КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР
Андижон давлат университетида вилоятдаги бошланғич хотин-қизлар қўмиталари фаолияти, хусусан, "Ораста қизлар" тўгараги бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги барча таълим муассасаларининг бошланғич хотин-қизлар қўмиталари раислари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Семинарни вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси Н.Якубова олиб борди.
Семинар ишида Республика хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Д.Ҳасанова қатнашди ва маъруза қилди.
Маърузачи қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг тиббий, ҳуқуқий, иқтисодий йўналишларда билимларини мустаҳкамлашда "Ораста қизлар" тўгарагининг аҳамияти ҳақида таъкидлаб, жойларда олиб борилаётган ишлар таҳлилига кенг тўхталди. Вилоятимизда бу борада истиқболда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр- мулоҳазалар билдирди.
Тадбир давомида иштирокчилар университетдаги "Ораста қизлар" тўгараги, психологик, ҳуқуқий маслаҳатхона ва "Ибн Сино" саломатлик марказининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Айниқса, "Асл либослар" миллий ва замонавий либослар кўргазмаси барчага манзур бўлди.
Семинар якунида кўрилган масалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, бундай тадбир шаҳардаги "Чўлпон" кинотеатрида ҳам бўлиб ўтди.
О.ВАҲОБЖОНОВА.
|