Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 03.05.2012

ҲИКОЯ

ЧОҲГА ЎЗИ ТУШДИ

Салимжон маҳалла гузарига чиққанда уч-тўрт нафар ёш-яланг гурунглашиб ўтиришган эди. Салимжон улар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, даврага қўшилиб, гапга қулоқ солиб ўтирди.

Бирдан даврадаги Саттор гапни бўлиб:

- Салимжон ака, эшитдингизми? Авазбекни "Дамас" уриб кетибди, жойида ўлибди, - деди.

Салимжон ҳайрон бўлиб:

- Йўғ-э, ҳозир мен Авазбекнинг отаси Тошлан ака билан бирга бўлдим. Бу ҳақда ҳеч нарса демади-ку! - деди ҳайрон бўлиб.

- Рост, ишончли одам айтди, - деди Саттор.

Унинг суҳбатдошлари ҳам ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Салимжон олди - орқасига қарамай, Тошлан аканикига югурди. Тошлан ака Салимжоннинг шошиб келаётганини кўриб:

- Ҳа? Тинчликми, шошилиб келяпсиз? Бирор нарсангиз эсдан чиқибдими? - деди.

- Ҳеч нарсам эсимдан чиққани йўқ. Бир гап эшитдим. Шуни аниқлагани, сизни хабардор қилгани келдим.

- Нима гап экан, айтаверинг, рангингиз ҳам ўзгариб кетибди. Тинчликми?

- Ўғлингиз Авазбек қаёққа кетган?

- Ишлагани.

- Ким билан?

Иброҳимжон деган шериги билан. Авазбекка бирор нима бўлибдими, тезроқ айтинг?

- Тошлан ака, бир гап эшитдим, балки ёлғондир... ишқилиб ёлғон бўлсин. Авазбекни "Дамас" уриб кетибди.

Бу совуқ хабардан Тошлан аканинг вужуди музлаб, ерга ўтириб қолди ва ҳушидан кетди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ келини уйдан чиқиб, қайнотасининг ҳолсиз ётганини кўриб, ўтакаси ёрилаёзди, тезда сув олиб чиқиб, юзига сепди. Муздек сув Тошлан акани ўзига келтирди.

- Қўшни, тезроқ касалхонага борайлик, - деб Тошлан ака апил-тапил ўрнидан турди. Келинига ҳеч нарсани айтишмади. Ёш киракаш йигит уларни марказий касалхонага олиб бориб қўйди.

Қўшнилар навбатчи қиздан:

- Бугун "Дамас" уриб кетган 30-31 ёшлардаги йигитни олиб келишдими? - деб сўрашди.

Навбатчи:

- Бугун бирор кимсани машина урганлиги ҳақида бизда маълумот йўқ, - деб жавоб берди.

Қўшнилар яна "Тико"га ўтиришиб, Авазбекнинг шериги Иброҳимжонникига боришди. Хотинидан Иброҳимжонни сўрашди.

- Хўжайиним Авазбек ака билан қўшни қишлоққа - аммамникига ишлагани кетган, - деди хотини.

- Уйини биласизми?

- Ҳа. Тинчликми?

- Тинчликмас-да. Авазбекни машина уриб кетибди, тирикми-ўликми билмаймиз. Тезроқ машинага чиқинг?

Улар етиб борганида Авазбек деворни шувоқ қилаётган эди. Тошлан ака югура солиб Авазбекни бағрига босиб йиғлаб юборди.

- Ўғлим соғмисан? Ҳеч еринг лат емадими?

- Тинчликми, дада? Тушунтириб гапиринг, нима бўлди?

- Улфатхоннинг ўғли Саттор Салимжон акангга айтишича, сени "Дамас" уриб юборганмиш. Э, ҳайрият, шум хабар ёлғон чиқди. Худога минг марта шукур.

- Ҳа, ўшами, уни билмайсизда, ичи қора. Дангасалиги, қўли қинғирлиги, ёлғончилиги учун биз жўралар давраларга уни умуман қўшмай қўйдик. Шунга аламидан гап чиқарибди-да. Қўяверинг, дада, худога солдик, - деб Авазбек дадасини тинчлантирди.

Чой қуйиб берди. Тошлан ака ўзига келди.

Кечки пайт Авазбек билан уста Иброҳимжон ишдан қайтаётиб Сатторларнинг эшиги олдида одам кўплигини кўришди. Маълум бўлдики, Сатторни бир соатлар олдин "Дамас" уриб кетибди.

Авазбек ҳам, уста Иброҳимжон ҳам Яратганнинг бу ишидан ҳайрон қолишди.

Ҳамиджон ЎТАНОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди