Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 12.07.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

Турсуной СОДИҚОВА

БОР БЎЛСИН ҚЎШНИЛАР!

(Давоми. Боши ўтган сонда).

Кечқурунлари яна чиқар, қилган ишларимизни баҳолаб, рағбат берар, эсдан чиққанларини эслатарди...

Ҳар гал ишдан қайтаётсам Саодатхон ая гоҳ у, гоҳ бу ҳовлидан чиқиб келаётган бўларди. "Ҳа, ая?" десангиз, "отамдан қолган маҳаллани текшириб чиқаяпман, шукр, ҳамма ёқ осойишталик экан", деб ҳазил қиларди. Бир йил бўлди, шу ая оламдан ўтди. Мана, бир йилдирки, маҳаллани ёритиб турадиган нур сўнди, фаришта кетди. Мен онамга қандай куйсам, бу аёлга ҳам шундай куйдим...

Унинг қадди-қомати пастаккинайди, аммо назаримда, маҳаллада энг баланд, ҳаммага кўриниб турадиган ҳам шу аёл эди. У кетди-ю, барча уй-уйига сингиб кетди. Бировнинг кўз ёргани-ю, бировнинг беморлигини фалон вақт ўтгандан кейин биладиган бўлдик. Саодатхон ая бўлса эди, бизни бундай ғофиллик босмас эди, деймиз ҳаммамиз. Битта яхши қўшнининг ўрнини қаранг! Сиз унинг жанозасини кўрсангиз эди, бамисоли хайит намозига йиғилгандек одам тўпланди. Келганки, ҳамма бўзлаб киряпти. Ана қадр, ана элнинг ризолиги-ю, раҳмати!

Бошингдаги ғавғолар кўпайган сари, айниқса, ота-онангдан кейин, қўшниларга суяниб бораверар экансан. Қандай яхшия, уларнинг борлиги!

Куни кеча яна бир қўшнимиз - онамнинг ўртоғи Эъзозхон холанинг қазо қилганини эшитдим, юрагимнинг яна бир нозик тори узилди...

Мени Тошкентга хизматга чақиришди. Йўлга чиқадиган бўлдиму, шу ерда "қаёққа кетяпсан" дейдиган онамнинг йўқлиги билинди. Чунонан ҳам билиндики, ҳовуримни босмоқ учун онам суйган уч-тўрт қўшни аялар билан хайрлашгани чиқдим. Кўз ёш қилишди, қоврилибгина дуо беришди. Эъзозхон холамни ўшанда топмадим, меҳмонга кетган экан. Кейин эшитиб роса йиғлаб, кетганимдан норози бўлибди. Йигирма кунлар ўтказиб бордим. Холанинг ўзи кўришгани чиқди. Рўмолининг учи билан оғзини маҳкам босиб турар, кўзлари жиққа ёш, бошини тинмай сарак-сарак қиларди. Елкамга бошини қўйди-ю, "нега кетдинг, болам, нега? Онангнинг ҳиди келарди сендан. Онангдан айрилувдим, энди ҳидидан ҳам айирибсан-да", деганча силкиниб-силкиниб йиғларди. Холам узоқ гаплашиб ўтирди, қўйнига бир нарсалар солиб чиққан экан, менга илинди. Чиқиб кетаётиб "Тезроқ қайтгин, болам. Бугун борман, эртага Худо билади", деди синиққина. Мана, онамдай меҳрибон қўшни аёл йўқликка кетди... Аллоҳ раҳматига олсин.

"Отингни сот, молингни сот - қўшнига ёқ", дерди онам раҳматли. Мен қўшнилар учун дурустроқ иш қилганимни эсламайман. Аммо Аллоҳдан ҳамиша дастимни узун қилишини, шу дилбар қўшниларимга катта меҳрибончиликлар қилишимга қодир этишини астойдил тилаб юраман...

Дарвоқе, ораларингизда кимдир менинг қўшниларим сизники каби эмас деяётганга ўхшайди. Хўш, биродар, менга айтинг-чи, ўзингиз уларга қандайсиз? Уларга тилингиз билан нима бердингиз? Дилингиз, қўлингиз билан-чи? Бировдан ҳиммат кутишдан ва гина қилишдан аввал, ўзингиздан уларга кетган мурувватни сарҳисоб қилинг. Онам "Берган эшикка қарайди, бермаган тешикка", деган гапни бот-бот қайтарарди. Экканингизни оласиз. Ҳазрати Бобурда ҳам ширин бир гап бор. "Бизни соғинганларни соғининг", дейди. Меҳр аввал сиздан бўлсин. Шундоққина қўл солсангиз бўлди - тилингиз ширин каломга, дилингиз муҳаббатга тўлиб ётибди. Сочинг уларни, ҳамма ёқ чарақлаб кетсин!


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди