Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№14 дан: 22.03.2012

22 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СУВ КУНИ

СУВНИ ТЕЖАШ, УНИНГ МАҲСУЛДОРЛИГИНИ ОШИРИШ - ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Ер юзида инсоният пайдо бўлгандан буён у ҳамиша сувга эҳтиёж сезиб яшаган. Сув - инсон ҳаётининг, тараққиётнинг муҳим манбаи сифатида қадрланган.

"Сув - бу ҳаёт" дейди доно халқимиз. Ҳақиқатдан ҳам сув табиатда, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида, инсон ҳаётида муҳим роль ўйновчи фактор ҳисобланади. Ер юзида фойдаланиладиган сув миқдорининг 93 фоизи қишлоқ хўжалигида, 4 фоизи саноатда ва қолган 3 фоизи эса ичимлик ва маиший хизмат соҳаларида сарфланади. Бугунги кунга келиб, жаҳон миқёсида сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш масаласи глобал муаммога айланган.

Шу боис ҳам дунёнинг барча мамлакатларида сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасидаги амалий ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида 1993 йили БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йилнинг 22 мартини "Бутунжаҳон сув куни" деб нишонлаш тўғрисида резолюция қабул қилган.

Айни пайтда дунёнинг кўплаб минтақаларида сув етишмаслиги доимий жараёнга айланган. Шу билан бирга жаҳон аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 таси тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, бу жараён давом этиб, 2025 йилга борганда тахминан 5,5 млрд. киши тоза ичимлик суви танқислигига учраши мумкинлиги кутилмоқда. Чунки, жаҳонда чучук сувни ишлатиш ҳажми мунтазам ортиб бормоқда.

Шу сабабли ҳам сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ва истеъмолчиларга етиб бориши билан боғлиқ масалалар айни кунда долзарб ва аҳамиятли бўлиб қолмоқда.

Сув етишмовчилиги муаммосини ечиш учун мавжуд сув ресурсларидан унумли фойдаланиш тизимини тартибга келтириш зарур. Яъни, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўли билан сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш мумкин бўлади. Чунки сув заҳиралари етарли бўлган жойларда сувни тежаш, исроф қилмаслик, суғоришда тежамкор усул ва технологиялардан фойдаланиш, сув тақсимотини тўғри йўлга қўйиш, унинг ҳисоб-китобини юритиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Сув танқис жойларда эса сувни етказиб келиш, қўшимча сув манбаларини излаб топиш, суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, сув тақсимотини юқори ташкилотчилик билан амалга ошириш, далада намликни яхши сақловчи агротехник тадбирларни амалга ошириш, экинларни жойланиш структураси ва лозим бўлса, навларни тўғри жойлаштириш масалаларига ҳам катта эътибор бериш лозим. Демак, ер юзида сув ресурсларининг ҳолати ва тақсимланишини барқарор ва бир маромда амалга ошириш тақазо этилади.

Қолаверса, талабнинг айниқса, қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши, аҳолининг ўсиши, саноат ва ишлаб чиқаришнинг кундан-кунга тез суръатларда ўсиб бориши ушбу масаланинг долзарблигини янада оширади. Яъни, талаб ва таклиф орасидаги фарқ катталашиб бораверади. Бундай ҳолат юзага келмаслиги учун сув ресурсларини бошқаришда барча соҳаларнинг талабларини ҳисобга олиш, талаб ва эҳтиёжни мувофиқлаштириб бориш, сув тақсимоти борасидаги халқаро меъёрларга амал қилиш зарур.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси томонидан амалга оширилаётган "Фермер хўжаликлари даласида сувнинг маҳсулдорлигини ошириш" лойиҳаси доирасида Фарғона водийсининг 10 та туманида тажриба дала майдонлари танланиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини иқтисод қилиш, суғориш ишларини ва суғориш техникасини тўғри ташкил этиш, сувнинг ҳисобини юритиш ҳамда экинларнинг хосилдорлигини ошириш борасида бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Сув истеъмолчилари уюшмаларида "Фермерлар дала мактаби"ни ташкил этиш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликларида сувнинг ҳисобини юритиш, далаларни сув ўлчаш иншоотлари билан жиҳозлаш, сув истеъмоли режасини тузиш, сувдан самарали фойдаланиш, суғориш схемасини тўғри танлаш, суғориш режими, сувни иқтисод қилувчи тадбирларни қўллаш каби тавсиялар билан бир қаторда далада ерларни шудгорлаш, ер текислаш, чигит экиш, ғўза агротехникаси, ҳашаротларга қарши кураш, ғалла парвариши бўйича тегишли тавсияномалар бериб борилмоқда. Лойиҳа доирасида Марҳамат туманидаги "Томчи кўли" сув истеъмолчилари уюшмасидаги барча фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқлари, сувни бошқариш ва сув ўлчаш иншоотлари билан таъминланган. Шу билан СИУдан сув оладиган барча фермер хўжаликлари суғориш учун сувини ўлчаб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Ҳозирда фермер хўжаликларида суғориш ишларини сифатли ташкил этиш, суғориш схемасини тўғри танлаш, суғориш техникаси элементларига риоя қилиш, ўқариқлар орасидаги масофани ернинг рельефига ва экиш схемасига мос равишда танлаш, суғориш муддатлари ва меъёрларини аниқлашнинг самарали усулларини татбиқ этиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган ишларнинг пировард натижаси сувни тежаш, кам сув сарфлаб, кўпроқ ҳосил олиш имконини беради.

Шуҳратбек ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ИТҲБ

бошлиғининг биринчи

ўринбосари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди