Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 03.05.2012

СУҲБАТ

"ОНАМГА ЎХШАГИМ КЕЛАДИ"

Аллоҳ аёлларнинг барчасини МЕҲРдан бино этиб, МУҲАББАТдан уларга жон берган дейишади.

Дарҳақиқат, уларнинг меҳридан буюк ҳарорат, муҳаббатларидан кучли севгини ҳеч ким бера олмайди. Аёллар севгучи, меҳр бергувчи, ардоқлагувчи, шу билан бирга, яқинлари учун қирқ жонини фидо қилгучи хилқатлардир. Бугун ана шундай аёллардан бири, кино ва театрнинг иқтидорли актрисаси Нигора КАРИМБОЕВА билан суҳбатлашамиз.

- Аёл киши ва она сифатида аёлларга, оналарга қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Мен, аввало, аёлларга ўз онамдан келиб чиққан ҳолда таъриф бераман. Чунки бошқа аёллар каби асосий тарбияни бизга ҳам онам берганлар. Уларга ўхшашни жуда ҳам хоҳлардим, ўхшолмадим. Аммо уларнинг тарбиясини олиб, кўп нарсаларга эришдим. Бунинг учун онамга катта раҳмат айтаман. Она деганда, аёл деганда, уйим-жойим дейдиган, фарзандларига, турмуш ўртоғига ўзини, умрини бағишлай оладиган аёл кўз олдимга келади. Замонавий аёллар ҳам уйни, ҳам ишни, ҳам фар-зандларни эплай олди. Албатта, бу камдан-кам аёлларнинг қўлидан келади. Тан олиб айтаман, бу менинг қўлимдан келмайди.

Менинг онам ҳам барча нарсаларнинг уддасидан чиққан. Гарчи онамга ўхшай олмаган бўлсам-да, барибир, ҳар доим улардай бўлишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун фарзандимнинг ўқиши, юриш-туришидан доимо бохабар бўлишга, муаммолари ва ички кечинмалари билан ўртоқлашиб туришга уринаман. Бошқа ишларимни йиғиштириб бўлса-да, боламга вақт топишга ҳаракат қиламан. У ўқиган китобларни ўқишга интиламан. Токи, мендан шу нарсалар ҳақида сўраганида мулзам бўлиб қолмайин. Яна бир ҳақиқат ҳам борки, фарзанд меҳр кўрмаса, келажакда меҳр бера олмай қолиши мумкин. Ўзимиз бермаган меҳрни эса ўзимиз талаб ҳам қила олмаймиз.

- Келин ва қайнона можаролари ҳақидаги турли гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Хўш, Нигора Каримбоева ўз қайнонаси ҳақида нима дейди?

- Аввало, мени бошқа аёллар ва қайноналар кечирсинлару, аммо ҳар доим дилимдагини очиқ айтишга ўрганганим боис бу сафар ҳам уларни яшириш ниятим йўқ. Яъни, нима қилганида ҳам қайнонам ҳеч қачон онамнинг ўрнини боса олмайди. Лекин улар турмуш ўртоғимни дунёга келтириб, ювиб-тараб катта қилган онаси бўладилар. Буни ҳар доим дилдан ҳис қилиб яшайман. Албатта, қайнонанинг-иззат ҳурматини жойига қўйиш керак, деган тушунча ёшлигимиздан миямизга кирган. Лекин бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин турумуш ўртоғини севган, ҳурмат қилган, оиласини яхши кўрган, фарзандларини ардоқлаган ҳар қандай аёл қайнонани ҳам ҳурмат қилиши шарт, деб биламан. Энди ўз қайнонам ҳақида гапирадиган бўлсам, бу борада жуда ҳам омадим келган. Қайнонам ўта меҳрибон, ширинсўз ва фидойи аёл. Менинг фарзандимни жуда ҳам яхши кўради. Унинг бахту камоли, саломатлиги учун биздан ҳам кўп куюнади. Чунки биз ота-она ҳар куни кечгача кўчада - ишда бўламиз, боланинг кўп вақти эса бувиси билан ўтади. Албатта, кекса инсонлар тарбия берган болаларнинг ақлий жиҳатлари барибир, тенгдошларидан яхши томонга ажралиб туради. Мен фарзандимнинг шундай ишончли қўлда эканлигидан хотиржам яшайман ва ишлайман.

- Аёл сифатида аёллардаги қайси хислатларни ҳурмат қиласиз?

- Биласизми, бизга ёшлигимиздан "Аёллар эркаклардан бир поғона паст туриши керак", деб ўргатишган. Аммо охирги пайтларда назаримда шу нарса йўқолиб бораётгандай. Эркакдан пастроқ туриш керак. Тарихдан маълумки, жуда кўп доно аёллар эридан паст туриб ҳам буюк ишларни уддалаганлар. Аёл эридан кўра кўпроқ пул топса ҳам, ундан юқорироқ мавқега эга бўлса ҳам уни ҳурмат қилиши шарт. Ҳар қандай шароитда ҳам эрини севадиган, ҳурмат қиладиган, ардоқлайдиган, меҳрибон, кечиримли ва мард аёлларни жуда-жуда ҳурмат қиламан. Шу билан, бирга ҳар қандай даврада ўзини тута оладиган аёлларни ёқтираман.

- Ўзингизни қандай аёллар тоифасига киритасиз?

- Билмадим. Ишбилармон десам, унақа эмасман. Уйим-жойим дейдиган десам, кўпроқ ишда, гастролларда бўламан. Демак, унақа ҳам эмасман. Балким, шунинг учун кўп нарсага улгура олмасам керак? Кўпинча иш билан оилани тенг уддалашга, фарзандларимга етарли вақт ажратишга улгура олмай қоламан. Шуларни ўйласам, эзилиб кетаман. Лекин, қандай бўмасин, яхши аёл бўлишга ҳар доим ҳаракат қиламан.

- Аёл сифатида бахтлимисиз ёки санъаткор сифатидами?

- Ҳар иккаласида ҳам ўзимни бахтлиман дея олмайман. Чунки ҳар нарсада ҳам камчиликлар бўлади. Хусусан, бахтда ҳам. Демоқчиманки, тўкис бахтнинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам ҳаёт қизиқарли ва гўзал. Шунинг учун ҳам унга умрбод тўймайсан. Лекин мен йўлимда учраган ҳар қандай тўсиқларни енгишга, камчиликларни бартараф этишга, курашиб яшашга интиламан. Чунки ҳаётимнинг ярми касбим бўлса, ярми оилам ҳисобланади. Қачонлардир, вақтлар ўтиб сизнинг касбга эмас, касбнинг сизга эътибори камайиши мумкин. Аммо фарзандларнинг, оиланинг эътибори камаймайди. Аксинча, юксалиб боради. Агарки, аёл бунга ўзи замин яратган бўлса.

- Ўзингизни кучли, "қирқта жони" бор аёл сифатида ҳис қилганмисиз?

- Кўп бор ҳис қилганман. Баъзида ҳаёт синовлари кўнглимни шунчалар парчалаб ташлайдики, ўша пайтларда қийналганимни кўриб, ўлиб қолсам керак, деб қўрқиб ҳам кетаман. Лекин ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг чораси бор экан. Муаммоларим бартараф бўлиб, яна одатдагидек ҳаёт уммонига шўнғиганимда эса, ўша ташвишларга чидаганим учун ўзимга ҳайрон қоламан. Ўзимнинг нақадар кучли эканлигимни ҳис қиламан. Аллоҳ берган синовларнинг барчаси ўткинчи. Шунинг учун ҳам яхши кунимда ҳам, ёмон кунимда ҳам шукр деб яшашга ҳаракат қиламан.

- Нималарни кечира олмайсиз?

- Менимча, ҳамма нарсани кечира олсам керак. Баъзан кечиришга мажбур бўлиб ҳам қоласиз. Албатта, ўзингизни эмас, атрофдагиларни ўйлаб шундай қиласиз. Инсон ёши улғайгач, ўзидан кечиб атрофидаги қадрдонлари, жигаргўшалари учун яшар экан. Кечирмасдан, хафа бўлиб юриш эса соғлигингизга зарар келтиришдан бошқага ярамайди. Лекин кечирсангиз, руҳингиз енгил тортади.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ қизи


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди