Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 29.03.2012

СПОРТ ВА БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИ

Андижон туманидаги 15-умумтаълим мактабида нафақат таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, балки ўқувчи ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари ҳамда уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсишларини таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

ИМКОНИЯТЛАР КЕНГАЙМОҚДА

Мактаб биноси дастур асосида қайта қурилиб ишга тушгач, ўқувчиларга пухта билим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтириш, таълим сифатини ошириш учун имкониятлар янада кенгайди. Айни кунда мазкур мактабда 985 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Кенг, ёруғ 28 та синф хонаси мавжуд. Синф хоналари замонавий ва қулай мебеллар, лаборатория ва бошқа турли жиҳозлар билан таъминланган. Бу албатта, дарсларнинг қизиқарли ўтиши, ўқувчиларнинг ўз иқтидор ва қобилиятларини тўлақонли юзага чиқаришига хизмат қилмоқда.

- Мактабда режа асосида давра суҳбатлари, турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб турилади, - дейди мактаб директори Равшанбек Исҳоқов. - Масалан, "Қувноқ стартлар", "Олтин тўп", "Ўйла, изла, топ", "Эртаклар яхшиликка етаклар", юқори синф ўқувчилари ўртасида "Меҳнат қилган элда азиз", "Дилдан суҳбат" деб номланган тадбирлар ўқувчиларнинг қизиқиш, интилиш ва фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, ўқувчиларнинг спортга жалб этишга жиддий аҳамият берилаётганлиги натижасида мазкур йўналишда мактаб жамоаси қўлга киритаётган ютуқлар салмоқли бўлмоқда.

ТАШАББУСКОР РАҲБАР

Дарҳақиқат, спортда эришилаётган ютуқларда, умуман, спорт соҳасига алоҳида эътибор қаратилишида мактаб директорининг хизматлари катта. Чунки у инсон спорт билан ҳамнафас. Спорт унинг ҳаёти мазмунига айланган.

Равшанбек Исақов Миробод қишлоғида туғилган. Мўйдин ака билан Қизлархон аянинг иккинчи ўғли. Болалигидан спортнинг белбоғли кураш тури билан шуғулланади. 8-синфда ўқиётган вақтидаёқ катта кураш майдонига тушган, ўқувчилик йилларида бир қатор муваффақиятларга эришиб, Равшан полвон деган ном олган.

Равшан полвон Исақов ўрта мактабни тамомлаб, Андижон давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киради. 1990 йили олийгоҳни тамомлади. Шу йиллар давомида у машғулотлар орқали янада чиниқди, Республика, Марказий Осиё ва халқаро мусобақаларда фаол қатнашди. Интилишлари, меҳнатлари уни шуҳрат пиллапояларига кўтарди, у белбоғли кураш бўйича 21 марта республика, 18 маротаба Халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритган. Кўп карра Ўзбекистон, бир неча бор Марказий Осиё, 2009 йилда эса жаҳон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлган. Эришган юксак натижалари, айниқса, ёш спортчиларни тайёрлашдаги самарали хизматлари инобатга олиниб, унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози унвони берилган. Равшан полвон узоқ йиллардан буён белбоғли кураш бўйича вилоят терма жамоасини бошқариб келади.

Р. Исҳоқов нафақат спортда, балки жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб келаётган фидойи инсонлардан бири, қолаверса, ибратли оила соҳибидир. У Миллий тикланиш партияси аъзоси. Халқ депутатлари туман, вилоят Кенгашлари депутати. Уч қиз, бир ўғилнинг отаси. Рафиқаси Дилфуза Исақова ҳам ўзи каби ўқитувчи, барча ишларда турмуш ўртоғига маслакдош.

Равшан полвон айни пайтда ёш спортчилар учун белбоғли кураш бўйича ўқув қўллланма яратиш устида иш олиб бормоқда.

ТАРБИЯ ВА СПОРТ

УЙҒУНЛИГИ

Баркамол шахс тарбияси мураккаб жараён. Ўқувчиларга пухта билим бериш баробарида уларни катта ҳаётга тайёрлаш, қалбларида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат уйғотиш, юрт равнақи учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш таълим масканининг бош вазифасидир. Ана шу вазифани адо этиш учун мактабда фан ва синфдан ташқари тўгараклар, клублар, спорт секциялари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ўқувчилар дарсдан сўнг бўш вақтларини спорт залида ўтказадилар. Мактабда баскетбол, футбол, шунингдек, қизлар футбол жамоалари ташкил этилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, спортнинг инсон ҳаётида, ёшларнинг етук ва баркамол шахс сифатида вояга етишида тутган ўрни беқиёсдир. Шу боис ҳам кейинги йилларда спортга, хусусан, болалар спортига алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, спорт билан шуғулланаётган қизлар сони ортиб бораётганлиги қувонарлидир.

- Қишлоғимиздаги "Полвон" клуби 20 йилдан буён фаолият олиб боради, - дейди Равшан полвон Исҳоқов. - Клубнинг мақсад ва вазифаси устозлар анъанасини давом эттириш, қишлоғимиздан етишиб чиққан катта Жакбар полвон, Жакбар полвон Тўйчиев, Карим полвон Ҳайдаров, Абдулҳай Абдураҳимов, Зокир Қодиров, Ҳакимжон Мирзаев, Улуғбек Исоқов, Ҳалимжон Усмонов каби машҳур полвонларнинг услубларини такомиллаштириш, уларнинг анъаналарини давом эттириш ва ёшларга ўргатишдан иборат.

Клубга 150 нафардан зиёд ёшлар аъзо бўлган. Мазкур клубда кураш сирларини ўрганган Жамолиддин Бозоров, Дилшодбек Қамбаров, Жаҳонгир Қамбаров, Дилшодбек Раҳимов, Шерзодбек Раҳимов, Гулузро Мирзараҳимова, Умида Умрзоқова, Турсиной Орипова сингари курашчилар республика, Марказий Осиё ва жаҳон чемпионлигига муяссар бўлганлар.

"ЮКСАК МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАЯПМИЗ"

- Яқинда бўлиб ўтадиган "Умид ниҳоллари" спорт ўйинларида ўқувчиларимиздан Иброҳимжон Камоллиддинов, Исломбек Ҳакимов, Руфатмирзо Азимов, Боборавшан Абдулазизов, Раҳматилло Бўстоновлар турли вазн тоифаларида иштирок этадилар, - дейди директор. - Улардан умидимиз катта. Шогирдларимнинг юқори натижаларни қўлга киритишларига ишонаман.

Мактаб жамоасининг спортда эришаётган ютуқларида, ўқувчиларни турли мусобақаларга тайёрлашда мактабда узоқ йилларда буён жисмоний тарбия фанидан сабоқ бериб келаётган Қўлдошбой Раҳмоновнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. У дарсларда, спорт тўгараклари машғулотларида ўқувчиларга пухта билим бериши билан кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини топган. Унинг мураббийлиги остида мактаб ўқувчилари туман ҳамда вилоят миқиёсидаги турли спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Мактаб жамоаси келгусида спортдаги ютуқлар салмоғини ошириш, янада юксак марраларни эгаллаш учун олға интилишига ишонамиз. Чунки ушбу жамоада ана шундай улуғ мақсад билан яшаётган устозлар, ҳамиша ғолиб бўлишга интилаётган шижоатли ёшлар бор.

Мушарраф ОХУНОВА.

З.УМУРЗОҚОВ олган

фото суратлар.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди