ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА
Савол беринг, жавоб берамиз
Яқинда фарзандли бўламан. Фарзандимга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
Н.Отабоева,
Жалақудуқ тумани.
- Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси?нинг 24-боб, 206-моддасига асосан, фарзандингизнинг туғилишини расмийлаштириш учун боланинг туғилганлик ҳақидаги тиббиёт муассасасининг тиббий маълумотномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи хужжат, яъни, фуқаролик паспортларини тақдим этишингиз лозим.
* * *
Набирам Россия Федерациясининг Иркутск шаҳрида туғилди. Ўзбекистон Республикасида туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишимиз мумкинми?
Р.Холматова,
Асака тумани.
- Албатта. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.1999 йилдаги № 171-сонли қарори билан тасдиқланган "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тўғрисида"ги Қоидаларининг 38-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси МДҲ ҳамда чет давлатларида туғилса, бола туғилган жойдаги ФҲДЁ бўлимида ёки консуллик муассасаларида туғилганлиги расмийлаштирилмаган бўлса, ота-онанинг доимий яшаб турган жойдаги ФҲДЁ бўлимида амалга оширилади.
* * *
Мен яқинда фарзандли бўлдим. Турмуш ўртоғим билан никоҳимизни қонуний расмийлаштирмаганмиз. Фарзандимизга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишимиз мумкинми?
О.Турғунова,
Хўжаобод тумани.
- Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 24-бўлим, 208-моддасига асосан, қонуний никоҳда турмаган ота-онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш оталикни белгилаш орқали амалга оширилади. Бунда сизнинг турмуш ўртоғингиз ФҲДЁ бўлимига шахсан келиб, туғилган боланинг отаси эканлигини ихтиёрий равишда тан олиб, болага оталикни белгилаш ҳақида ариза билан мурожаат этиши керак. Шунда болага оталикни белгилаб, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишингиз мумкин. Она туғруқхонада бўлган тақдирда, унинг имзоси туғруқхона маъмурияти томонидан тасдиқланади.
* * *
Мен яқинда фарзандли бўламан. Қайнотамнинг ўғил фарзанди йўқ. Мен фарзандимга қайнотамнинг фамилиясини берсам бўладими?
Ш.Олимов,
Олтинкўл тумани.
- Албатта. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.1999 йилдаги № 171-сонли қарори билан тасдиқланган "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тўғрисида"ги Қоидаларнинг 21-бандига асосан, болага ота-онанинг ёки боболаридан бирининг фамилияси берилиши мумкин.
Саволларга вилоят адлия бошқармасининг
ҳуқуқий
маърифат тарғиботи бўйича етакчи маслаҳатчиси Эльвира
ГУМЕРОВА
жавоб берди.
|