Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 03.05.2012

ҚУДАЧИЛИК МИНГ ЙИЛЧИЛИК

Дарҳақиқат, халқимизда "Қудачилик минг йилчилик" деган ҳикматли гап бор. Икки ёшнинг умид билан қурган оиласи бахтли никоҳлари бардавом бўлишлари кўп жиҳатдан қудаларга, уларнинг муносабатларига боғлиқ.

Бу ҳолат, айниқса, мусулмон халқларида жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Чунки, урф-одатларимизга кўра, янги оила қурган ёшлар тўлиқ мустақил бўлиб, ота-онасининг измидан чиқиб кетмайди. Балки парваришлаб, тарбия қилган, уйлаб-жойлаган ота-оналарнинг кўнглини олишга, уларни рози қилишга ва ранжитиб қўймасликка ҳаракат қилинади. Бу ҳам бўлса - исломий ахлоқ-одоб асосидаги шарқона тарбиянинг гўзал намуналаридан биридир.

Ҳозирги кунда жамиятимизда айрим оилаларнинг аҳил-тотув турмуш кечиришларига, ҳеч қанча яшамай қўйди-чиқди бўлишига, ёш аёлларнинг бева қолишига, норасида гўдакларнинг ота меҳрига зор, тирик етим бўлиб қолишига ҳам шу тарбияга, диний ва миллий қадриятларимизга етарли эътибор берилмаётганлиги сабаб бўлмоқда, десам муболаға бўлмайди.

Бундан ташқари, тўйларимиздаги риё учун, одамлар кўрсин, деб қилинаётган кераксиз дабдаба ва беҳуда харажатлар ҳам қуда-андалар ўртасида турли нохушликлар келтириб чиқараётганлиги бор гап.

Неча бора айтилишига, маҳалла фаоллари, имомлар, отинойилар томонидан доимий равишда тарғибот қилинишига қарамай, давом этиб келаётган, мусулмончиликка ва аждодларимиз урф-одатларига, бугунги кун талабига зид бўлган исрофгарчилик ва дабдабабозлик, тўқликка шўхлик давом этмоқда. Нима учун бундай ножоиз йўлни танлаяпмиз? "Қачон тафаккур билан иш юритамиз?", деган саволлар очиқ қолмоқда?

Айниқса, қиз чиқараётган оилаларга жуда ҳам оғирлик тушмоқда. Фарзандини балоғат ёшига етказиб, қўлидан иш келиб қолганида бировнинг хонадонига бериб юбориш ҳам осон иш эмас. Қолаверса, қиз фарзандга ўғил боладан ҳам кўра кўпроқ эҳтимом қилинади.

Ана, энди уни балоғатга етгач, турмушга чиқаради. Аслида ҳаётимизнинг мазмуни ҳам шу! Албатта, қиз боласи бор хонадон фарзанди эсини таниб улгурмасидан сандиқ тўлдиришни бошлайди. Ва бу сандиқ шунчалар "еб тўймас"ки, тўйгача ҳам тўлмайди. Қиз узатган хонадон қийналса-да, бемаъни ва кераксиз урфларни адо этишга мажбур бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аввало, келин томон бировнинг гап-сўзига эътибор бермай ўз шароитини ҳисобга олган ҳолатда кўрпасига қараб оёқ узатмоғи, шариатимиз чегараларидан чиқмаслиги, исрофгарчиликка йўл қўймаслиги лозим. Лекин асосий муаммони ҳал қилиш куёв томондагиларга боғлиқ. Улар таъмагирлик қилмаса, қудаларни авайлаб иш тутса кўп нохушликларнинг олдини олиш мумкин.

Кўпчилик "ҳамма қиляптию" деган гапни маҳкам ушлаб олган. Бу эса ўзлари хоҳламаган нарсани қилишга сабаб бўлади. Мен эса "Йўқ, ҳамма ҳам қилаётгани йўқ!" дейиш мақсадида ўзим яхши билган бир инсонни мисол қилиб келтирмоқчиман.

Ўша танишим, аввало, қизини чиқаришда қуда томон билан келишиб "стенка" ва тўшама ётоқ (спальний) каби буюмларни олмади. Тўйдан кейин ҳам кунига уч-тўрт маҳал овқат ташимади. Ҳайит, байрамларда дабдаба қилмади. Энг асосийси, куёвнинг отаси ҳам келин томонни қўллаб-қувватлаб турди. Бу эса қиз томонга далда бўлди.

Охир-оқибат нима бўлди?

Ҳеч ким маломат ҳам қилмади, уларнинг устидан биров кулмади ҳам. Қизи ҳам ўксимади. Ҳаётлари жуда чиройли, яхши ўтмоқда.

Яқинда набирали бўлишди. Биз айтган оилалар камхарж ёки бахил эмас, балки меъёрдан ошмаслик, бир-бирларини ортиқча қийнамаслик, риё бўлмаслиги, одамларга ўзларини кўз-кўз қилмаслик учун ана шундай йўлни танладилар. Ҳолбуки, улар ҳам фарзандини яхши кўради. Боласига бошқалардан кўпроқ сарфлаб завқланиши ҳам мумкин эди. Дабдабага яраша имконлари ҳам бор эди. Бироқ, бундай йўлни танламадилар Бидъатлар асосан хотинлардан чиқади. Шу боис, аҳли аёлларига тушунтирдилар, аҳли солиҳ аёллари ҳам буни тўғри қабул қилдилар.

Бошқалар ҳам шундай йўл тутиши мумкин-ку. Қачонгача хотинлар ғалвасини рўкач қиламиз? Аҳли аёлимизни йўлга солайлик. Ахир бир-бирларини қийнаш мусулмончиликдан эмас. Илоҳим, қиз чиқариб, ўғил уйлаш, қуда-андали бўлиш барчамизга насиб этсин. Тўйларни ўтказишда қудаларимиз доимо бир-бирларини тушуниб, яхши муносабатда бўлсинлар. Шундагина ҳаётимиз файзли, қилаётган ишларимиз баракотли бўлиши шубҳасиз.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ, Асака тумани "Марқаюз" жоме масжиди ноиб-имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди