланиб кетади. Кексалик гаштини сураётган ўғли, келин-куёвларининг суҳбати, невара-чевара, эвараларининг"қий-чуви"дан онахон завқ олади.

Меҳнатда, ҳалол-покликда, камтарликда ўтказган ҳаёти Майизхон момо Қорабоевани эл ичида табаррук қилди. Ҳозирда онахон нафақат фарзандлари, қариндошлари, балки бутун қишлоқ эъзозида яшаяпти. Бугун момонинг 10 дан ортиқ набираси, 34 нафар чевараси, бир-биридан ширин 12 нафар эвараси атрофида парвона. Келини Хошияхон ая, невара келинлари Наргизахон эртаю кеч онахоннинг хизматида.

Бугун юртимизда табаррук отахону онахонларга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Шу боис ҳам тўкин ва фаровон, тинчлик ва хотиржамликда ўтаётган ҳаётимизга, юртимиз ҳурлигига шукрона келтириб, яхшилик ва эзгулик тилаб, қўллари дуодан тушмаётган ибратли ҳаёт соҳибалари бўлган Майизхон момо сингари нуронийларимиз ҳамиша эл-юрт ардоғида.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди