Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 07.06.2012

МУЛОҲАЗА

ҚАРИНДОШДАН ҚИЗ ОЛМАНГ

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда жорий йилнинг "Мустаҳкам оила йили" деб эълон қилинишида теран мазмун бор. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, "Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарор" бўлади.

"Мустаҳкам оила йили" Давлат дастурида "Соғлом она - соғлом фарзанд" тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Бунинг учун биринчи галда насл бенуқсон бўлиши керак. Насл бенуқсонлиги ҳақида фикр юритишдан олдин оғриқ нуқталаримиздан бири бўлган қариндошлардан қиз олиш билан боғлиқ бўлган айрим кўнгилсизликлар ҳақида тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.

Ногиронлик уйларида бўлганмисиз? У ердаги майиб-мажруҳ гўдакларни кўриб қалбингиз ларзага тушганми? Икки қўли йўқ чақалоқ, олти ёшга кирса ҳам хумдай бошини тутолмаётган болакайга, ўзи ширингина, лекин бир қўли, бир оёғи орқа томонида жонсиз осилиб турган қизалоққа ич-ичингиздан ачиниб қараганмисиз? Бу ногирон гўдаклар айрим қариндошларнинг "Қўйнидан тўкилса, қўнжига" қабилида иш тутиб, бир-бири билан қудачилик қилганликларининг аянчли оқибати эканлигини биласизми?

Келинг, фикрларимизнинг исботи учун мисоллар келтирайлик. Вилоятимиз туманларидан бирида яшовчи Зиёевлар оиласининг икки нафар фарзанди бор. Тўнғич ўғли йигит ёшига етди ҳамки, ақли кирди-чиқди. Ҳатто 3-4 ёшли болачалик фикр юритолмайди. Овқатини оғзига солиб қўйишса ҳам ютолмайди. Турли "ғу-ғу", "ду-ду"га ўхшаган овоз чиқаради, холос. Зиёевларнинг бу боласини олиб бормаган жойи, кўрсатмаган шифокори қолмади. Лекин мана, 15 йилдирки, ҳеч қандай ижобий натижа йўқ.

Оиланинг иккинчи фарзанди попукдеккина қизча. Лекин у бояқишнинг ҳар иккала қўлининг панжалари йўқ. Қизалоқ тумтоқ қўллари билан нималарнидир ушлашга ҳаракат қилади. Афсуски, бунинг иложи йўқ.

Бу кўнгилсизликлар опа-сингилларнинг қуда тутингани оқибатидир. Опаси Зироатхон синглиси Салтанатхонга: "Менга шу қизингни берасан, бўлмаса сендай синглим йўқ", деб қаттиқ туриб олди. Оқибатда тўнғич набиралари ногирон туғилганда опа-сингиллар ўртасидан анча гап қочди. Қанча дилсиёҳликлар бўлди. Кўзёшлар тўкилди. "Иккинчиси бундай бўлмас" дейишган эди...

Яна бир воқеа ҳам кишида маҳзун таассуротлар уйғотади. Саодатхон ая "ўзимники" деб акаси билан қуда тутинди. Бошида бўлажак келин-куёв қаршилик қилишди. Боиси, улар бир девор қўшни бўлиб яшашгани учун болалар гоҳ Саодатхон аяникида, гоҳ Ғуломиддин акаларникида ётиб қолишарди. Шундай қилиб, бирга катта бўлган қиз-йигитни мажбурлаб унаштиришди. Дабдабали тўй ҳам бўлиб ўтди. Орадан бир йил ўтгач, бир қўли йўқ, лаблари йиртиқ бола туғилди. Орзулаган набирасини бу ҳолатда туғилганини эшитган Саодатхон ая тўнини тескари кийиб, "Менга ногирон боланинг кераги йўқ, ногиронлар уйига топши-ринглар", деб туриб олди. Ҳатто, келини ва набирасини кўриш учун туғруқхонага ҳам бормади. Аммо келин ва унинг оиласи мажруҳ боладан воз кечишмади. Унинг лабини жарроҳлик орқали тузатишди. Ҳозир болакай махсус мактаб-интернатда тарбияланяпти. Чунки унинг қулоқлари ҳам яхши эшитмайди. Икки ўртада ака-сингил ва қариндошларнинг бегона бўлгани қолди. Саодатхон ая ўғлини бошқа аёлга уйлантирди. Беихтиёр, "Нега у бошида шундай қарорга келмади экан? Балки қариндошлар бегонага айланишмаган ва бир бегуноҳ гўдак ногирон бўлиб туғилмаган бўлармиди?", деган фикрлар хаёлимизга келади.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласида Қўрғонтепа тумани бош имом хатиби Муҳаммаджон Абдуллаев шундай деди:

- Энг аввало, никоҳнинг муқаддаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Динимизда яқин қариндошлар ўртасида оила қуришлик тақиқланади. Уларнинг никоҳлари буюрилмайди, яъни, бир онани эмган эмикдошлар, ака-ука, опа-сингил, эгизакларнинг ўзаро қудачилик қилишлари мумкин эмаслиги баён этилган. Тўғри, қадимдан қариндошлар ўртасида қиз олиш, бериш одати бор. Бу одат ногирон фарзанд-лар туғилиши билан боғлиқ кўнгилсизликларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Айрим қариндошлар ўртасидаги фарзандлар бенуқсон туғилади. Шунда одамлар "Мана, қариндошга қуда бўлган эдим. Ҳеч нарса бўлмади-ку", дейишади. Бу нотўғри. Чунки биринчи авлод соғлом бўлса, бу ҳолат иккинчи авлодда такрорланиши мумкин.

Яхшиси, авлодим соғлом, бақувват бўлсин десангиз, қариндошлар билан қуда тутинмаганингиз маъқул. Қолаверса, бегона кишилар билан қуда тутиниш туфайли янги танишлар, янги қариндошлар орттирасиз. Ўртадан меҳр-оқибат кўтарилмайди.

Олий тоифали шифокор Қундузхон Исмоилованинг таъкидлашича, бугунгача 2000 дан ортиқ касалликнинг наслдан- наслга ўтиш қонуниятлари ўрганилган бўлиб, одамдаги мавжуд белгиларгина эмас, балки ҳид билиш, таъм сезиш, эшитиш, кўриш каби ҳислатлар, айрим касалликларга мойиллик, шунингдек, истеъдод борасида ирсиятнинг роли катталиги исботланган.

Айтиш жоизки, болалардаги туғма нуқсонлар сабабини асосан одам ирсиятида рўй берадиган ўзгаришлардан излаш керак. Чунки одам ирсиятининг ўзгариши, кўплаб ирсий нуқсонларнинг юзага чиқишига ёки янги нуқсонларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Натижада одамнинг генлари ҳам ўзгаради.

Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашдай эзгу ниятда қуда бўлиш оқибатида она ёки ота томонидан авлоддан-авлодга яширин ҳолда касаллик белгилари ўтиш хавфи ортади. Бола нимжон ва касалманд туғилиши ҳоллари тез-тез учраб туради. Бефарзандлик сабабларини таҳлил қилиш ҳам кўп ҳолларда яқин қариндошлар орасидаги никоҳларнинг оқибати эканлигини кўрсатади.

Тўғри, қариндошлик никоҳлардан туғилган болалар орасида соғломлари ҳам жуда кўп. Лекин касаллик белгилари уларнинг фарзандларига, невара-чевараларига ўтиши кузатилади.

Суҳбатдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларидан кўриниб турибдики, қариндошдан қиз олиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Шундай экан, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари, ФҲДЁ бўлимлари томонидан, айниқса, янги оила қуриш остонасида турган ёшларга қариндошдан қиз олиш қандай фожиаларга олиб келиши мумкинлигини тушунтириш лозим. Зеро, туғма ирсий касалликларни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхши. Соғлом, бақувват, бенуқсон фарзанд ва авлодлар кўришни истасангиз, қариндошдан қиз олманг!

Ҳабиба АБДУРАЗЗОҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди