Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№13 дан: 15.03.2012

ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг

"Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" китобини ўқиб

ТИЛГА ҲУРМАТ - ЭЛГА ҲУРМАТ

Тил - кишилар ўртасидаги алоқа воситаси ҳисобланади. Тил билган эл танийди, дейишади. Бинобарин, қадим-қадимдан тил ўрганишга, кўплаб тилларни билган инсонларга ҳурмат-иззат кўрсатиб келинганини яхши биламиз. Боиси, тил дилларни бир-бирига боғлайди. Зеро, алломалардан бири "Қилич ололмаган қалъани тил орқали забт этиш мумкин", деб бежиз айтмаган. Бу, ўз навбатида, ўзбек тилига ҳам тааллуқли, албатта.

Президентимизнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" деб номланган китобини мутолаа қилар эканмиз, беихтиёр ана шу фикрлар хаёлимиздан ўтди. Китобда Президентимизнинг республикамиз раҳбари сифатида иш бошлаган 1989 йилнинг 23 июнидан буён ўтган мураккаб ва тарихий даврда сўзлаган маъруза ва нутқлари, суҳбат, мақола ва интервьюлари ўрин олган. Донишмандона фикрлар, оташин сўзлар, долзарб масалалар тилга олинган ушбу битикларнинг ҳар бир сатри ўзбек тилида битилганлиги, уларда фалсафий ва ҳикматли фикрлар ёрқин ифодасини топганлиги қалбларимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Беихтиёр, мана шундай озод ва обод Ватанда яшаётганлигимиздан, мана шундай доно ва ғамхўр, зукко юртбошимиз борлигидан, тилимизга давлат тили мақоми берилганлигидан нақадар бахтиёр эканлигимиз ҳақида оламга жар солгимиз келади.

Айниқса, юртбошимизнинг ўзбек тилига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, ўзбек тилининг обрўсини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари бизлар учун ибратдир. Президентимизнинг содда, равон, жозибали ва таъсирчан услубда, мақол, ҳикмат ва ибратли ибораларга бой нутқлари халқимиз қалбининг туб-тубига етиб боради. Давлатимиз раҳбарининг миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга эътибори туфайли 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ва Президентимиз томонидан "Тил байрами" деб эълон қилинганлиги мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Боиси, собиқ шўролар даврида бундай қонун қабул қилинишининг ўзи катта ва буюк жасорат эди. Шу муносабат билан юртбошимиз 1989 йил 25 октябрда сўзлаган нутқида ўзбек тилига давлат мақоми бериш ҳақидаги қонуннинг қабул қилинишининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб, атрофлича шарҳлаб берди:

"Бинобарин, ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади", деб таъкидладилар.

Халқимиз 70 йилдан зиёд вақт мобайнида бошидан не-не кунларни кечирмади. Ўзлигидан, тилидан ва миллий қадриятларидан мосуво қилинди. Халқимизга мажбурлаб бегона тилда сўзлашлари учун зуғумлар, ўтказилди. Бутун жаҳон тан олган Навоий каби буюк даҳолар гўзал асарлар яратган ўзбек тилининг қадрини ерга урганларни, ўзбек тилини ҳар қадамда камситганларини яхши биламиз. Мана шундай оғир ва мураккаб бир шароитда юртбошимиз мамлакат тақдирини, миллат тақдирини белгиловчи муҳим қонуннинг қабул қилинишини, миллий ғурур, ор-номус тушунчалари ҳар бир инсоннинг қадр-қиммат тушунчаларидан иборат эканлигини асослаб бердилар.

Юртбошимиз она тилига бўлган муносабат ҳақида тўхталганларида, бу бошқа тилларни камситиш эмаслигини ҳам уқтирдилар. Ўзбек тили бошқа миллат тилининг нуфузини камситмаган, ўзга миллатлар ғурурига тегмаган ҳолда ягона оилага бирлашган халқлар тараққиётига, турли миллатларга мансуб кишилар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга, қўйилган мақсадларга эришишимизга ёрдам беришини алоҳида таъкидладилар.

Мана, 23 йилдирки, юртбошимиз ташаббуси билан тилимиз улуғланиб келинмоқда, қадри янада юксалмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти атрофига уюшган 100 дан зиёд давлатлар билан ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатган. Жаҳон айвонида ўзбек тилининг ва Ўзбекистоннинг нуфузи билан бир қаторда, ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам кун сайин ортиб бормоқда.

Айни кунда нафақат ўзбеклар, балки, юртимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари томонидан ўзбек тилининг бошқа жаҳон тилларидан қолишмаслигини, унинг гўзал ва бойлигини, нафосатини намойиш этувчи турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ўз навбатида ёшларимиз турли хорижий тилларни ўрганиб, жаҳондаги энг нуфузли ўқув даргоҳларида таҳсил олишмоқда. Хориждаги тенгдошлари билан ўзаро дўстлик алоқалари ўрнатишмоқда. Шубҳасиз, буларда юртбошимизнинг ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасидаги қимматли фикрлари ва кўрсатмалари муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун Ўзбекистонни бутун жаҳон тингламоқда, тан олмоқда. Чунки бу тилда бизларнинг буюк аждодларимиз сўзлаганлар, ҳали-ҳануз жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келган ўлмас ва бебаҳо асарларини яратганлар. Президентимизнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" номли китоби хал-қимиз маънавиятини, дунёқарашини, сиёсий билимларини янада юксалтириш билан бирга, тилимизнинг шон-шуҳратини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Меҳриноз АЛИЕВА,

Андижон давлат

университети стажёр

тадқиқотчи изланувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди