Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 19.04.2012

МУЛОҲАЗА

БОЗОРЧИ АЁЛ

У ҚАНДАЙ ФАЗИЛАТЛАРГА ЭГА БЎЛИШИ КЕРАК?

Бугун бозорларимизда савдо-сотиқ билан шуғулланаётганларнинг аксариятини аёллар ташкил этади. Яъни, бозорда кўкату зираворлардан тортиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кийим-кечак, қўйингки, барча турдаги маҳсулотларни сотаётганларнинг кўпчилиги аёллардир.

Шу ўрнида опа-сингилларимиз сотувчилик, савдогарлик ишларини қай даражада уддаламоқдалар? Сотувчи масъулияти, бурчини бекаму кўст адо этяптиларми? Савдо, одамлар билан муомала маданияти, маънавияти қай даражада?

Бозорчи аёлларимизнинг фаолиятига назар ташлаб, юқоридаги ва бошқа қатор саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

САВДОГАРЛИК -

УЛУҒ ҲУНАР

Бугунги кунда ҳаётимизни бозорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бозор зарур эҳтиёжларимизни қондирувчи маскан ҳисобланади. Шу боис, қут-барака макони бўлган бозорларга ошиқамиз. Халқимизнинг "Элнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, бозорини кўр", деган гапи ҳам бежиз айтилмаган. Шу боис ҳам бозорга эътибор катта, қолаверса, бозорлар турмуш тарзимизда муҳим ўрин тутади.

Истиқлол шарофати билан юртимизнинг ҳар бир гўшаси, жумладан, бозорларимиз ҳам обод масканга айланди. Вилоятимизнинг деярли барча бозорлари қайта қурилди. Замонавий, тоза, озода, кўркам бинолар қад ростлади, сотувчилару харидорлар учун зарур барча қулайликлар яратилди.

Киши бирор буюм ёки маҳсулотни олиб келиб сотиши, бу савдогарлик, тадбиркорликка киради. Бундан нафақат ўша киши ўзи фойда кўради, балки жамият ҳам манфаат топади, қолаверса, бозорларимиз тўкин, юртимиз файзли бўлади.

Айтиш керакки, бу борада муҳим вазифа фуқароларимизда савдо маданиятини шакллантиришдир. Бу албатта, кўп жиҳатдан савдо билан шуғуланувчи кишиларга боғлиқ масала. Улар қандай хислату фазилатларга эга бўлишлари лозим?

- Савдогарлик энг яхши ҳунарлардан бири, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Ҳосиятхон Мамажонова. - Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам савдогарлик касби билан шуғулланган. Ҳазрати Ҳадича онамиз ҳам савдогар бўлиб, араб қавми аёллари ичида зийрак, савдо ишларига уқуви баланд бўлган аёл эдилар.

Ҳадича онамиз мусулмон аёлларига хос жамики фазилатлар соҳибаси бўлган. Савдони инсоф-диёнат, тўғрилик билан олиб борган. Улар савдо, олди-сотди ишларида энг аввало, Аллоҳ розилиги, одамларнинг ҳожатини чиқариш ва шу орқали ҳалолдан ризқ-рўз топиш, фойда кўришни мақсад қилганлар.

Икки жаҳон сарвари Пайғампаримиз (с.а.в.)дан ҳамда Ҳадича онамиздан ибрат олиб, ҳар бир киши савдо ишини эзгу ният билан олиб бориши даркор. Бойлик орттириш, ўз манфаатини устун қўйиш, ўз нафси балоси учун қилинган савдо номаъқул ишдир. Ҳалол савдонинг барокати кўп бўлади.

Тўғри, айни кунда бозорларда ана шундай эзгу ниятда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган инсонлар жуда кўп. Лекин бозорлардаги айрим ҳолатларни, баъзи аёлларимизнинг савдо ишларини кузатиб, ҳайрон қоласан, киши. Гувоҳи бўлганимиз бир ҳолат ҳақида тўхталиб ўтамиз.

- Тилла буюмлар бўлса, яхши баҳоларда сотиб оламиз, - дер эди бозорга киришда турган бир аёл.

- Манави узугим қанча тураркин? - Қўлида узук билан ийманибгина сўради 35 ёшлардаги аёл.

Узукни кўрган савдогар аёл: - Бу узугингизга 100 минг бераман, унчалик сифатли эмас, -деди.

- Вой опа, бундан бир йил аввал 180 минг сўмга олганман-ку. Зарурат бўлиб сотмоқчи эдим. Майли, бераверинг, бошқаларга ҳам кўрсатиб кўрай-чи?

- Нима, мени ёлғончи қиляпсанми? - дея сенсирашга ўтди аёл.

- Нимага ундай дейсиз, опажон?

- Бу матоҳингни 100 мингга ҳам сота олмайсан. Менга "раҳмат" дегин, шунча пул бераман деганимга.

Қисқаси, ҳалиги аёл бир амаллаб узугини олиб, ундан узоқлашди.Тиллафуруш аёлнинг оғзидан чиқаётган гапларга илон пўст ташлайди. Унинг гапларига биров эътибор ҳам бермасди, "юзинг қурсин" дегандай тескари қараб ўтиб кетардилар. Бироз ўтиб у ўзини тинчлантирди-да, "Тилла буюмлар бўлса, яхши баҳоларда сотиб оламиз", дея ўтган-кетганларга мурожаат қила бошлади.

БОЗОРДАГИ ТОМОША

Бир куни эрта тонгда бозордаги яна бир ҳолатни кўриб гўё артистлар роль ўйнаяптими, дея ёқа ушлайсан киши. Бозор йўлакчасидаги савдо қаторларига кириб улгурмасдан тўполон, бақир-чақирнинг устидан чиқиб, ҳайратда қолдим. Савдо қаторидан жой талашиб икки аёл уришиб-тортишарди. Бир жойда, бир қаторда фақат икки ёки уч қадам олдиндан жой эгаллаш учун шундай жанжал бўлдики, сизу биз билан яшаётган ўзбек аёллари бу қадар тубан йўлни тутишларига ачиниб кетдим. Тирикчилик илинжида, ҳалол ризқ-рўз топаман деб бозорга чиққан бу икки аёл шундай тортишардики, гўё одоб-андишани унутишган эди. Энг ачинарлиси, бу "томоша"ни уларга ҳамроҳлик қилиб турган фарзандлари ҳам кузатиб турарди. Зўравонлик қилиб "ғолиб" бўлган аёл "муттаҳам бўлмасанг, бозорда нон тополмайсан", деган фикрни фарзандлари онгига сингдирарди.

Мана шу нохуш манзарани кўрган ёш қиз эртага қандай инсон, қандай она бўлади? Бозорда ўзини тута олмаган, инсоф-диёнатни унутган аёлнинг фарзанди онасидан нимани ўрганади, қандай ибрат олади? Бу ҳолат дунёқараши энди шаклланиб бораётган фарзандлари онгига, тарбиясига қандай салбий таъсир кўрсатишини бир ўйлаб кўринг.

Ҳа, жуда камдан-кам бўлса-да бозорларимизда шундай томошаларнинг юз бериши ачинарлидир. Бир-бирини алдаган, уришган, ҳақоратлаган, қарғаган опа-сингилларимизни кўриб, уларда маънавият, уят, ор-номус тушунчалари бормикан, деб ўйланиб қоламиз. Наҳотки, бозор мана шундай қалтис жой, жанжаллар майдонига айланиб қолган бўлса?! Нега аёллар бунчалик қўполлашиб, дилозор бўлиб кетишяпти?

Яна бир муаммо. Бозорчи аёлларимиз эрта тонгдан ишга жўнаб, қош қорайгач қайтадилар. Фарзандлари нима билан машғул, уларнинг тарбияси билан зарур даражада шуғуллана оляптиларми?

Тарбия фақат моддий таъминот билан тўхтаб қолмайди. Фарзандга, айниқса, қиз болага фақат онаси ўргатиши керак бўлган одоб-ахлоқ меъёрлари бор.

Савдогарликнинг қирралари кўп. Бу ҳунар тўғри гапириб, ҳалол, хушмуомалалик билан қилинса, баракали бўлиши ҳаммага кундай равшан.

Савдонинг барокатли, фойдали бўлиши кўп жиҳатдан савдогарнинг ниятига, маънавиятига, муомала маданиятига боғлиқ. Шундай экан, савдо-сотиқ билан машғул бўлган опа-сингилларимиз, аввало, ана шу хислатларга эга бўлиш учун ҳаракат қилишлари лозим.

САВДО МАДАНИЯТИНИ ЮКСАЛТИРАЙЛИК

- Бугун бозорларимизнинг кўрки ўзгача, - дейди Андижон шаҳар бош маслаҳатчиси Муҳаббатхон Раҳимова. - Бозорда сотувчи ва олувчилар учун кўплаб қулайликлар яратилган, тартиб-интизом, озодалик бор. Боиси, бу ерда асосан аёлларимиз фаолият кўрсатмоқда. Аёл бор жойда покизалик, саранжом-саришталик бўлиши табиий. Шунингдек, бозорлардаги аёлларимизнинг маънавияти, маданияти ҳам юксалиб бормоқда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан вилоятимиздаги бозорларда бошланғич хотин-қизлар қўмиталари ташкил этилган. Қўмиталарнинг саъй-ҳаракати билан бу борада ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Аёллар ўртасида юз берадиган жанжаллар, салбий ҳолатлар кескин камайган. Чунки ўзбек аёлларига хос андиша, орият ва номусни пулга, мол-дунёга сотиб олиб бўлмаслигини жуда кўп аёлларимиз англаб етмоқдалар.

Дарҳақиқат, дўппи, кўйлак, нимча каби буюмлар сотиладиган бозорларга кирсангиз, аёлларнинг муомаласи, таклиф ва фикрларини эшитиб, уларнинг билимига, маънавиятига тасаннолар айтасиз. Улар ўз ҳунарлари ёки савдо-сотиқ ортидан фойда кўриш билан бирга, савдо маданиятининг юксалтиришга катта ҳисса қўшаётганликларининг гувоҳи бўласиз.

Шу ўринда яна бозорчи аёлларимиз билан боғлиқ айрим мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Таъкидлаганимиздек, орамизда тадбиркорликни касб қилиб, савдо билан шуғулланаётган аёллар кўп. Улар билан йўл-йўлакай, турли тадбирларда учрашиб қоламиз. Бир куни бир даврада икки бозорчи аёл билан бирга бўлиб қолдик. Улар жуда ҳашамдор кийинган, бўйинларида қатор тилло занжирлар, қўлларида қўша-қўша узуклар, катта-катта гапиришлари билан ҳаммани ўзига қаратарди. Улар ўзларини тутиши, хатти-ҳаракатлари билан атрофдаги аёлларни ҳайратлантиришга уринардилар. Даврадаги камхарж, ойлик маошга кун кўрадиган, зиёли аёллар уларга ҳавас билан қарамасликлари аниқ.

Ана шу икки аёлни яқиндан таниганлар, уларнинг оиласидаги муҳитни, ота-онаси, қариндош-уруғлари, фарзандларига муносабатни, маҳалла-кўй олдидаги обрў-эътиборини билганлар ҳеч қачон уларнинг ўрнига ўзини қўйишни лозим топмасди. Чунки улар фақат ўзини ўйлаб, ўзгаларни юз қилмайдиган, ҳатто, яқинларининг кўнглини оғритиб, мол-дунёни инсон қадр-қимматидан устун қўядиган кишилар тоифасидан эди.

САВДОДА МУҲИМИ - ҲАЛОЛЛИК

- Қарийб 20 йилдирки савдо билан шуғулланаман, - дейди Мавлудахон Раҳматуллаева. - Кичкинагина дўконимда иш юритиш учун муомалада ширинсўз, илтифотли, очиқ чеҳра бўлишга ҳаракат қилсам, иш ташкил этишда "темир хотин" бўлишга интиламан. Ишим шуни тақозо этади. Савдода ҳалоллик билан, тўғри юриб, тўғри турсангиз, ишларингиз бароридан келаверар экан.

Савдо иши билан хорижда ҳам кўп бўлганман. У ерларда бирор марта ҳам бир-бирлари билан уришган-жанжалашган савдогар аёлларни кўрмадим. Қизиқиб, ана шундайлар бор-йўқлигини суриштирдим. Айтишларича, ривожланган давлатларда ҳам ундайлар учраб тураркан. Фақат уришқоқ, зўравонлик қилмоқчи бўлганларга полиция томонидан катта миқдорда жарима солинар экан. Шундан сўнг, ундай аёллар қайта уриш-жанжал чиқаришга журъат этолмас экан.

Балки, бизда ҳам "ўзини кўрсатадиган" жанжалкаш аёлларга ана шундай интизом чоралар кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Савдогарлик нозик, оғир ва масъулиятли касб. Унинг уддасидан чиққанлар бу соҳанинг нонини ейди. Бозорда сотувчи, айниқса, аёл сотувчиларнинг маънавий қиёфаси муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ҳолатда ҳам бозорларда фаолият юритаётган опа-сингилларимиз ўзлигини, аёллик латофатию диёнатини, миллатимиз келажаги бўлган фарзандларни улғайтирувчи улуғ зот эканлигини, оналик масъулиятини унутмасликларини, ўзбекона одоб-ахлоқ, юксак маънавият соҳибаси сифатида ҳурмат топишларини жуда-жуда истар эдик.

Раъно ҲАЙИТБОЕВА, Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди