Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 12.07.2012

КАНЦЛЕР ХОНИМНИНГ ЮРИШИ

Асли касби кимё соҳаси бўйича олима, немис сиёсатчиси Ангела Доротей Меркел Германия тарихидаги биринчи канцлер аёлдир. Дунёга машҳур бу хонимнинг сиёсат майдонида олиб бораётган ишлари кўпчиликка яхши таниш. Кунда-кунора оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилаётган фаолиятига доир турфа янгилик ва хабарлардан воқифмиз. Аммо унинг шахсий ҳаёти, қизиқишлари ҳануз кадр ортида қолиб кетаётган мавзу...

БОЛАЛИКДАН ОЛИМЛИККА ҚАДАР...

Ангела 1957 йили Гамбург шаҳрининг Хорст ва Герлинда Каснерлар хонадонида дунёга келган. Отаси Гейдельберг ва Гамбург университетида ўқитувчи бўлган, онаси лотин ва инглиз тиллари бўйича муаллима эди. Отасидан унга қатъият ва омилкорлик, онасидан эса самимият ва босиқлик мерос ўтган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг аксарият немислар совет иттиқофи таъсиридаги ГДРдан ғарб таъсиридаги ГФРга кўчиб ўтишга интилса, бу хонадон аксинча шарққа кетади.

Педагоглар оиласида туғилгани учун унга ота-онаси таълим-тарбия беришга катта эътибор қаратди. Ангела бошланғич таълимни Брандденбург ҳудуди Темплин шаҳридаги техникага ихтисослашган мактабда олди. Рус тили ва математика фанларини пухта ўзлаштирди. У 14 ёшида Москвада бўлиб ўтган рус тили бўйича фан олимпиадасининг финал босқичида иштирок этгани ҳам бежиз эмас эди. Аввал мактабни аъло баҳолар билан, кейин Лейпциг университетининг физика факультетини тамомлади.

Талабалик йиллари у Улрих Меркел исмли йигит билан танишиб қолди. 1977 йилда икки ёшнинг ҳаёт йўллари никоҳ ришталари билан боғланди. Каснер фамилиясини Меркелга ўзгартирди. Лекин бу жуфтликнинг беш йиллик осуда оилавий риштаси фарзандсизлик ва ўзаро тушунмовчилик туфайли узилади.

Меркел 1978-1989 йилларда Германия фанлар академияси ҳузуридаги Физика кимёси марказий институтида фаолият юритди. Бир қатор илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб борган ёш олима 1986 йили бу ерда докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди.

СИЁСИЙ ЛИДЕРЛИК ОСОН ИШ ЭМАС

Маркел хоним сиёсатга машҳур Берлин деворининг қулашидан сўнг кириб келди. Ўтган асрнинг 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошида Германияда бўлаётган ҳодисалар бутун мамлакатни ларзага солган пайтлар эди... Вазият анча чигаллашган даврда Ангела бир чеккада томошабин бўлиб туришни лозим топмади. У 1989 йили "Демократик уйғониш" ташкилотига аъзо бўлди. Аввал матбуот котиби, кейин ГДРнинг биринчи ва охирги нокоммунистик ҳукумати партиясида шу лавозимни эгаллади. 1990 йил октябрда ГФР матбуот ва ахборот федерал идорасида министр маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Тез орада Меркел христиан демократлар билан бирлашди ва ўша йили Христиан-демократик Иттифоқи томонидан бундестаг депутатлигига сайланди. Бу вақтга келиб икки Германия амалда бирлашган ва сиёсатчилар олдига янги талаб ва вазифалар қўйилаётган эди. Анчайин тиришқоқ ва масала моҳиятини чуқур англайдиган Ангела тез орада Канцлер эътиборига тушди ва ҳукуматга энг ёш аъзо этиб тайинланди.

1991-1994 йилда Хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича федерал вазир лавозимини эгаллади. Шу вақтдан эътиборан амалдаги канцлер Гельмут Колнинг раҳнамолигида сиёсат пиллапояларидан поғонама-поғона кўтарила бошлади.

2005 йили Германия Федератив Республикаси канцлери этиб сайланди. 51 ёшида ГФР тарихида энг биринчи аёл ва энг ёш федерал канцлер бўлди. Яна шуниси, аҳамиятлики, Меркел хоним янги федерал ерларнинг шу лавозимдаги илк раҳбари ва табиий фанлар бўйича илмий маълумотга эга илк федерал канцлер эди. У рус ва инглиз тилларида эркин сўзлашади.

Ангела Меркелнинг канцлерликка сайланишини эндиликда жамиятда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётган кўплаб немис аёллари ўзларининг шахсий муваффақияти, деб қабул қилди. Меркел хоним гўзал ва жозибали аёллар тоифасидан эмас эди. Устига-устак сиёсий шуҳрат чўққисига 50 ёшдан ўтгандан кейин эришди. Бу ҳам кўпчиликнинг кўнглига хотиржамлик бахш этганди. Сиртдан қараганда, Меркел ўрта табақадаги аҳоли вакили ва бу унинг энг сирли жозибаси эди. Бироқ, баъзан-баъзан жаҳли чиққанда келиб қоладиган жиззакилиги, маълум бир ҳолатга тез мослашувчанлиги ва тиришқоқлиги унинг бошқалардан ёрқин ажратиб турадиган сифатларидандир.

Канцерлик фаолиятининг илк давриданоқ Меркел ўз дастурини ишлаб чиқди. Унда федератив тизимни ислоҳ қилиш, бюрократизмга қарши кураш, илмий тадқиқотлар, энергетик сиёсат, бюджет ва молиявий сиёсат, оила мустаҳкамлиги, меҳнат бозори ва соғлиқни сақлаш тизими каби йўналишларига асосий эътиборни қаратган.

Немис халқи канцлер хонимни астойдил қўллаб-қувватлади. Бошқа мамлакатларда ҳам унинг шахси ва фаолиятига эътибор кучайди. Ва орадан тўрт йил ўтиб, у канцлер сифатида қайта сайланди. Ангела Меркел 2006 йилдан то бугунга қадар машҳур "Форбс" ва "Тайм"журналларида дунёнинг нуфузли кишилари рўйхатининг энг биринчи қаториларидан ўрин олиб келмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳам унинг ўзига яраша ўрни ва мавқеи бор. Ўзининг сиёсий фаолиятида кўплаб муаммолар қаторида Европа учун алоҳида конституция жорий қилиниши бўйича шартнома, табиат муҳофазаси, энергетик сиёсат, трансатлантика иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва Қора денгиз ҳудуди, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаётир.

Меркел хонимнинг давлат ва жамият равнақи учун амалга ошираётган ишлари муносиб тақдирланган. "Германия Федератив Республикаси олдидаги хизматлари учун" ва "Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун" катта крестлар нишондори, Европа Иттифоқини ривожлантириш ишига қўшган ҳиссаси учун Буюк Карл номидаги мукофот, "Перу қуёши" Катта крест ордени, Болгариянинг "Стара Планина" орденларига муносиб кўрилган. Шунингдек, 2011 йили эса Озодлик медали нишондори бўлди. Ангела Меркел қатор университетлар фахрий доктори деган шарафли ном соҳибаси ҳамдир.

ОИЛАВИЙ ҲАЁТ - МУҲИМ

1998 йили Ангела кимёгар олим Йоахим Зауэрга турмушга чиқади. Аслида Меркел билан Йоахим Фанлар академиясида ишлаб юришган пайтларида танишган. Гарчи бир соҳанинг вакиллари бўлган бу жуфтликнинг меҳнат фаолияти айро тушган бўлса-да, иккаласи ҳам ўз йўналишлари бўйича фанда муносиб ютуқларга эришди. Йоахимнинг илмий хизматлари рафиқасининг сиёсий муваффақиятларидан асло кам эмас. У ҳам кўзга кўринган олим, кучли фан арбоби. Айрим пайтлари ҳамкасблари жаноб Зауэрни "жаноб Меркел" деб аташади. Шунда ҳам у бу ҳазилни тўғри тушунади ва худди Меркел ҳақиқатда унинг фамилиясидек тутади ўзини. Лекин бу ажойиб жуфтликнинг яқин дўстлари айтишича, оилада Йоахимнинг гапи-гап, дегани-деган. Бу хонадонда эркакнинг масъулияти ва қатъияти устун. У жуда камсуқум кўрингани билан зарурият туғилганда хотиннинг жиловини маҳкам тутадиган одам.

Давлатлараро ва глобал муаммоларнинг ечимини топишда ўз фикри ва сўзига эга сиёсатчи Ангела оилада оддий бека, турмуш ўртоғига садоқатли ва суюмли ёр.

Бу ажойиб оила Берлин марказида яшайди. Лекин улар пойтахтнинг жўшқин ҳаётидан кўра, сокин ва тинч муҳитни афзал кўришади. Меркел хонимнинг таъкидлашича, ҳамма вақт ҳам жўшқин шаҳар ҳаётига тоқат қилолмайди. Шу боис Йоахим билан бирга дам олиш кунлари табиат қўйнида ҳордиқ чиқаради. Яна томорқа ва боғ ишлари, овқат тайёрлаш жону дили. Картошкали ва товуқ шўрва, балиқли таомларни қойиллатиб пиширади. Турли ширинликларни тайёрлашда ҳам унча-бунча бека унга бас кела олмайди.

Ҳаммаси яхши. Фақат дунёнинг бир камлиги уларнинг ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Дунё аро машҳуралик унга Яратганнинг синовими ёки сийлови экани номаълум. Меркел хонимнинг бу турмушидан ҳам фарзанди бўлмади. Ҳа, Яратган унга оналик бахтини насиб этмаганига яраша бошқа тарафдан омад эшикларини очиб қўйгани рост. "Мен ҳам барча аёллар сингари она бўлишни, фарзандимни бағримга босиб эркалатишни жуда истардим, деганди бир сафар куюниб. - Афсус, бу бахт менга насиб этмади. Сиёсат майдонига 35 ёшимда қадам қўйдим. Шундан кейингина бу орзуим армон бўлганига кўникиб кетдим".

На чора, бу дунёда ҳамманинг ҳам армони бўлади, лекин Ангеланинг фаолиятига аксарият аёллар фақат ҳавас билан қарашади.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди