Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 30.05.2012

ҲИКОЯ

ҒАФЛАТ

Узоқ уйқудан уйғондим.

Бирданига атрофдаги борлиқни тўла идрок қила олмадим. Чунки, уйқусираш ҳали батамом танамни озод қилмаган, ҳамон уйқу ва ором ичида тентираб юрардим. Бирдан хаёлимга китобларим келди. Шундоққина ётоғим орқасидаги токчада қатор қилиб терилган китоблар, бетартиб, айқаш-уйқаш бўлиб ётган дафтарлари...

Ўзимга энг керакли, яъни мен янги ижод намуналаримни ёзаётган қоғозларни олдим. Ҳа-я, дарвоқе, яшириб қўйган бир бебаҳо бойлигим ҳам бор. Уни ҳозирча айтмайман, айта олмайман, тўғрироғи. Бу - менинг сирим. Ҳали, пайти келиб уни ошкор қиламан, албатта. Бир қадам нарида уйқу ва туш, бир қадам берида ҳаёт ва борлиқ, ўртада эса муаллақ қотган руҳим ва хаёлларим...

***

...Мана, мен энди ҳамма ёзаётганларимни, тўғри деб ҳисоблай бошладим. Доимо ўзимни ҳақман, деб айтаман. Соҳибам, ниҳоят, ўзига келди, ишонч ва ғурур тожини кийди, яхшиликка кийди. Айтганча, соҳибаси ўзи ким, деб ўйлаётгандирсиз? Аслида унинг тилаги, истаги нима экан? Тузукроқ англаши учун тафаккур коиноти торлик қилмасмикин?

Қўлларимда тутган қалам ёзишдан тўхтайди. Ҳа, уни жуда қийнаб юбордим. У дастлаб бегуноҳ бўлса-да, лекин кейин бир талай хатолар қилди, бағридан отилиб чиқаётган қора сиёҳ билан оқкўнгил қоғоз кўксини кир қилди. Шундоққина дардини жар солиб, айтиб қўя қолмади. Яширин, ҳа, жуда сирли қилиб айтди. Қоғоз қатларига муҳрлади нолаларини. Ҳолбуки, уни ҳар бир кутган дил тинглаши, воқиф бўлиши мумкин эди!

Демак, мен мудом ўзимни ҳақман, дея ҳисобласам-да, ёзаётганларимни ҳақиқатдан иборат, деб ўйласам-да, юрагимдаги сирли овоз шодон янграмас экан.

...Йўқ! Унинг қувончи керак менга! Унинг бахтиёрлигини кўриш учун бошқа кўз юммайман, уйқу узоқлашади, жуда узоқларга кетади.

***

Саёҳат аслида менга унча хуш келмайди. Осудалик шайдосиман. Тўғри, руҳ ва қалбимда пўртаналар, шиддатли жанглар кўп кечса-да, зоҳиран тинч гўшаларни севаман. Шошиб ўтаётган кунларни ҳисоблайман. Таажубланаман. Шу кунлар сингари шошиб кетаётган, шошиб яшаётган одамларни кузатаман. Бир умр тирикликнинг майда ва улкан ташвишларига ҳукм этилган тақдирларга гувоҳ бўлиб, яна ўз оламим сари кириб келаман. Тасодифан бир пайтлар яшириб қўйган хазинамни топиб оламан. Севинаман, ҳаммага, бу шошқалоқ кунларга ҳам, анави югуриб кетаётган одамларга ҳам кўрсатиб мақтангим келади. Аммо мени эшитмайдилар. Чунки ҳаммалари банд.

Хазинам - ногаҳон топиб олганим эса эсимдан чиқиб кетган одамийлик, меҳр-мурувват ҳақидаги мўъжаз китоб эди.

Осудалик жонимга тегади. Қушдай потирлаб, қанот чиқариб бу уйимдан чиқиб кетгим келади, қўлимдаги китоб битикларидай яхшилик, нур тимсоли бўлиб шошиб яшаётган одамлар орасида яшагим келади. Қўлимдаги маънавий бойлик билан бирга яшаш бирам фарахлики! Мен бу бойлик билан жуда олис саёҳатга чиқаман. У ҳеч қачон мени ташлаб кетмайди. У тагунмас бойлик. Уни қўлларимда тутиб яшайман.

***

Китобларим орасига кўмилганман. Баъзан, ижодда, ҳатто, саёзлашиб кетгандай бўламан. Саҳифалар қатига тафаккур куртакларимни яшириб бораман. Бир-бир тартиб билан жойлайман. Бир куни улар менга асқотиши мумкинлигини ўйлаб, енгил тортаман. Орзуларим оламига шўнғийман.

...Ногаҳон деразамдан учиб кирган капалак хаёлимни бузади. Майин қанотлари билан имлаб ёнига чақиради. Кўзларим ёниб, унга яқинлашмоқчи бўламан. Наҳотки, мени излаб кирди? Мени яхши кўради у? Мени танлабди? "Мени... мени..."

Энди ушлай деганимда, қанотларидаги муҳрни кўриб, жойимга михланиб қоламан. "Яхшилик". Қанотларига шундай битик ёзилганди.

Аста ундан узоқлашаман. Йўқ, дераза пардасини суриб, унинг чиқиб кетишига йўл очаман. Уни бошқа кўнгиллар ҳам севишини, ўзга кўзлар ҳам уни кўриб қувончдан ёнишини, боғдаги гуллар у билан бахтиёр бўлишларини истай бошлайман.

Хонамга кириб қолган меҳрибон капалакча менга ўзимдан бошқаларни ҳам эслатиш, ҳаёт ўз йўлида давом этаётанлигидан дарак бериш учун кирганлигини англаб етаман.

(Давоми бор).

ШАҲНОЗА - Қандилат ЮСУПОВА.

Пахтаобод тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди