Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№12 дан: 08.03.2012

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

БИТТА АЁЛ БЎЛСА ШУНЧАЛИК БЎЛАР

"Асака" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳбуба Қодирова қиёфасига чизгилар

"ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ, АСАКАДАН ГАПИРАМИЗ!"

Мен Маҳбуба Қодировани илк бор Асака шаҳар радиоузели орқали эфирга чиққан сухандон сифатида таниганман. Ўшанда у жуда ёш қиз эди. Оқшомлари хонадонимизни "Диққат қилинг... Асака радиоузелидан гапирамиз" деган ширали овози қамрарди. Бир зум киприк қоқмай шаҳар ва туман янгиликларини диктор қиз орқали мазза қилиб тинглардик. Мулоқотлар, суҳбатлар, шеърият дафтаридан, хонандалар хониши дастурлари тингловчиларни бефарқ қолдирмасди. Чунки ёнимизда, юртимизда яшаб, ижод қилаётган ижодкорларнинг ҳаёти билан танишиш, уларнинг овозларини эшитиш биз учун мароқли эди.

Ўшанда Маҳбуба опа тиллари бийрон, хушрўй, латофатли қиз эди. Дид билан кийиниши, сочларини иккита қилиб ўриб, орқасига ташлаб олиши, бошидаги оқпар дўпписи ўзига жудаям ярашарди. Бир кўрган одам уни яна кўргиси, овозини эшитгиси, суҳбатлашгиси келарди.

Тиришқоқ қиз адабиёт ва санъатни жуда севарди. Шунинг учун ҳам газетада корректорлик вазифасини бажариш билан бизга турли мавзудаги хушхабар ва мақолаларни ёзарди.

Қалбида журналистикага бўлган ҳавас уни Тошкентга, университетга етаклади. У талаба бўлди. Ишидан ажралмаган ҳолда дорилфунуннинг журналистика факультетини тамомлади. Анчагина меҳнат тажрибасига эга бўлган қиз устози Комилжон Фозилов панд-насиҳатларига амал қилиб, юртда обрў-эътибор топди.

МАҲБУБАХОН КЕЛИН БЎЛДИ

Эл юртида ўзининг одоби, юриш-туриши, фаол мухбирлиги, моҳир сухандонлиги билан кўпчилик тилига тушган қизнинг тақдири Салимжон исмли йигит билан боғланди. Унинг бошига оппоқ рўмол солишди. Тўй-томоша билан ўзга бир хонадонга келин бўлиб тушди. Унга бахт-иқбол тилаган онажониси Ойтожихон аянинг қувончи дунёга сиғмади. Битта-ю битта қизини узатиб, элга ош берди. Узукка кўз қўйгандай муносиб келин-куёвга бахт-саодат тилади.

Ойдай келин бўлган Маҳбубахонни кўрганлар ҳавас қилишди. Уйли-жойли, фарзанд-ли бўлгач ҳам касбидан узоқлашмади, қўлида қалам тебратса, жарангдор овози радио тўлқинлари аро ҳар оқшом таралиб турди.

ТАҚДИР СИНОВЛАРИ

Маҳбубахонни тақдир синовлари обдон синади. У ҳаёт сўқмоқларининг баланд-пастидан товонлари ёрилиб, гоҳо тиканлар кириб мардонавор ўтди. Табиатан вазмин, ор-номусли аёл ичидаги дардини бировга айтмади. Яхши кунига ҳам, ёмон кунига ҳам сабрли, шукрли бўлди. Бошига тушган кўргуликлардан эсанкирамади, айюҳаннос солмади, арзи-дод қилмади. Аламини меҳнатдан олди.

ЎҚИТУВЧИЛИКДАН

ОБРЎ ТОПДИ

Фалакнинг гардиши билан журналист мактабга ишга ўтди. Энди у ёш авлод тарбияси учун масъул шахсга айланди. Ҳар куни не-не қора кўзлар унинг оғзига қараб ўтиради. Бугун муаллимамиз қандай дарс ўтаркин, нима деркин, нимани ўргатаркинмиз, дея муштоқ термулишарди.

Маҳбубахон Қодирова педагогликни ҳам ўрнига қўйди. У журналист-педагог бўлиб ишлади. Ҳар бир дарсини ҳаётий лавҳаларга бой, ифодали шеърлар ўқиш, ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатиш, муҳаббат, садоқат, жасурлик мавзусида иншолар ёзиш, шеърларни ёд олиш, бадиий китоблар мунозарасини ўтказиш билан боғлади. Пировардида у ўқувчилари қалбига йўл топди. Синфда аълочилар сони ошди. Унинг дарсларига ошиқадиган болалар кўпайди.

Устозлар изидан бориб, ўқиб-ўрганишдан эринмаган муаллима мактабда ҳам эътибор топди. Уни таниган - билганлар унга ўхшашга интиладилар. Ҳа, у ўттиз икки йил бир мактабда ўқитувчилик қилиб, истеъдодини, иқтидорини элга кўрсата олди. У ҳамиша мактабда фаоллиги, маънавияти, ишбилармонлиги, ташаббускорлиги билан ибратли эди.

ОДАМЛАР ТАШВИШИ БИЛАН ЯШАЙДИ

Ҳалол ва сидқидилдан қилган меҳнатлари билан вақти-соати етиб нафақага чиққан Маҳбубахонни юрагидаги ўт янги манзиллар сари бошлади. У 2005 йилдан "Асака" маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди. Тиниб-тинчимаган аёл энди одамлар ташвиши билан яшай деди.

Маҳаллада 578 та хонадон бор. 3121 нафар аҳоли яшаётган бўлса, шундан 1810 нафари аёллар.

Маҳбубахон Қодирова маҳаллага раҳбар экан, кун тартибидаги биринчи ишини ҳар бир оила билан танишиш, маҳалладошларининг дардини тинглаш, яшаш муҳитини ўрганиш билан бошлади. Ишсизлар, жанжалкаш оилалар, ўсмирлар билан қандай ишлашни ёши улуғ отахон ва онахонлар, раҳбарлар ёрдамида ташкил этди. Кам таъминланган оилаларга ҳомийлар кўмагида моддий ёрдам кўрсатди. Ишга яроқли, вақтинча ишсизларни ишга жойлаштириш муаммоларини ҳал қилди. Айниқса, уйда ўтирган хотин-қизларни тикиш-бичиш, дўппидўзлик билан шуғулланишларига шароит яратди. 24 нафар аёлга меҳнат дафтарчаси очилди. Улар оиласидан ортиб, ҳунарлари ортидан ойлик маош олмоқдалар.

Қувончлиси шуки, у раислик қилаётган маҳаллада ўтган беш-олти йил ичида жанжалкаш оилалар, вояга етмаганлар бўйича жиноятчилик, аёллар жинояти сони кескин камайди. Эндиликда маҳалла аҳли юрт ободончилиги, кўча ва хиёбонлар кўркамлиги, тўй ва маърака маросимларни камчиқим ўтказиш борасида елкама-елка туриб ишламоқдалар.

"АСЛИ ДЎППИДЎЗНИНГ ҚИЗИМАН-ДА"

Маҳбубахон Қодирова ҳақида газетада ўқиб қолдим. У масъулиятли ишдан, оиласидан ортиниб, эркаклар учун ўзи тиккан анжанча дўппилари, қизлар ва келинчаклар ҳуснига-ҳусн қўшувчи оқпар, ироқи, зардўппилар тайёрлашга ҳам моҳир экан. Шунинг учун ҳам бир неча йиллардан буён туман, вилоят ва республика бўйича ўтказиб келинаётган кўрик-танлов, фестивалда фаол қатнашиб келади. Ўтган йили эса "Дўппи тикдим ипаклари тиллодан" вилоят кўрик-танловида ўзининг нафис ипаклар ва ранглар билан уйғунлашган ўн турдаги дўппилари билан иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни олди. Бундан ташқари, пойтахтимиҳдаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазма мажмуасида "Ипак йўлидаги туризм-2011" ХVII Тошкент-Халқаро сайёҳлик ярмаркасида қатнашиб, ўзи тикиб, тайёрлаган дўппилари кўргазмасини намойиш этди.

БЕШ ҚИЗНИНГ ОНАСИ

Журналист, педагог, раис, тадбиркор аёл Маҳбубахон Қодирова беш қизнинг онаси. Уни турмуш ўртоғи тушунади. Ишлаши учун шароит яратиб беради. Муаммоларини ечишда яқин маслаҳатдош, суянчиқ бўлади. Ўзининг сабри, ақли, шарму ҳаёси, вафодорлиги билан бир аёлга етгудай бахт тополган Маҳбубахон Қодирова ҳаётни, одамларни севиб яшайди. Уни сўраб, йўқлаб келувчилар кўп.

Маҳбубахон қизлари Феруза, Дилфуза, Дилафрўз, Санамгул, Дилбаройларни оналик меҳри билан суяди. Онасидан ўрганган ҳунари, яъни дўппидўзликни ҳамма қизларига ўргатган. Ҳаммасининг қўлида игна. Уларни оилавий ҳаётга тайёрлашни ҳам унутмаган.

Бир сўз билан айтганда, давримизнинг аёли бўлса, шунчалик бўлар.

Олтмиш ёшни қаршилаётган опа ҳамон юрагида одамлар ташвиши билан яшамоқда. Тиниб-тинчимас Маҳбубахон опамизга қарата ақлингизга, маҳоратингизга, куч-қувватингизга, ташаббускорлигингизга, бекалигингизга, оналигингизга тасанно. Элим деб, юртим деб яшашдан ҳеч қачон чарчаманг, дегимиз келади.

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи,

Асака тумани.

СУРАТДА: М.Қодирова қизлари билан.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди