Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 19.07.2012

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Энг улуғ ва фазилатларга бой бўлган ой-Рамазони шариф ҳам кириб келмоқда. Рўза араб тилида "сиём" деб аталиб, бирор нарсадан ўзини тиймоқлик маъносини билдиради. Шариат истилоҳида эса "Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир" дейилган. Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва бошқа рўзани очиб юборадиган нарсалар тушунилади.

Аллоҳга беадад шукурки, диёримиз мусулмонлари мустақиллик шарофати билан ҳар йили Рамазон ойи рўзасини тинчлик-осойишталик, ўзгача завқ ва эркинлик билан адо этиб келмоқдалар. Бу ойда имон-эътиқод билан қилинган дуолар ижобат бўлади. Негаки, ушбу муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилувчининг дуосини қабул қилади. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: "Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннат эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: "Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!", деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур", дейилган. Демак, Рамазони шариф ҳар бир банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда қулай фурсатдир. Бунинг учун эса у муборак ойнинг рўзасини тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхши ишлар қилиб қолиши керак.

Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишимизга ёрдам беради. Зеро, рўза орқали нафс сабрига, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга, Аллоҳга итоат қилишга ўргатади. Барча пайғамбарлар (а.с.) нафс тарбиясида ана шу ибратдан фойдаланганлар. Масалан, Юсуф (а.с.) бутун бир Миср мулкига эга бўлсалар-да, доимо оч юрар эдилар. У зотдан: "Бутун ер хазиналари сизда бўлса-ю, нега оч юрасиз", деб сўралганда, "Тўқ бўлсам очларни эсимдан чиқариб қўйишдан қўрқаман", деб жавоб берган эканлар.

Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли-шафқатли бўлишлигини ҳам ўз ичига олади. Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса, очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган одам, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлар оч-яланғоч, бева-бечора, камбағал-мискинларга хайр-садақа қиладилар.

Маълумки, Исломда, инсонни тоқатидан ташқари ишни бажаришга мажбурлаб бўлмайди. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Ҳанафий мазҳаби уламолари Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шариф маъноларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тоифа кишиларга рўза тутишга узрли эканлигига фатво қиладилар:

- Ўта қари кишилар;

- Ҳомиладор аёллар;

- Эмизикли аёллар;

- Мусофирлар;

- Беморлар;

Очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар. Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиш хавфи эҳтимоли бор киши ҳам рўза тутишда узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки, Аллоҳ таоло "Ва ўзингизни қўлингиз ила ҳалокатга отманг", деган.

- Кўпинча Рамазон ойи бошланишида учрайдиган муаммолардан бири-баъзи одамлар "Биз эҳтиётни қилиб икки кун олдин рўза тутишни бошладик", деб фахрланишади. Аслидай бундан ишлардан Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтарганлар. Абу Ҳурайра (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладики: "Шаъбон ойининг ярмидан сўнг рўза тутманглар". Яна бир ҳадиси муборакда "Рамазон ойини бир ёки икки кун олдин бошлашга одат қилманглар. Бироқ ҳар ойнинг маълум кунларида бошидан ёки охиридан рўза тутишни одат қилиб, доимо шунга амал қилувчилар бундан мустасно", дедилар. Бунда "бир кун ёки икки кун" дейилишидан мақсад шак кунлари рўза тутмаслик кўзда тутилган бўлиб, фақат хос кишилар учун, яъни ойларнинг маълум бир кунларида рўза тутишни ўзларига одат қилганларгагина рухсат этилган. Шунинг учун ҳам бошқалар бундай кишиларнинг амалини кўриб, фарз ва нафл амалларнинг ўрнини алмаштириб қўйиши ёки Рамазон ойи фарзига унда йўқ амални қўшиб юбормасликлари керак. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Янги ой чиққанини кўриб, Рамазон ойи рўзасини бошланглар ва янги ой чиқиши билан Рамазон ойини тамомланглар", деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ барчаларимизга Рамазон ойи фазилатлари ва баракотларидан баҳраманд этсин. Мана шу ой ҳурмати Аллоҳ юртимиз тинчлиги ва ободлигини янада зиёда ва бардавом қилсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳри.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди