Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 30.05.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

ЗУЛМАТ ИЧРА НУР

Дунёдаги энг яхши ва гўзал нарсаларни кўз билан кўриб бўлмайди, ҳатто уларга тегиниш ҳам амримаҳол. Уларни юрак билан ҳис қилиш даркор. Кўриб туриб ҳақиқатни англамаслик эса кўзи ожизликдан ҳам ёмонроқдир.

Элен КЕЛЛЕР.

Элен Адамс Келлер - америкалик кар, соқов ва кўзи ожиз аёл. Шундай жисмоний нуқсони борлар орасидан чиққан илк олий маълумотли бу аёл етти китобнинг муаллифи, фаол жамоат арбоби. Мустаҳкам иродаси унга шу ёруғ оламдан завқ олиб яшаш бахтини туҳфа этган. Ҳаёт гўзалликларини кўнгил кўзи билан ҳис қила олган қалби гўзал аёл эди.

Тақдир синовлари-ю машаққатларини мардоновор енгиб яшаган сабот ва матонатли Элен хонимнинг сермазмун умрига ҳар қандай инсон ҳавас қилиши аниқ.

1880 йилнинг 27 июнида Айви Грин қишлоғидаги капитан Артур Келлер ва Кейт Адамс Келлерлар оиласида жажжигина қизалоқ дунёга келди. Сочлари жингалак, кўзлари чарос гўдакка Элен дея исм қўйдилар.

Элен кўп чақалоқлар сингари соғлом дунёга келган. Бир ярим ёшида аллақандай дард илашдию мурғак гўдак бу ёруғ оламни кўриш, эшитиш ва сўзлаш каби энг буюк неъматлардан мосуво бўлди.

Тез орада қизалоқни бошқариб бўлмай қолди. Инжиқ, қайсар қиз оила аъзоларини роса безор қилди. Эленнинг қилғиликларидан шўрлик ота ва онанинг эси оғаёзди. Ҳатто, уни махсус муассасага топшириб юбориш фикри ҳам йўқ эмасди уларда. Лекин бундайин қисматдан уни Яратганнинг ўзи асради.

Эленнинг онаси кўр, кар ва соқов қиз Лорен Брижман реабилитацияси бўйича ўқитувчилари эришган ютуқлари ҳақида Чарльз Диккенснинг "Америка хотиралари" асаридан ўқиб қолади. Эленни Балтиморга олиб боришади. Мутахассис қизни кўргач, шифокорларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги, қизалоқнинг дардига даво даргумонлигини маълум қилишади. Лекин бир қатор Александр Грэм Беллга учрашиб кўришларини тавсия қиладилар. Бу ўша машҳур телефон ихтирочиси Грэм Белл бўлиб, у ҳам кар, кейинчалик буткул тилдан қолган эди. Шунинг учун у ўзи каби кар-соқов болаларга ҳаётини бағишлаган. Бэллнинг маслаҳати билан Эленнинг ота-онаси кўзи ожизлар муаммоси бўйича институтнинг директори Майкл Анагносга хат ёзишди. Шундай қилиб, кўзи ожиз, кар-соқов қизалоқ Энн Салливан исмли энагага эга бўлди.

Энн Салливан ҳам болалигида кўриш қобилиятидан деярли маҳрум бўлган ва камбағаллар саховат уйида тарбияланган. У Анагнос институтида икки марта операцияни бошидан ўтказди. Кейин эса олий маълумот олиб, педагог бўлди. Эленнинг таълим-тарбиясини зиммасига олганида у 22 ёшда эди. Келлер ҳаётда нимагаки эришган бўлса, ҳаммаси айнан Энн Салливаннинг хизматлари самарасидир. Уларнинг муносабатлари 49 йил давом этди.

Етти ёшгача Элен ташқи дунёдан буткул айро яшаб, ёввойилашиб кетганди ҳисоб. Шу боис янги энаганинг биринчи вазифаси ҳуркак қизнинг ишончига кириш бўлди.

Энн қизалоққа тактил алфавитни ўргатди, яъни унинг кафтига ҳарфларни ёзар, улардан сўз ясарди. Элен жуда қобилиятли ўқувчи чиқди. Лекин бир нарсада муаммо пайдо бўлди. У сўзлар билан ташқи оламдаги, предмет ва ҳодисаларни боғлай олишга жуда қийналарди.

1887 йилнинг баҳори... Теварак-атрофнинг гўзаллиги, мафтункор кўклам ифоридан бебаҳра қизалоқ сув ҳавзаси олдида сайр қилиб юрарди. Шўрлик на бу гўзалликни кўрсин, на сувнинг ажиб шивирлашини эшитсин. Бироқ, кўнгли ниманидир ҳис қилиб тургандай юрак хаприқиб кетди. У аста эгилди-да, ариқда жилдираб оқаётган сувни қўллари билан оҳиста пайпаслади. Не ҳолки, қизалоқ қўлини майин силаб, ювиб ўтган нарсани ҳис қилди илк бора. Бу ўша, Энн хоним кафтида ёзиб ўргатган сўзнинг ифодаси... Ҳа бу сув эди. Бир соат ўтиб-ўтмай Элен шу тариқа ўттизга яқин сўзни ўрганиб олди. Шу куни у қайтадан дунёга келгандек бўлди гўё.

Ўқиш-ўрганиш, савод чиқариш ишқи Эленга ҳеч тинчлик бермасди. Яқиндагина қайсар, на одоби, на ахлоқи бўлган арзанда қиз энди илм олиш ишқида ёнди. Дастлаб, у кўзи ожизлар учун мўлжалланган махсус китобларни ўқишни ўрганди, сўнгра фикр-мулоҳазаларини намоён этиш мақсадида машинкада ёзиш машқини ҳам олди. Ундан кейин отга миниш ва сузишни яхшигина уддалайдиган бўлди. Велосипед, каноэ ва елканли кема орқали сайр қила оладиган, сузишни, шахмат ўйнашни ўзлаштириб олган Элен ушбу машғулотлардан завқ ола билди. Келлер хонимнинг ўзи ҳақида ёзганларини ўқиб, ҳайратланмай иложингиз йўқ. "Ёмғирли об-ҳаво мени уйда ушлаб қолганида бирор кийим тўқиш, баъзида шахмат ёки шашка ўйнаш жону-дилим. Каноэни ҳам яхши кўраман. Айниқса, тунда, кўкда порлаб турган ой нурида сайр қилишни хуш кўришимни айтсам эҳтимол куларсиз... ". Эътибор беринг-а, бу сўзлар кўзи ожиз, қулоғи кар ва тил-забонсиз инсонга тааллуқли.

18 ёшга етиб, қачонлардир ўз она тилида сўзлашиш тугул, битта ҳарфни талаффуз қилолмайдиган соқов қиз интилишлари эвазига лотин, юнон, француз ва немис тилларини ўрганди. Бу жараёнга у осонликча эришгани йўқ. Суҳбатдошининг оғиз ҳаракатидан гаплари маъносини уқиб олишни ўзлаштириш мобайнида сўзлашишни ҳам ўрганиши учун Эленга кўп вақт керак бўлди. Бироқ не машаққатлар билан ўрганган унинг ярим-юлуқ сўзларини оила аъзоларидан бўлак ҳеч ким тушунмасди.

Элен 1888 йили Перкинс кўзи ожизлар мактабида таълим олишни бошлайди. 1894 йили эса энагаси Энн билан бирга Нью-Йоркка кўчиб кетади ва бу ердаги Райт-Хюмансоннинг карлар мактабига қатнайди.

Орадан 4 йил ўтгач, улар Массачусетсга қайтишади. Энди Элен Кембриж қизлар мактабида таҳсил олади. Не бахтки, 1900 йили у Рэдклифф коллежига кириш учун рухсатномага эга бўлди. Марк Твеннинг илтимосига биноан ўша даврнинг машҳур бизнесмени Генри Рожес ва унинг рафиқаси Эленнинг ушбу нуфузли таълим муассасасида ўқиши учун маблағ масаласида ёрдамини аямадилар. Шунингдек, бу саховатли инсонлар ногирон қизни ойлик стипендия билан таъминлаб туришди. 1904 йил, 24 ёшли Келлер хоним Рэдклиффни имтиёзли диплом билан битирди. Унинг номи дунёдаги энг биринчи олий маълумотли кўр, кар ва соқов инсон сифатида тарихга муҳрланди.

Элен Келлер тақдири ғоят мураккаб, ҳаёти синов ва машаққатлардан иборат эди. Лекин нутқ ва эшитишдан мосуво бўлса-да, яшаш ва ижод қилишга иштиёқини атрофидаги инсонларга юқтириш қобилияти кучли эди унда. Унинг атрофида дўстлари кўпайди. Эленга Марк Твен сингари машҳур инсонлар талпиниб яшаганлар. Машҳур ёзувчи у ҳақда шундай деган: "Элен Келлер - Цезар, Македонский, Наполеон, Гомер, Шекспир ва бошқа кўплаб барҳаёт сиймолар гуруҳига мансуб буюк инсон. Бундан 1000 йил ўтиб ҳам бугунгидек машҳур бўлиб қолади".

Еттита китобнинг муаллифи - Элен Келлер ёзган мақолалари ва асарлари билан ўзи сингари ногиронларга жуда катта асқотган. "Ҳаётимнинг ҳикояси" китоби классик асарлар қаторидан жой эгаллади, 50 дан ортиқ тилларга ўгирилди. 1953 йилда Элен Келлер ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильм ишланди ва ушбу фильм "Оскар" мукофотини қўлга киритди. Америка кўзи ожизлар жамиятида фаолият юритгани боис дунёнинг жуда кўплаб давлатларини кезиб чиқди.

1964 йили АҚШ президенти Линдон Жонсон бу буюк аёлни Американинг олий мукофотларидан бири "Ҳуррият" медали билан тақдирлади.

Элен Келллер табаррук 88 ёшига тўлишига атиги 26 кун қолганида бу дунёни тарк этади. Элен хоним жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай у эришган марралар афсонавий мувафаққиятга айланди.

Инсон тушкунликка тушиб, дунё кўзига тор кўриниб кетганида Элен Келлернинг мана бу сўзларини эслашлари кифоя: "Агар бахтнинг бир эшиги ёпилса, иккинчи эшиги очилади, фақат ўша бизга ёпилган эшикка қараб тураверамизда, очиқ эшикни пайқамай қоламиз"...

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди