Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№29 дан: 05.07.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

Турсуной СОДИҚОВА

БОР БЎЛСИН ҚЎШНИЛАР!

Қўшни - ҳаёт неъматларидан энг азизидир. Ҳамма олифтагарчилик ва каландимоғликни бошқага қилайлик, аммо қўшнига эгилайлик, хасислигимизни кимга қилсак ҳам, қўшнига ҳамиша ҳимматда бўлайлик, торлигимиз кимгадир ўтар, аммо қўшнига кенглик ва яна кенглик жоиз.

Сабаби, айланиб-ўргилиб бизнинг ҳамма ишимиз шуларга тушади: тўй қилсак, қўшниларга дастурхон солмагунингча тўй ҳисобланмайди. Охирги кунда дув йиғлаб, видо дуоингизни ўқийдиганлар ҳам шулар. Ҳар бир ису чироғда "омин" деб, ўтганларимиз руҳини шод қиладиган ҳам қўшни. Яхши-ёмон кунларда ҳимоямизга ўтадиган, гувоҳлик берадиган, Худо кўрсатмасин, ўт балоси, сув балосидан-да ҳимоячи - қўшнилардир.

Обрў-эътиборимиз гарчи жаҳон айланади, гарчи бизни ою юлдузлар ошно сайлайди, чўққиларни забт этамиз - лочинлар сафдошимиз бўлади, аммо кунлардан бир куни қанотларимиз толиққан, хорғин ҳолатда кулбамизга қайтамиз. Дарвозамизни биринчи тақиллатадиган, атрофимизни дарҳол ўраб оладиган ҳам шу қўшнилар. Ота-онамизни кўриб қолганлар - улар. Асраб-авайлаган фарзандларимизнинг ҳар бир қадамини кузатиб борувчи, бизнинг таржимаи ҳолимизни ёддан билувчилар - шулардир. Қўшнига беписанд бўлсангиз ва унинг иссиқ-совуғига бош қўшмасангиз, ғариб бўлишингиз шу, кимсасиз оролда ёлғиз қолган одам кўйига тушасиз.

Менинг онам, бебаҳо онам, бадавлатлик нима эканлигини билмай ўтган онажоним қўшниларга кўрсатган оқибати билан бойвачча ойимлардан ортиқроқ қадр топган эди. Тошкентда яшаганимизда қўни-қўшни ичида энг камтарин тутум бизникида бўлсада, уйимиздан одам аримасди. Бир ис чиқарадиган бўлсак, энг гавжум эҳсон бизникида бўларди. Кечки қозон-товоғини йиғиштиргач, қўшни аёллар кун, кунора бизнинг сандал атрофида тўпланишар, ярим тунгача ҳангома қилишарди, онам гурунгларга ўт қалайдиган, кўнгилларнинг тафтини оладиган ажиб дилкаш эди.

Қўшнилар ичида Зайнабхон исмли татар, Вера исмли ўрис аёллар билан эгачи-сингил тутинганди. Вера опанинг икки ёшли боласи дафъатан бошдан-оёқ ярага чўмилиб қолди. Она нури дийдасини ушлашга журъат қилолмай бўзлаб турарди, ўша пайт онам гўдакни даст олиб этагига солиб, кафтлари билан дори чаплар экан, унга таскин бергани эсимда. Кўпинча Вера опанинг ҳали у, ҳали бу боласини уйимизда, ўзи билан бирга олиб ётарди. Онам чевар эди, ҳар чопон сотганида, ночорликлар ичра ҳам шу болаларга бир нарса совға қилмай қолмасди.

Андижондаги маҳалламиз хусусида ҳар бор ўйлаганда юрагимда бамисоли баҳор бошланади. Онам қўшнилари билан жигарбанддай эди. Айтадиган сўзи, соғинадиган нарсаси, чигалларини ёзадиган малҳами ҳам ўшалар эди. Худонинг берган куни онамнинг ўзи бажарадиган мажбурий юмуши бўларди: фалончи беморни кўриш, пистончиникига кўрпа қавиққа ҳашар, фалончига фотиҳа, анави ёш қўшни ёнидаги ёши улуғ аёлга номаъқул гап айтиб қўйибди - чиқиб қулоғини чўзиб қўйиш керак ва ҳоказо... Шу феъллари онамни ардоқли қилди, мен табарругимни бир эсласам, қўшнилар икки бора хотирлашади.

Мени доимий чорлаб, имлаб турадиган ширин илинжлардан энг улуғи ўша қўшнилар муҳаббатидир. Инсоннинг дастлабки Ватани - маҳалла, қўшнилар дастлабки ватандошларидир.

Маҳаллада ким қазо қилса, ўша ҳовли ўпирилгандай, бир бино қулагандай юрагинг увишаверади. Саодатхон исмли онамнинг ўртоғи бўлар эди. Ўзи камбағалгина, аммо шунақа очиқ, беғубор, киришимли эдики, унинг ҳовлиси маҳалланинг юраги эди, қайси аёл йўқолиб қолса, шу ердан топиларди. Тўй-маърака қиладиган бўлсак, биздан кўра шу ая хушёр турарди: саҳарлаб чиқарди, "қани, нима қиляпсизлар, ошпаз айтилганми, қассобга хабар берилганми, нечта нон ёптирасиз", - дея ҳаммани оёққа турғазарди.

(Давоми бор).


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди