Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№16 дан: 05.04.2012

ОИЛА - БАХТИЁРЛИК МАСКАНИ

Ислом динида оила ҳамда оила муносабатларига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Қуръони Каримда оилага эътиборнинг қанчалик зарурлиги хусусида шундай баён қилинади: "Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзахдан сақланг-ки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар турур" ("Таҳрим" сураси, 6-оят).

Ҳар қандай тарбия, хусусан, насиҳат оиладан бошланади. Тарбиянинг бош мақсади-бир-бирига меҳр-оқибатли инсонларни вояга етказишдир. Ота ва оналар яна унутмасинларки, бугун фарзандлари тарбиясига эътибор бермаган киши орадан йиллар ўтгач, жиддий муаммоларга дуч келиши аниқ.

Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари баён этган фикрларга диққат қилайлик: "Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат, - дейдилар ул зот. - Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан ҳоли гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади...".

Тарбиянинг икки асоси бор: фазилатни қўриқлайдиган гўзал ахлоқ ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрлик. Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди. Аксинча, бола дунё талабида улғайса, абадий ҳалокатга юз тутади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) эр ва аёл ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида бир қанча ҳадислар баён қилган: "Агар бировни бировга сажда қилиши мумкин бўлганида, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим. Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақ сабабидан".

Қуръони Каримнинг муборак оятларида келтирилган кўрсатмалар оиладаги муносабатларда, маънавий баркамол инсонларни тарбиялашда эр-хотиннинг тинчлик асосида, ўзаро иттифоқда яшашлари муҳим эканига урғу берилади. Яна шунингдек, оиладаги энг кўп масъулият эрлар зиммасига тушишлиги уқтирилиб, эрларга оила бошлиғи бўлиш ҳуқуқи берилади ва уларни аёлларга нисбатан кўпроқ адолатли, чиройли муомалада бўлишга чақирилади.

Ислом динида эрнинг оиладаги раҳбарлик вазифаси масъулият деб талқин қилинади. Лекин оила бошлиғи баъзилар хаёл қилганидек, оила аъзоларига жабр-зулм ўтказиш дегани эмас. Оила бошлиғи сифатида эр оиланинг ҳар томонлама баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига масъулдир. Ҳар қандай оилавий можарони тинчлик йўли билан оқилона ҳал қилиш мумкин. Муборак Ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Барчаларингиз ўз қўл остингиздаги аҳли аёлингизга масъулдирсиз".

Демак, оилада эрнинг вазифаларидан энг муҳими, хотиннинг ҳақларини тўла адо этишидир. Уни қурби етганча ризқ-рўз, кийим-кечак ва уй-жой билан таъминлаш эрнинг зиммасида. Жумладан, буюк фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғиноний асарида шундай деб ёзилган: "Эр кишининг зиммасига ўз хотинининг нафақаси вожибдир, у хоҳ муслима, хоҳ кофир бўлсин, агар эрнинг манзилида ўз нафсини шу эрига топширган бўлса, бас, аёлнинг нафақаси, кийим-кечаги ва турар жойи эрнинг зиммасида бўлади.

Оила аъзолари ҳам шу билан бир қаторда доимо ўз оила бошлиқларининг ҳурматини сақлашлари жоиздир. Шундагина оила ҳар доим тинч-тотув, фаровон бўлади. Фарзандлар ҳам юксак онгли, одоб-ахлоқли бўлиб камол топадилар.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жомеъ масжиди имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди